Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Бухгалтерга тавсиялар

Жисмоний шахсларнинг қайси даромадлари жами даромадга киритилмайди ва иш берувчининг фаолияти билан боғлиқ эмас

 

Жисмоний шахслар томонидан олинадиган алоҳида турдаги даромадлар жами даромад таркибига киритилмайди ва ЖШДС ҳамда ижтимоий солиққа тортилмайди. Демак, улар ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботларда ҳам акс эттирилмайди. 

 

Тўлов манбаидан келиб чиққан ҳолда бундай даромадларни шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин: иш берувчи билан боғлиқ бўлган ва боғлиқ бўлмаган даромадларга. Иш берувчининг қайси харажатлари ходимнинг даромади ҳисобланмаслиги тўғрисида тўлиқ.

Солиқ солиш мақсадларида ва иш берувчининг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган жисмоний шахснинг жами даромадлари таркибига кирмайдиган даромадлар гуруҳига, жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадлари киради (СК 369-м. 1-қ.):

1. Пул мукофоти ва давлат мукофотлари билан тақдирланган ёки Президент ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан уларни олган шахсларга эсдалик совғаларининг қиймати.

Давлат мукофоти билан тақдирланган шахслар белгиланган миқдорда бирйўла тўланадиган пул мукофотларини олади (Низом, 4.03.2021 й. 120-сон ВМҚга илова).

2. Донорлик учун пул мукофотлари, шунингдек тиббиёт муассасаларининг ходимлари томонидан қон олганлик учун олинадиган суммалар.

3. Алиментлар.

Бу ерда олинган алиментлар назарда тутилмоқда (ОК 96-147-м.). Масалан, бола таъминоти мақсадида олинган алиментлар аёл учун солиқ солиш мақсадларида даромад ҳисобланмайди ва жами даромади таркибига киритилмайди.

4. Суғурта товони.

Суғурта товони, суғурта ташкилотлари томонидан шартномада белгиланган ҳолатлар содир бўлганда тўлаб берилади. Масалан, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасида иш жойида жароҳат олган ходимга, ходимда касб касаллиги пайдо бўлиши ва ҳоказо ҳолатларда суғурта товонини тўлаш назарда тутилиши мумкин.

5. Белгиланган миқдорларда ва тартибда тўланадиган стипендиялар.

 

Қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тартибда ўқув муассасалари томонидан тўланадиган стипендиялар жами даромад таркибига киритилмайди. Агар стипендия ташкилот томонидан тўланса, масалан, ОТМга ўқишга юборилган ходимга, бундай тўловлар жами даромад таркибига ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш сифатида киритилади ҳамда ЖШДС ва ижтимоий солиққа тортилади (СК 374-м. 13-б.).

 

6. Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловлари.

Уй-жой-коммунал хизматлари ҳақи бўйича компенсация тўланадиган шахслар рўйхати, шунингдек уларни тўлашнинг тартиби ва муддатлари Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низом билан белгиланган (АВ рўйхат рақами 2175-сон, 30.12.2010 й.).

 

Агар ташкилот ходимнинг уй-жой-коммунал харажатларини қоплаб берса, унда у жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади ва унга ЖШДС солинади (СК 376-м. 1-қ. 1-б.).

 

7. Давлат пенсиялари, қонун ҳужжатларида белгиланган нафақалар, бундан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш бўйича нафақа) мустасно.

Корхона маблағлари ҳисобидан тўланадиган нафақалар:

● ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси (МК 286-м.).

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бутун таътил даври учун бирйўла тўланади.

Нафақа миқдори ишга қабул қилинган кундан бошлаб ҳақиқатда ишлаган вақтига ёки 12 ойдан ортиқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайта тиклашига боғлиқ ва қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

а) ўртача ойлик иш ҳақининг 75% миқдорида – агар ишга қабул қилинган кундан 12 ойдан кам муддат ишланган бўлса;

б) ўртача ойлик иш ҳақининг 100% миқдорида – агар ишга қабул қилинган кундан 12 ойдан ортиқ муддат ишланган бўлса (27.12.2016 й. ПҚ-2699-сон, 23-б.);

● 2 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун нафақа (Низом, АВ рўйхат рақами 1113, 14.03.2002 й.).

2021 йилнинг 1 сентябридан ушбу нафақа миқдори МҲЭКМнинг 60%ни ёки 493 200 (822 000 х 60%) сўмни ташкил этади (16.06.1994 й. ПФ-871-сон Фармоннинг 3-б., 11.08.2021 й. ПФ-6277-сон Фармонга 1-илова таҳририда).

● дафн этиш учун нафақа.

Ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда ташкилот дафн учун нафақа тўлаши мумкин (Низом 4-бўлим, 14.06.2011 й. 174-сон ВМҚга 1-илова.).

8. Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари, улар бўйича фоизли даромадлар, шунингдек жамғариб бориладиган пенсия тўловлари.

9. Ўзини ўзи банд қилганларнинг меҳнат фаолияти натижасида олган даромадлари.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолияти Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади (23.12.2020 й. 806-сон ВМҚга 1-илова).

Ташкилот ўзини ўзи банд қилган шахсларни ФҲТ шартнома асосида бир марталик хизматлар ёки бир марталик ишларни бажариши учун ёллаши мумкин.

Ўзини ўзи банда қилган шахслар даромадларига солиқ солиш муаммоларини бартараф этиш учун, ундан ўзини банд қилиш сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини олинг. Бу унинг даромадларидан ЖШДС ушланмаслиги ва уларни солиқ ҳисоботига киритилмаслик учун асос бўлади.

10. Ўзбекистон ва Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан чиқарилган халқаро облигациялар бўйича даромадлар.

 

Умид ҲАМРОЕВ,

Молия вазирлиги бўлим бошлиғи.

Дилором САИДОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 362 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика