Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Мутахассис тушунтиради

Назорат қилинадиган чет эл компаниялари таъсисчилари учун 2022 йил 1 январдан нималар ўзгаради

 

Ўзбекистон резиденти хорижий компания таъсисчиси ҳисобланади ёки шундай бўлишни режалаштирмоқда. Олинган дивидендлардан даромадларга солиқ солишдан ташқари қандай солиқ оқибатлари кутилаётганлигини ДСҚ Солиқ солиш методологияси департаменти бош мутахассиси Раъно АЛИШАЕВА тушунтирди:

 

– 2022 йил 1 январдан бошлаб СКнинг VII боби «Назорат қилинадиган чет эл компанияларининг фойдасига солиқ солиш шартлари ва умумий қоидалари» амалга киритилади (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-м.). Ушбу санадан эътиборан Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари назорат қилинадиган чет эл компанияларининг тақсимланмаган фойдасидан фойда солиғи тўлайди. Юридик шахслар тақсимланмаган фойдани фойда солиғи бўйича, жисмоний шахслар эса – ЖШДС бўйича солиқ базасига киритади (СК 203-м.).

 

Қандай компаниялар назорат қилинадиган чет эл компаниялари тоифасига мансуб бўлади

Солиқ мақсадларида назорат қилинадиган чет эл компанияси – бу бир вақтда қуйидаги шартларга жавоб берадиган чет эл юридик шахси:

● у Ўзбекистон солиқ резиденти деб эътироф этилмайди;

● Ўзбекистон солиқ резидентлари унинг назорат қилувчи шахслари ҳисобланади.

Шунингдек, назорат қилувчи шахслари Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этиладиган юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси ҳам назорат қилинадиган чет эл компанияси деб эътироф этилади (СК 39-м.).

 

Қандай ҳолларда чет эл компаниялари Ўзбекистоннинг солиқ резиденти деб эътироф этилади

Назорат қилинадиган чет эл компанияси тўғрисидаги қонунчилик пайдо бўлиши билан чет эл юридик шахсининг солиқ резидентлиги тушунчаси киритилди. Бунгача мавжуд бўлган миллий қонунчилик юридик шахслар фақат улар таъсис этилган давлатда солиқ резидентлари бўлиши мумкинлигидан келиб чиққан.

Чет эл юридик шахси Ўзбекистон у бошқариладиган жой ҳисобланса, Ўзбекистон солиқ резиденти деб эътироф этилиши мумкин. Бунинг учун қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига риоя қилиниши керак:

1) чет эл юридик шахсининг ижро этувчи органи ўз фаолиятини ушбу юридик шахсга нисбатан мунтазам равишда Ўзбекистондан туриб амалга оширади. Бунда фаолиятнинг бошқа давлатдагига нисбатан сезиларли даражада кам ҳажмда амалга оширилиши фаолиятни мунтазам равишда амалга ошириш деб эътироф этилмайди;

2) чет эл компаниясининг мансабдор шахслари компанияни раҳбарлик асосида бошқаришни асосан Ўзбекистонда амалга оширади. Бунда раҳбарлик асосида бошқариш жумласига, хусусан, ушбу чет эл компаниясининг жорий фаолиятига доир бўлган, бошқарувнинг ижро органлари ваколатларига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш киради (CК 33, 34-м.).

 

Ушбу қоидалар СКнинг 34-моддасида батафсил келтирилган.

Солиқ солишда хато қилмаслик учун, сизнинг компаниянгиз Ўзбекистоннинг солиқ резиденти деб эътироф этилиши мумкинлигини олдиндан таҳлил қилинг.

 

Қандай шартларда Ўзбекистон резиденти чет эл компаниясини назорат қилувчи шахс деб эътироф этилади

Солиқ солиш мақсадларида чет эл компаниясини назорат қилувчи шахс – бу чет эл компаниясидаги иштироки улуши:

2023 йил 1 январгача – 50%дан кўпроқни (Қонуннинг 6-м.):

2023 йил 1 январдан:

● 25%дан кўпроқни;

ёки

● 10%дан кўпроқни, агар барча Ўзбекистон солиқ резидентларининг ушбу компаниядаги улуши ­50%дан ортиқ бўлса, ташкил этадиган Ўзбекистон солиқ резиденти (юридик ёки жисмоний шахс) (СК 40-м.; Қонуннинг 6-м.).

Чет эл компаниясида иштирок этиш улуши СКнинг 38 ва 40-моддаларига мувофиқ аниқланади.

Бунда чет эл компанияси устидан назорат қилиш соф фойдани (даромадни) тақсимлашга нисбатан компания томонидан қабул қилинадиган қарорларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш ёки таъсир кўрсатиш имкониятини назарда тутади.

Ўзбекистон солиқ резидентлари солиқ органларини:

● ўзининг чет эл юридик шахсларида иштироки (юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасини таъсис этиш) тўғрисида;

● улар назорат қилувчи шахс ҳисобланадиган назорат қилинадиган чет эл компаниялари ҳақида хабардор қилиши шарт (СК 209-м.).

 

Солиқ солишдан озод қилиш

Назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойдаси, агар ушбу компанияга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, солиқ солишдан озод қилинади:

1) бу – олинган фойдани таъсисчилар ёки бошқа шахслар ўртасида тақсимламайдиган нотижорат ташкилоти бўлса;

2) бу – актив чет эл компанияси ёки актив чет эл холдинг компанияси (СК 205-м.) ва унинг доимий жойлашган жойи давлати (ҳудуди) офшор юрисдикциялар рўйхатига киритилмаган бўлса;

3) унинг учун молиявий ҳисобот тузиладиган давр якунлари бўйича солиқ солишнинг самарали ставкаси камида 15%ни ташкил этса (СК 207-м., 337-м. 12-б.);

4) бу – банк ёки суғурта ташкилоти бўлса.

Бунда 3 ва 4-бандлар бўйича фойдага солиқ солинмайди, агар компаниянинг доимий жойлашган жойи Ўзбекистон билан солиқ солиш масалалари бўйича халқаро шартномага эга давлат (ҳудуд) ҳисобланса (СК 204-м.).

 

МИСОЛ. Ўзбекистон резиденти 50% иштирок этиш улуши билан чет эл компаниясининг таъсисчиси бўлиш истагини билдирди  

Агар резидент, 50% иштирок этиш улуши билан чет эл компанияси таъсисчиси (асосчиси) сифатида солиқ солиш учун санаб ўтилган шартларга жавоб берса, 2023 йил 1 январдан бошлаб унга 2 та асосий мажбурият юклатилади:

солиқ органини назорат қилинадиган чет эл компаниясининг мавжудлиги (рўйхатдан ўтказилганлиги) ҳақида хабардор қилиш;

тақсимланмаган фойдадан солиқлар тўлаш.

Прочитано: 67 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика