Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 41 / Саломатлик бурчаги

Халқ табобати вируснинг тожини синдирадими?

 

Бугунги кунда дунё мамлакатлари аҳолисининг табиий, арзон ва хавфсиз халқ табобати усуллари ва дори воситаларига қизиқиши ортиб бормоқда.

Мўътадил иқлимга эга мамлакатимизда эса бу борада кенг имкониятлар мавжуд. Қолаверса, табиий ҳолда ўсадиган ўзига хос доривор гиёҳларимиз борлиги, диёримизда буюк табиблар ўтгани ва улардан улкан маънавий мерос қолганини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Шу кунларда дунёни хавотирда ушлаб турган пандемия шароитида кўплаб олимлар унга қарши вакцина тайёрлаш ҳаракатида изланмоқда, ўз таклифларини беришмоқда. Зеро, тождор вирусга даво топиш шу кунларда ҳамма учун муҳим иш бўлиб турибди.

Ўзбекистон халқ табобати академияси раҳбари Меҳри НУРУЗОВА билан юртимизда мавжуд шифобахш гиёҳлардан COVID-19 ни даволашда керакли дори ёки вакцина ишлаб чиқариш, бунга кимлар даъвогарлик қилаётгани, ўпкани шамоллаш ва касалликлардан асраш учун нималарга эътибор бериш борасида суҳбатлашдик. 

 

– Табобат кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ, аксинча минг йиллардан буён мавжуд, – дейди Меҳри Нурузова. – Тўғри, 1924 йилда табобатчиликни тубдан йўқотиш ҳақидаги қарор билан бу борадаги ҳамма нарсага тақиқ қўйилган эди. Яқин йиллар ичида бу борадаги қарашлар тубдан ўзгарди, халқнинг бойлиги ўзига қайтарилди. Ўтган алломаларнинг мероси қайта тикланди.

Аммо, тан олиб айтиш керакки, халқимиз орасида табобатда саводсизлик кучли. Табобат асосини билмаган инсонлар 2-3 гиёҳни бир-бирига қўшиб, коронавирусга ва бошқа касалликларга дори топдим деб, академияга келади. Олим сифатида айтмоқчиманки, пандемия бутун дунё ўрганаётган янги офат. Уни ҳали очиқ, ошкора таниб олганимиз, билганимиз йўқ. Демак, тиббиёт илмидан бехабар одам унга даво топдим деса, шубҳали кўринади.

Пандемия шароитида биз доир воситаси билан эмас, балки иммун тизимимизни ошириш билан жавоб бера оламиз. Бунинг учун инсоннинг мия, юрак ва жигарига эътибор қаратиб, дорилар тайёрлашимиз керак. Юқори нафас, ўпка касалланганда уни даволовчи, мижозни қиздирувчи йиғмалар йиққанмиз. У 80 фоизгача зарарланган ўпкани даволайди.

Бугунги кунда вирус туфайли ўлим ҳолатлари иккинчи ёндош касалларнинг кўпайганидан келиб чиқмоқда. Айниқса, қандли диабет, қон босими ошиши кабилар бу борада анча хавфли.

 

– Гиёҳлардан дори тайёрлангани борасида айтиб ўтдингиз. Биз Чорсу ёки бошқа бозорларга борсак, турли гиёҳларни кўрамиз. Айтайлик, биз уларни ёйма бозордан олсак, ўтларни хусусиятига зарар етган бўлмайдими?

– Биз ўрмон хўжалиги билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шу боис доривор ўтларни оладиган жойларимиз аниқ. Доришуносларимиз яхши билади, йўл ёқасида ўсган ўсимлик қанчалик зарарланишини. Шу боис ўтларни қаердан олингани, қаерда ўсганини аниқлаш керак. Ҳовлида ўсгани билан йўл ёқасида ўсган ўсимлик таркиби бир-биридан фарқ қилади.

Кўп хорижий давлатларда бўлганман. Тўғри, Эрон, Хитойда доривор ўтларни баққоллар бозорда қоплаб сотади. Чунки, бу давлатларда плантациялар мавжуд. Ундаги ўсимликлар таркибини илмий институтлар текшириб туради. Биз ҳали бу даражага етиб келмадик.

 

– Тўғри айтасиз. Бундан ташқари Ибн Синонинг асарлари ва бошқа тиббиёт китобларида гиёҳларни қуритиш тартиби, уни териб олиш муддатлари ҳақида алоҳида тушунтиришлар берилади...

– Албатта, табобат жуда катта фан. Баъзи ўтлар борки, эрталаб териб олиш керак. Яъни шабнам тушган ёки тушмаган вақт ҳам бунда ҳисобга олинади. Шу боис ўтларнинг доривор хусусиятларини сақлаб қолишда унинг қачон терилгани, қандай қуритилгани жуда муҳим. Ҳар бир ўтнинг таркиби бу ҳолатга жуда боғлиқ. Акс ҳолда унинг қуруқ чўпдан фарқи қолмайди.

Ҳозирда кун совий бошлади. Бу вақтда мижозни иситадиган ўтлардан фойдаланиш керак. Бунда уларнинг миқдорига эътибор бериш керак. Мисол учун, асални бир чой қошиқ ичиш ёки ялаш мумкин.

 

– Пандемияни совуқда янада авж олиши мумкинлиги айтилмоқда. Ана шундай совуқ кунларда соғлигимизни сақлаш учун нималарга эътибор қилишимиз керак? Иссиқ мижозли маҳсулотлар деганда нималарни назарда тутдингиз?

– Асал, қорамурч, зира иссиқлик ҳисобланади. улардан доим фойдаланамиз. Зира таомга нафақат таъм беради, балки овқатнинг иссиқлигини оширади. Ошқозон ости безини қиздириб, ҳазмни кучайтиради.

Инсон ўзининг мижозига қараб, керакли овқатни истеъмол қилса, ўзини ўзи ҳимоя қилган бўлади. Мисол учун, пиёзнинг бир неча тури бор. Қизил, оқ ва жайдари пиёз. Уларнинг ҳар бирининг ўз хусусиятлари бор. Мисол учун, қизил пиёзнинг ҳиди унча кучли эмас, уни хом еган маъқул. Саримсоқпиёзни салатларга солсак, ўзимизга фойда. Занжабил ҳам оммалашди. Уни овқатга солиш мумкин. Юпқа кесиб, еб турилса, оғиз бўшлиғини ҳидини яхшилайди, ҳазмни кучайтиради, мижозни қиздиради.

Юртимизни жаннатмонанд деб бежизга айтишмайди. Эътибор қилсангиз, баҳорда қулупнайдан бошлаб, кузда малинаю, хурмо, беҳи билан йилни тугатамиз.

Ҳозир анор пишди. У жуда фойдали, ундаги витаминлар ҳеч қаерда йўқ. Анжир ўпканинг дўсти, йўталда балғамни тез пиширади. Шолғом ҳам шундай, жуда фойдали.

 Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман: «Нодон табиб – жаллоднинг шогирдидур; жаллод тиғи билан, табиб эса заҳри билан ўлдирур, у золим ва зулм қилувчидур. Жаллод нодон табибдан афзалдур. У ҳукм этилганларни ўлдирур, табиб эса айбсиз, гуноҳсизларни ўлдирур».

Прочитано: 539 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика