МЧЖнинг ягона муассиси бўлган жисмоний шахс корхонани ихтиёрий тугатяпти. Устав фонди – 500 000 сўм. Тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтида молиявий натижа сал-бий – 58 000 000 сўм зарарга эга. Омборда 75 000 000 сўмлик материаллар мавжуд.
Муассисга 75 000 000 сўмлик материаллар қолдиғини бериш мумкинми ва мазкур операциянинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
– Ихтиёрий тугатиш чоғида Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низом (Президентнинг 27.04. 2007 йилдаги ПҚ-630-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) ва «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) амал қилиш керак.
Кўрсатилган Қонуннинг 3-моддасига кўра масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
Низомнинг 23-банди билан пул суммаларини кредиторларга тўлашнинг қуйидаги навбатлилиги белгиланган:
биринчи навбатда – фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган, алиментларни ундиришга ва муаллифлик шартномалари бўйича пул тўловларига доир талабларини, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарар учун корхона тегишли вақтбай тўловларни соқит қилиш йўли билан жавоб берадиган талабларини қондириш;
иккинчи навбатда – бюджетга, давлат мақсадли жамғармаларига ва бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига тўловлар;
учинчи навбатда – бошқа кредиторларнинг талаблари.
Шу тариқа, барча кредиторларнинг талаблари қондирилганидан кейин сиз омборда қолган материаллар ва бошқа мол-мулкни муассисга беришингиз мумкин (Низомга 1-илова «Молия-хўжалик фаолиятини амалга ошираётган корхоналарни ихтиёрий тугатиш схемаси»га қаралсин).
Солиқ оқибатлари мазкур мате-риалларни реализация қилиш чоғидаги оқибатларга ўхшаган бўлади – агар берилаётган материаллар 1000-гуруҳ ҳисобварақларида ҳисобга олинса, Солиқ кодексининг 132, 133 ва 355-моддаларига кўра, ягона солиқ тўлови солинадиган тушумга уларнинг чиқиб кетишидан фойда киритилади.