Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 30 / Қонунбузарликлар фош этилди

Оғуфурушларнинг йўли тўсилди

Давлат божхона қўмитаси республикамизнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда гиёҳванд моддаларнинг мамлакатимиз ҳудудида қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирларни кўрмоқда. Бу борада трансмиллий наркогуруҳларнинг қонунга зид фаолиятига чек қўйиш, контрабанда йўлларини ёпиш бўйича махсус комплекс тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

 

«Тошкент-Аэро» ИБК Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар давомида бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди.
Кўр кўрни қоронғуда топади, деганлари бежиз эмас. Олмалиқлик А.Тўхтабоев, қўқонлик З.Сулейманов ва бўкалик Ш.Қўқонбоевларни ҳам айнан қинғир мақсадлар «бирлаштирди»: у уюшган гуруҳ Олмалиқ шаҳрида гиёҳванд моддаларнинг ўзаро олди-сотдисини амалга ошираётган пайтда фош қилинди. Натижада А.Тўхтабоевнинг ёнидан 1 литрлик банкага жойланган, З.Сулеймановнинг чўнтагидан эса 3 дона гугурт қутиларига жойланган гиёҳванд моддалар топилди. Шунингдек, олинган маълумотлар асосида Ш.Қўқонбоевнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам қопга яширилган гиёҳванд моддалар борлиги аниқланди.
Экспертиза хулосасига кўра, бу фуқаролардан олинган гиёҳванд моддалар марихуана эканлиги аниқланди ва унинг соф оғирлиги салкам 4 кг ни ташкил қилди.
Эндигина 25 баҳорни қаршилаган ургутлик А.Дониёров ҳам тирикчиликнинг жирканч йўлини танлади. Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида А.Дониёров салкам 2 кг опий гиёҳванд моддасини 8 минг АҚШ долларига сотиш мақсадида олиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Тожикистондан мамлакатимиз орқали транзит тарзида Туркманистонга йўл олган юк поезди «Қудуқли» темир йўл бекатида божхона кўригидан ўтказилганда, хизмат итлари кўмагида вагонлардан бирининг кўз илғамас бўшлиқларига 5 дона ўрамлар моҳирлик билан яширилганлиги аниқланди. Натижада 3 кг 250 грамм героин кўзланган манзилига ета олмади.
Полиэтилен қоп ортиб олган, бир қўлида эса оддий целлофан пакет билан пиёда кетаётган сариосиёлик Ҳ.Ўриновда бир қарашда эътиборни ўзига тортадиган ҳеч қандай жиҳат йўқдек эди. Аммо кутилмаганда рўпарасида пайдо бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларини кўриб қолгач, унинг ранги докадек оқариб кетди. Олинган маълумотлар эса ўз тасдиғини топди: холислар иштирокида ўтказилган тезкор тадбир давомида пиёданинг қоп ва пакетига 13 дона ўрамларда жами 17 кг 225 грамм гашиш гиёҳванд моддаси жойланганлиги аниқланди.
Амударёнинг Музробод тумани ҳудудидаги қирғоқларида ўтказилган тезкор тадбирда эса республикамизга яширинча кириб келишга уринган афғонистонлик Б.Мўминнинг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Қарангки, кутилмаган «меҳмон» қуруқ қўл билан келмабди: у 3,3 кг дан ортиқ опий ва 2 кг кўкнори гиёҳванд моддалари билан бирга 1 дона тўппонча, 2 та граната ва 7 дона ўқларни ҳам яширинча олиб киришга уринган экан.
Жайхуннинг Ангор туманидаги қирғоқларида бўй чўзган қамишзорлар номаълум кимсаларга асқотгани йўқ. Яъни қамишзорлар орасига беркитилган 4 дона синтетик қоплардаги гиёҳванд моддалар божхоначи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг синчков назарига тушиб қолди. Натижада қўшни давлатдан яширинча олиб кирилган 17,5 кг опийнинг ўз вақтида йўли тўсилди.
Қўлбола қайиқда яширинча Амударёдан сузиб ўтиб, республикамизга киришга уринган афғонистонлик фуқарони қирғоқнинг бу томонида мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари вакиллари «кутиб олишди». Қайиққа ортилган 22 кг дан ортиқ опий ва героин сабабли энди «меҳмон»нинг юртимизда узоқ қолиб кетишига тўғри келади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона суриштируви ва текширув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярми мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 101 та қонунбузарлик ҳолатида 143,5 кг гиёҳванд моддаларнинг олиб ўтилишига чек қўйилган.

Материалларни Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати катта инспектори Ҳусен ТАНГРИЕВ тайёрлади.

Прочитано: 2025 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика