Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 7 / Устуворликлар

Солиқ-бюджет сиёсати ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади

2013 йилда аввалги йиллардагидек, солиқ-бюджет сиёсати хўжалик субъектлари ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, солиққа тортиш объектларини камайтириш ва яшириш ҳолатларининг олдини олиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада модернизациялаш ва янгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилади. 2012 йил 25 декабрда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек, солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди ва у 2013 йил 1 январдан кучга кирди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари Сарвар ОТАМУРОДОВ ЎзА мухбирига янги қонунчилик ҳужжатларининг асосий қоидалари тўғрисида қуйидагиларни сўзлаб берди:

 

 

– Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган 2013 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ва Давлат бюджети параметрлари мазкур Қонунни тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилди. Ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, «Банкротлик тўғрисида»ги, «Бож тарифи тўғрисида»ги, «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги қонунларга тааллуқлидир. Хусусан, Солиқ кодексининг 50-моддаси ҳамда «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 125-моддаларига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, банкротликка оид тартиб-таомиллар давомида мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек, аввал ҳисобланган ва ундирилмаган тўловлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблаш тўхтатиб турилади. Мазкур меъёр ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган қонунчиликни такомиллаштириш ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган. «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган мол-мулкни божга тортишнинг ягона тартиби жорий қилинмоқда. Мазкур чора-тадбирлар чет эл инвестициялари иштирокидаги ва чет эл инвестициялари иштирокисиз ташкил этилган корхоналар ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мамлакатимиз ҳудудига олиб кириладиган товарларга солиқ солиш шароитларини бирхиллаштиришга хизмат қилади. Ушбу имтиёз чет эл инвесторлари улуши 33 фоиздан кам бўлмаган янги ташкил этилган корхоналар учун икки йил давомида амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни мазмуни ва аҳамиятига кўра, алоҳида гуруҳларга ажратиш мумкин. Жумладан, биринчи гуруҳ Солиқ кодексининг 26 моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан иборат. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар Президентимизнинг юқорида номи келтирилган 2012 йил 18 июлдаги Фармонига мувофиқ тайёрланган бўлиб, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларини ўзгартириш билан боғлиқ. Ушбу киритилган ўзгартишларга мувофиқ, барча солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ ҳисоботини ойма-ой тақдим этиш бекор қилинмоқда. Бу солиқ тўловчилар учун вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Бунда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш муддатлари сақланиб қолганига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

 Солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган иккинчи гуруҳ ўзгартиш ва қўшимчалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг умумий қисмига киритилган. Масалан, Солиқ кодексининг 61-моддасига киритилган ўзгартишлар солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш орқали ундириш учун солиқ қарзининг энг кам миқдорини белгилашни назарда тутади. Мазкур қарздорлик давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда солиқ тўловчининг мулкига мурожаат қилмаган ҳолда амалга оширилади. Ушбу меъёр солиқдан кичик ҳажмдаги қарзи бўлган солиқ тўловчиларнинг харажатларини қисқартириш имконини беради, илгари бу маблағ суд орқали давлат божини тўлаш билан бирга ундирилар эди.

Солиқ кодексининг 123-моддасига киритилган ўзгартиш бунга яна бир мисол бўла олади. У давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят бериш ушбу орган томонидан шикоят бўйича қарор қабул қилингунга қадар шикоят қилинаётган қарорни ёки ҳаракатни ижро этишни, шу жумладан, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришни, шунингдек, молиявий санкциялар қўллашни тўхтатиб туради. Аввал давлат солиқ органларининг қарорлари ижросини тўхтатиб туриш судга шикоят берилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган эди. Мазкур меъёрнинг киритилиши солиқ тўловчиларга солиққа оид низоларни кўриб чиқишда қўшимча кафолатни таъминлайди ва судларда кўриладиган солиқ низоларининг сонини камайтириш имконини беради, бу солиқ тўловчининг судда ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатларини қисқартиришга ҳизмат қилади.

Ўзгартишларнинг яна бир гуруҳи қатор солиқларни тўлашда ягона тартиб-таомилни ўрнатиш, хусусан, барча юридик шахслар учун ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ягона тартибини белгилашни назарда тутади. Балансида ижтимоий инфратузилма объектлари бўлган корхоналар ушбу объектларни сақлаш харажатлари бўйича солиққа тортиладиган базани фақат даромад солиғи бўйича камайтиришни назарда тутади. Бунда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун солиқни камайтириш назарда тутилмайди. Бу хўжалик субъектларининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларини қисқартириш ва ободонлаштириш чора-тадбирларини молиялаштириш манбасини шакллантиришда иштирок этишларига, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.

 Халқаро амалиётга мувофиқлаштириш мақсадида ҳаётни суғурталаш ва қайта суғурталаш шартномалари бўйича берилган суғурта мукофотлари, қайта суғурталовчилар томонидан қопланган суғурта тўловлари ва суғурта захираларининг камайиши суммалари Давлат мақсадли жамғармалари, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни ҳисоблашда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Ўзгартишларнинг сўнгги гуруҳи солиқ қонунчилигининг айрим меъёрларини такомиллаштириш ва уларга аниқлик киритишга йўналтирилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 225-моддасига киритилган ўзгартишлар аниқлаштиришга қаратилган бўлиб, у 222-модда билан мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Унга кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ўзлари олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳисобварақ-фактуралар реестрларини юритишлари керак. 280-моддада «коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар» тушунчасига аниқлик киритилгани мазкур тушунчанинг турлича талқин қилинишининг олдини олади.

Умуман, мазкур Қонун 2013 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳужжат тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш, хусусан, ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, қонунчилик ҳужжатларининг айрим меъёрларини аниқлаштириш имконини беради.

ЎзА.

Прочитано: 3210 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика