Ҳинд фармацевтика компаниясининг ваколатхонаси Ўзбекистонда 2004 йилдан аккредитация қилинган бўлиб, фақат Ҳиндистондан унинг Ўзбекистондаги валюта ҳисобрақамига келиб тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Ваколатхона раҳбари – ҳиндистонлик фуқаро учун бирдан-бир иш берувчи бўлиб, Ҳиндистонда жойлашган бош офис ҳисобланади. Раҳбар Ўзбекистонда виза бўйича фаолият юритиб, ЎзР ТИАИСВдаги расмий аккредитациясига асосан Ўзбекистондаги ваколатхона ишига раҳбарлик қилади.
Ваколатхона раҳбари учун иш ҳақи Ҳиндистондаги бош офисда ҳисоблаб ёзилади, у олиши керак бўлган пул маблағлари ваколатхонанинг Ўзбекистондаги валюта ҳисобрақамига ўтказилади.
Агар ваколатхонанинг ўзи унинг иш берувчиси ҳисобланмаса ва унга тегишли бўлган иш ҳақининг ҳеч қандай ҳисоб-китоблари ва ҳисобланмаларини амалга оширмаса, ваколатхона ўзининг раҳбари – Ҳиндистон фуқаросининг иш ҳақига 25% миқдорида ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб ёзиши керакми?
– Хорижий юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари Солиқ кодекси (СК)нинг 305-моддасида ЯИТ тўловчилари сифатида қайд этилганлар. Бунда СКнинг 172-моддасида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар ягона ижтимоий тўловнинг солиқ солиш объектидир (СКнинг 306-моддаси). Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар, шунингдек предмети ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш ҳисобланган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги тузилган шартномалар бўйича жисмоний шахсларга тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади (СКнинг 172-моддаси). Модомики, ваколатхона раҳбари (Ҳиндистон фуқароси) меҳнат шартномасига мувофиқ зиммасига юкланган мажбуриятларни бажарганлиги учун Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олаётган экан, ваколатхонада ЯИТ тўлаш мажбурияти юзага келади.