Корхонамиз ходими 6 ой ишлаганидан сўнг меҳнат таътилига чиқиш ҳақида ариза ёзди. Ходимнинг лавозим маоши – 320 000 сўм, 6 ой учун мукофот – 180 000 сўм, овқатланиш учун дотациялар – 240 000 сўм, тўй муносабати билан моддий ёрдам – 150 000 сўм. Ходимга у билан тузилган меҳнат шартномасига асосан муддати 15 кун бўлган меҳнат таътили берилган.
Бугунги кунда ўтказилаётган ҳужжатли текшириш пайтида солиқ органи ходимлари билан юзага келган муаммони ҳал қилиш мақсадида савол бермоқчимиз: 6 ой ишлаб берган ходимга таътил вақтига ҳақ суммасини қандай формула асосида ҳисоблаш керак, бунда овқатланиш учун берилган дотациялар ҳисобга олинадими? Ушбу ҳолатни солиқ солиш ва бухгалтерияда акс эттириш масалалари бўйича тушунча берсангиз.
Дилобар Сотиболдиева, МЧЖ бухгалтери.
Навоий вилояти.
– Ҳақиқатан ҳам Меҳнат кодексининг 143-моддасига мувофиқ йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади.
Хусусан, ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади (Меҳнат кодексининг 134-моддаси).
Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришда суғурта бадаллари ушланадиган суммалар ҳисобга олинади.
СКнинг 307-моддасига мувофиқ СКнинг 172–175-моддаларида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар ижтимоий суғуртага ажратмалар объекти бўлиб ҳисобланади. Жумладан, 2012 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг 30.12.2011 йилдаги ЎРҚ-313-сон Қонунига асосан овқатланиш ва йўлкира учун қўшимча ҳақлар СК 174-моддаси бўйича компенсация тўловларига киритилган ва эндиликда уларга ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ҳисоблаб келинмоқда. 2012 йилга қадар овқатланиш ва йўлкира учун қўшимча ҳақлар СКнинг 177-моддасига мувофиқ моддий наф тарзидаги даромадларга киритилган ва, тегишинча, уларга ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ҳисобланмаган.
Шунингдек, 2009 йил 1 январдан моддий ёрдам суммалари СК 178-моддаси асосида бошқа даромадларга киритилади ва ижтимоий суғуртага ажратмалар объекти ҳисобланмайди.
Таътил вақтига ҳақ суммасини аниқлаш учун асос қилиб Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган) 1-бандига мувофиқ ҳисобланадиган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи олинади.
Хусусан, таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ўн иккидан бирга (6 ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; 7 ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказолар), ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммани ўндан бирга оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.
Сизнинг ҳолатингизда ўртача ойлик иш ҳақи 390 000 сўмни (320 000 + (180 000 +
240 000) / 6) ташкил этади.
Таътил вақтига ҳақ миқдори 230 315 сўмни (390 000 / 25,4 х 15) ташкил этади.
Бинобарин, таътил вақти учун ҳисобланган ҳақ суммасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиниб, улардан мажбурий суғурта бадаллари ушлаб қолинади ва ягона ижтимоий тўлов ҳисобланади.
2013 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китоби ЎзР Президентининг 25.12.2012 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» ПҚ-1887-сон қарори билан белгиланган ставкалар бўйича амалга оширилади (қарорга 8-илова).
2013 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25%да сақланиб қолди, фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 6% миқдорида белгиланган (ПҚ-1887-сон қарорнинг 3-банди).
Таътил вақтига ҳақ суммаси ходимларга Халқ банки филиалида очилган шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ажратмалар объекти бўлиб ҳисобланади. Таътил вақтига ҳақ суммасининг 1% миқдорида ҳисобланган ажратмалар давлат бюджетига тўланиши керак бўлган жисмоний шахслар даромад солиғи суммасининг камайиши ҳисобига амалга оширилади.
Сизнинг ҳолатингизда корхонангиз ходимига ҳисобланган таътил вақтига ҳақ суммаси корхонанинг давр харажатларига киритилади ва 9410-«Сотиш бўйича харажатлар» ҳисобварағида ҳисобга олинади.
Сиз қайд этган операциялар 21-сон БҲМСга асосан бухгалтерияда қуйидагича акс эттирилади:
Т/р
|
Хўжалик операцияларининг |
Сумма (сўмда) |
21-сон БҲМС бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси |
Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар |
|
дебет |
кредит |
||||
1 |
Таътил вақтига ҳақ ҳисобланди |
230 315 |
9410 |
6710 |
Ариза, буйруқ, бухгалтерия ҳисоб-китоби |
2 |
Даромад солиѓи ушлаб қолинди |
18 425,2
|
6710 |
6410 |
Бухгалтерия ҳисоб-китоби |
3
|
ШЖБПҲ ажратмалар ҳисобланди |
2 303,15 |
6410 |
6530 |
Бухгалтерия ҳисоб-китоби, реестр |
4
|
Фуқароларнинг мажбурий суѓурта бадаллари ушлаб қолинди (6%) |
13 818,9 |
6710 |
6520 |
Бухгалтерия ҳисоб-китоби
|
5 |
Банкдан таътил вақтига маблаѓ олинди |
198 070,9 |
5010 |
5110 |
Чек |
6 |
Таътил вақтига ҳақ тўланди |
198 070,9 |
6710 |
5010 |
Тарқатиш қайдномаси, чиқим ордери |
7 |
Ягона ижтимоий тўлов ҳисобланди (25%) |
57 578,75 |
9410 |
6520 |
Бухгалтерия ҳисоб-китоби |
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.