Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 7 / Қонунбузарликлар фош этилди

Аввали пинҳон, кейини ошкор!

Хорижга қандай мақсадда бўлишидан қатъи назар, қуруқ ҳамён билан чиқилмаслиги аниқ. Лекин, бу мамлакатимиздаги нақд хорижий валюталарни исталганча олиб чиқиб кетиш мумкин дегани эмас. Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда резидентларга 2 000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валютани олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади. Мазкур тартиблар ҳақидаги эслатмалар барча божхона постларининг баённомаларни тўлдириш устунларига ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзиб қўйилганига қарамай, сафарга отланган юртдошларимиз ва хорижликлар томонидан нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига йўл қўйилаётган ҳолатлар учраб турибди. Бу эса сири фош бўлгач, амалдаги тартиблардан бехабарлигини пеш қиладиган қонунбузарларнинг аслида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниши иш бермаганини англатади.

Яқинда «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди. Дубайга йўл олган пойтахтлик Э.Мавляновнинг 3 500 АҚШ доллари билан «хайрлашишига» тўғри келди. Чунки, у рухсат этилган 2 000 АҚШ долларидан ортиқ нақд валютани яширин йўллар билан олиб чиқишга уринган экан.

Самарқандлик Б.Улугмуродов эса Тель-Авивга парвози олдидан курткасининг чўнтакларида «пайдо бўлиб қолган» 4 300 АҚШ долларини кўриб, «ёқасини ушлади.»

Бухоролик М.Халилованинг 4 700 АҚШ долларини яширинча олиб чиқиб, Истанбулда қандай сарфлаш ҳақидаги ўй-хаёллари ҳам чиппакка чиқди.

«Тошкент-Москва» рейси олдидан божхона назорати чоғида наманганлик Р.Акбаралиев қўл юклари орасига яширилган 5 400 АҚШ доллари ҳақида божхона баённомасида ва оғзаки сўров пайтида маълум қилишни гўёки унутиб қўйибди.

«Ўйчи ўйини ўйлагунича, таваккалчи ишини битиради». Россия Федерацияси пойтахтига йўл олган С.Кравченкога эса ушбу нақл иш бермади. У оз эмас-кўп эмас, 14 минг 900 АҚШ долларини чўнтакларига жойлаганча олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

2012 йилда «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 268 та қонунбузарлик ҳолатларида салкам 907 млн сўм эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати.

Прочитано: 1580 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика