Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 30 / Солиқ солиш

Товарлар экспорти: муҳим нарса ҳақида мухтасар

МЧЖ (ЯСТ тўловчиси) улгуржи савдони амалга оширишга лицензия олган (ХХТУТ бўйича коди – 71150). Бизда қуйидаги саволлар пайдо бўлди:
1. Компания қурилиш материаллари ва гипс экспортига чет эллик харидорлар билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эгами? Товарларнинг қандай турлари экспорт учун тақиқланган?
2. Экспорт битимларини амалга ошириш учун қандай ҳужжатлар (лицензиялар, рухсатномалар) талаб қилинади?
3. Юқорида кўрсатилган товарлар экспортининг натижалари бўйича солиқ солишга доир ҳисоб-китоблар (имтиёзлар ёки солиқларнинг ставкалар бўйича кўпайиши) ва ДСИга ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ўзгарадими?
4. Келиб тушган чет эл валюта тушумини мажбурий сотиш бўйича имтиёзлар мавжудми? Қандай операциялар чоғида ушбу имтиёзларни қўллаш мумкин?

МЧЖ директори.
Тошкент шаҳри.


– 1. Экспорт қилиниши тақиқланган предмет ва маҳсулотларнинг рўйхати Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) 4-иловада келтирилган. Унда қурилиш материаллари ва гипс кўрсатилмаган, бинобарин, корхона хорижий компаниялар билан мазкур товарлар экспортига шартномалар туза олади.
Экспорт контрактлари олиб чиқилаётган товарлар турлари, олиб чиқиш мақсади ва бошқа омилларга боғлиқ ҳолда қуйидаги ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилиши (ҳисобга қўйилиши) керак:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (бундан кейин – ТИАИСВ). ТИАИСВда товарларнинг муайян гуруҳини етказиб беришни назарда тутадиган экспорт контрактларигина рўйхатдан ўтказилади. Булар – Вазирлар Маҳкамасининг 31.03.1998 йилдаги 137-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган товарлар ҳамда ЎзР ҳукуматининг қарорлари, ҳукуматлараро битимлар асосида тузилган контрактлар бўйича олиб чиқиладиган товарлар. Бунда биржа савдоларида тузилган ва биржада рўйхатдан ўтказиладиган товарлар экспортига доир контрактлар, шунингдек ўзлари ишлаб чиқарган товарлар экспортига (бундан лицензияланадиган товарлар экспорти мустасно) доир контрактлар ТИАИСВда рўйхатдан ўтказилмайди;
корхона томонидан чет эл валютасида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи очилган ваколатли банкда. Ваколатли банкда қуйидагилардан ташқари барча контрактлар рўйхатдан ўтказилади:
товар-хом ашё биржаларида миллий валюта – сўмда тузилган контрактлар;
хориждаги ўзбек инвестициялари иштирокида корхоналарнинг устав фондини шакллантириш ёки тўлдириш мақсадида товарларни олиб чиқиш билан боғлиқ, шунингдек текинга товарларни етказиб беришга оид битимлар.
Турли банкларда бир нечта валюта ҳисобрақамлари мавжуд бўлганда экспорт контракти экспортчи томонидан танланган фақат битта банкда ҳисобга қўйилади ва, тегишинча, контракт бўйича барча маблағлар контракт ҳисобда турган банкка тўлиқ ҳажмда келиб тушиши керак.
ТИАИСВда рўйхатдан ўтказиладиган экспорт контрактлари улар ТИАИСВда рўйхатдан ўтказилгандан кейингина, республика хом ашё биржаларида чет эл валютасига тузилган экспорт контрактлари эса – улар республика товар-хом ашё биржаларида рўйхатдан ўтказилган ва божхона органларида ҳисобга қўйилгандан кейин ваколатли банкларда ҳисобга қўйилади;
божхона органларида. Экспорт контрактларини Давлат божхона қўмитасининг корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ҳудудий бошқармалари валюта назорати бўлимлари рўйхатдан ўтказадилар. Бунда микрофирма ва кичик корхоналар томонидан тузилган товарлар экспортига (бундан рўйхати Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармони билан тасдиқланган хом ашё товарлари экспорти мустасно) доир контрактлар божхона постларида бевосита товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида рўйхатдан ўтказилиши мумкин (Президентнинг 25.08.2011 йилдаги ПҚ-1604-сон қарори 4-банди; ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 305-сон қарори).
2. Ташқи иқтисодий контрактларни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун зарур ҳужжатлар, шунингдек контрактларни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) муддатлари ва тартиби қуйидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган:
– Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси хўжалик субъектлари томонидан тузиладиган экспорт контрактлари (шартнома ва битимлар)ни рўйхатга олиш ва импорт контрактлари (шартнома ва битимлар)ни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида низом1;
– Ваколатли банкларда экспорт ва бартер контрактларини ҳисобга қўйиш ҳамда улар ижроси устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом2;
– Ўзбекистон Республикаси божхона органларида контрактлар (шартномалар) ва битимларни ҳисобга қўйиш тартиби3;
– «Бир дарча» тамойили бўйича экспортга етказиб беришлар билан боғлиқ тартиботларни амалга ошириш механизми тўғрисида вақтинчалик низом4.
Товарлар экспорт қилинганда уларнинг турларига боғлиқ ҳолда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
мувофиқлик сертификати. Ўзбекистонда экспортга етказиб бериш учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотни сертификатлаштириш ихтиёрий асосда амалга оширилади. Маҳсулот турига (хатар тоифасига) боғлиқ ҳолда маҳсулотни қонун ҳужжатлари ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ сертификатлаштириш қуйидагича ўтказилади:
Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низом5, шунингдек Маҳсулотни сертификатлаштириш қоидалари6 билан белгиланган умумий тартибда;
хабардор қилиш тартибида (хатарнинг тоифаси паст бўлган маҳсулотнинг айрим турларига) – Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини ишлаб чиқарувчи томонидан маълум қилиш тартиби тўғрисида низомга7 мувофиқ. Сертификатланиши хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган маҳсулот турлари Вазирлар Маҳкамасининг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-иловада келтирилган Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхатида белгиланган;
товарнинг келиб чиқиш сертификати – экспорт контракти, олиб кириш мамлакатининг миллий қоидалари ёки Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларида олиб чиқиладиган товарларнинг сертификатланиши назарда тутилган тақдирда. Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини белгилаш бўйича экспертиза ўтказиш ва сертификатни расмийлаштириш тартиби Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг8 V ва VI бўлимлари ҳамда «Бир дарча» тамойили бўйича экспортга етказиб беришлар билан боғлиқ тартиботларни амалга ошириш механизми тўғрисида вақтинчалик низомнинг II бўлими билан, Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармони қоидаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади;
ЎзР ТИАИСВ берган лицензия – Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармонига 1-иловада кўрсатилган ўзига хос товарлар олиб чиқилганда. Мазкур товарлар экспортини лицензиялаш ўзига хос товарларнинг экспорти ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импортини лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга9 мувофиқ амалга оширилади;
ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг экологик сертификатлаштириш органлари ёки «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитацияланган ҳудудий органлар томонидан берилган экологик сертификат – экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар экспорт қилинганда. Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларнинг рўйхати ВМнинг «Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва уларни унинг ҳудудидан олиб чиқишни тартибга солиш тўғрисида» қарорига (19.04.2000 йилдаги 151-сон) 1-иловада келтирилган;
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни олиб чиқишга рухсатномаси. Бундай моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг рўйхатлари ВМнинг 11.11.2005 йилдаги 247-сон қарорида келтирилган. Рухсатнома олиш тартиби Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида низом10 билан белгиланган.
3. Ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган экспорт қилувчи корхоналар учун умумий сотиш ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товарлар, ишлар, хизматлар экспортидаги улушига боғлиқ ҳолда ЯСТ ставкасини пасайтириш тарзида қуйидагича имтиёз белгиланган:
экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда бўлгани-да – белгиланган ставка 30 фоизга камайтирилади;
экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида – белгиланган ставка 2 баравар камайтирилади (Президентнинг 5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон Фармони 1-банди).
Бироқ мазкур имтиёздан фақат ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг экспортчиларигина фойдалана оладилар, қайта сотиш учун харид қилинган товарларни реализация қиладиган корхоналар эса имтиёздан фойдалана олмайдилар.
Имтиёзни қўллаш мақсадида товарларни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларга киритиш тартиби Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидалари11 билан белгиланган.
Қоидаларга кўра ўзи ишлаб чиқарган товар деганда, корхона ўзи томонидан ишлаб чиқариш технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ўзига тегишли бўлган ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулот (жумладан ярим тайёр маҳсулот) тушунилади. Шунингдек белгиланишича, маҳсулот, корхонанинг ўзи ишлаб чиқарган товар ҳисобланадиган ва ушбу корхона томонидан қайта ишлаш учун берилган хом ашёдан ишлаб чиқарилган ҳолларда, ўзи ишлаб чиқарган товар деб:
хом ашё мулкдори учун – қайта ишлаш натижасидан кейин олинган маҳсулот, қайта ишлаш хизматлари учун қайта ишланган маҳсулотнинг бир қисми билан ҳақ тўлаш ҳолларида эса, маҳсулотнинг қайта ишлаганлик учун ҳақ сифатида қайта ишловчи корхона тасарруфида қоладиган қисми чегириб ташланган ҳолдаги маҳсулот;
қайта ишловчи корхона учун – қайта ишлаш хизматлари учун ҳақ сифатида унинг тасарруфида қоладиган маҳсулот ҳисобланади.
Шу тариқа, агар корхонангиз қайта сотиш учун харид қилинган товарларни экспорт қилса, сиз ЯСТ ставкасини пасайтириш тарзидаги имтиёздан фойдалана олмайсиз ва, тегишинча, товарлар экспортидан олинган тушумга умумбелгиланган тартибда, яъни 2013 йилда – 5%лик ставкада ЯСТ солинади. Товарлар экспорти муносабати билан имтиёзлар бўлинганида ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботининг таркиби ўзгармайди.
ҚҚС тўловчи корхоналар учун товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 212-моддаси). Бунда белгиловчи омил бўлиб товарни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш ҳисобланади, яъни ноль даражали ставкани ўз маҳсулотининг экспортчилари ҳам, экспортга қайта сотиш учун харид қилинган товарларни реализация қилувчилар ҳам қўллашлари мумкин. Шу тариқа, агар корхонангиз ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчиси бўлса, товарлар экспортига ноль даражали ставкада солиқ солинади. ҚҚС бўйича ҳисоботда ноль даражали ставкада солиқ солинадиган товарлар экспорти ҚҚС ҳисоб-китобига12 6-илова «Ноль даражали ставкада қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш ҳисоб-китоби»да кўрсатилади.
4. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилувчи корхоналар келиб тушган валюта тушумининг 50%ини мажбурий равишда сотишлари керак (Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг13 10-банди). Бунда микрофирмалар ва кичик корхоналар учун имтиёз назарда тутилган – улар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилганлар (245-сон Тартиб 3-бандининг «е» кичик банди).
Яъни агар бир вақтнинг ўзида икки шарт бажарилса, имтиёз қўлланади:
биринчидан, экспортчи ходимлар сонининг белгиланган мезонларига кўра кичик бизнес субъектларига кирса;
иккинчидан, тушум ўзи ишлаб чиқарган товарлар учун келиб тушса.
Мазкур ҳолда ЯСТнинг имтиёзли ставкасини қўллаш мақсадида бўлганидек, ўзи ишлаб чиқарган товарларни белгилашнинг ўша шартлари қўлланади.
Қайта сотиш учун харид қилинган товарларнинг экспортидан тушум олинганда белгиланган тартибда, яъни тушум транзит валюта ҳисобрақамига келиб тушган кундан бошлаб 5 банк кунидан кечиктирмай тушумнинг 50%ини сотиш амалга оширилади.

Мажбурий сотиладиган сумма юқорида айтилган Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда белгиланди.


1ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 3.07.2006 йилда 1588-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 9.08.2000 йилда 954-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 15.10.1999 йилда 832-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
4ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 305-сон қарори билан тасдиқланган.
5ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган.
6«Ўзстандарт» агентлиги бош директорининг АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1458-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
7ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 3-илова.
8ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 13.08.2010 йилда 2131-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
9ТИАИСВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 422-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
10ВМнинг 11.11.2005 йилдаги 247-сон қарори билан тасдиқланган.
11МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
12МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова.
1329.06.2000 йилдаги 245-сон қарорга 1-илова.

 

Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари
тайёрладилар.

Прочитано: 4990 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика