ЯСТ тўловчи МЧЖ (ХХТУТ бўйича коди 71150) даъво муддати тугаётган валютадаги қарз бўйича кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришга доир тушунтириш беришингизни сўрайди.
1. Валюта қарзига доир қарзни фаолият натижаларига ҳисобдан чиқариш учун биздан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
2. Уни ҳисобдан чиқаришга доир операциялар қандай проводкалар билан акс эттирилади (ҳисоб сиёсатида курсдаги фарқ бўйича тўғри усулни қўллаяпмиз)?
3. Қарз кирувчи курс бўйича ҳисобдан чиқариладими ёки уни ҳисобдан чиқариш санасидаги курс бўйичами?
В.Акбарова, бош бухгалтер.
– Белгиланган муддатда сўндирилмаган қарзларни ҳисобдан чиқариш учун дебиторлар ва кредиторлар ҳисобварақлари бўйича ҳисоб-китобларни «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш» 19-сон БҲМС1 билан белгиланган тартибда инвентарлаш керак.
Ҳисоб-китобларни инвентарлаш албатта йиллик молиявий ҳисоботни тузиш олдидан, инвентарлаш ҳисобот йилининг 1 октябргача ўтказилган мол-мулкдан ташқари, ўтказилади. Қўшимча равишда у йил мобайнида исталган бошқа вақтда, агар корхона раҳбари ана шундай қарорни қабул қилган бўлса, ўтказилиши мумкин. Ҳисобот йилидаги инвентарлашлар миқдори, уларни ўтказиш санаси, мол-мулк ва молиявий мажбуриятлар рўйхати раҳбар томонидан белгиланади ва буйруқда қайд этилади, унинг шакли 19-сон БҲМСга 1-иловада келтирилган.
Ҳисоб-китобларни инвентарлаш қуйидаги тартибда ўтказилади. Корхонанинг инвентарлаш комиссияси бирламчи ҳужжатларнинг маълумотлари асосида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида қайд этилган суммаларнинг асослилигини текширади, дебитор ва кредиторлар ҳисобварақлари бўйича қарзларнинг пайдо бўлиши муддатларини, шунингдек даъво этиш муддатларини ўтказиб юборишда айбдор шахсларни аниқлайди (Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра умумий даъво муддати – 3 йил). Ҳисобварақларни текшириш натижалари бўйича харидорлар, мол етказиб берувчилар ва бошқа дебиторлар ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларни инвентарлаш далолатномаси ва 19-сон БҲМСга 16-иловага биноан шаклда маълумотнома расмийлаштирилади. Далолатномада кредиторлик ва дебиторлик қарзи суммалари кўрсатилади. Улардан даъво муддати тугаганлари ажратилади.
Далолатнома ва маълумотнома маълумотларига асосан бухгалтерия умидсиз дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг, яъни суд қарори бўйича мажбуриятларнинг тугатилиши, банкротлик, тугатиш оқибатида ёки даъво муддати тугаши оқибатида сўндирилиши мумкин бўлмаган қарзлар рўйхатини тузади. Уларда ҳар бир дебитор ва кредитор учун қарзни сўндириш нореал деб ҳисобланиши керак бўлган сабаблар кўрсатилади (масалан, кредитор корхонанинг тугатилиши сабабли) Рўйхатлар инвентарлаш комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Унинг хулосасидан кейин даъво муддати тугаган қарз корхона раҳбарининг буйруғига биноан бухгалтерия балансидан ҳисобдан чиқарилади.
21-сон БҲМСда2 кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш учун 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» алоҳида ҳисобварағи назарда тутилган. Бундан ташқари, хорижий валютада олинган ёки ифодаланган қарзни ҳисобдан чиқаришда курс фарқларини ҳисобга олиш ҳисобварақлари фойдаланилади: 9540-«Валюталар курслари фарқидан даромадлар» ёки 9620-«Валюталар курслари фарқидан зарарлар» ҳисобварағи.
Валютадаги қарз Марказий банк курси бўйича ҳар ойнинг охирги куни ва хўжалик операцияларини содир этиш санасида қайта баҳоланадиган баланс моддаларига киради («Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» 22-сон БҲМС3 14–15-бандлари).
Қарзни ҳар ойда қайта баҳолаш ва ҳисобдан чиқариш натижасида ижобий ёки салбий курс фарқи юзага келади. Мажбуриятларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари (шу жумладан қарзлар бўйича) пассив ҳисобварақлардир. Умумий қоидага кўра валюталар курси пассив ҳисобварақлар бўйича ўсганда салбий курс фарқи, курс пасайганда ижобий курс фарқи юзага келади. Тўғри усулдан фойдаланилганда олинган салбий курс фарқини 9620-ҳисобварақ дебетига, ижобий курс фарқини 9540-ҳисобварақ кредитига ҳисобдан чиқариш керак.
Кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилганда МБ томонидан ҳисобдан чиқариш санасида (сизнинг ҳолатингизда у операцияни содир этиш санаси деб эътироф этилади) белгиланган курс қўлланади.
МИСОЛ. Корхона 10 минг АҚШ долларлик валюта қарзини олди. Қарз юзага келган ва у ҳисобда акс эттирилган пайтда МБ курси 1 АҚШ доллари учун 1 510,84 сўмни ташкил қилган.
2013 йил январида ўтказилган инвентарлаш натижалари бўйича даъво муддати тугаши муносабати билан қарзни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарз ҳар ойда қайта баҳоланган. 2012 йил 31 декабрда ўтказилган охирги қайта баҳолашда (МБ курси – 1 984 сўм) қарз суммаси сўм эквивалентида 19 840 минг сўмни ташкил қилган.
2013 йил 10 январда раҳбарнинг буйруғи асосида қарз ҳисобдан чиқарилди. МБ курси ушбу санада 1 985,55 сўмни ташкил қилган. Ҳисоб сиёсати бўйича корхона курсдаги фарқлар ҳисобининг тўғри усулини қўллайди.
Бухгалтерия ҳисобида қарзнинг юзага келиши, уни қайта баҳолаш ва ҳисобдан чиқариш қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма |
Ҳисобварақлар корреспонденцияси |
|||
дебет |
кредит |
||||
2009 йил декабрь |
|||||
Валюта қарзи акс эттирилган (10 минг доллар х 1 510,84) |
15 108,4 |
5210 |
6810, 7820 |
||
Ҳар ойда (2009 йил декабрдан 2012 йил декабргача) ойнинг охирги кунига |
|||||
Валюта қарзини қайта баҳолаш акс эттирилган: салбий курс фарқи
ижобий курс фарқи |
|
6810, 7820
9620 |
9540
6810, 7820 |
||
2013 йил 10 январь |
|||||
Қарзни ҳисобдан чиқараётганда юзага келган салбий курс фарқи акс эттирилган (19 855,5 – 19 840) ёки |
15,5 |
9620 |
6810, 7820 |
||
Даъво муддати тугаши муносабати билан валюта қарзи ҳисобдан чиқарилган |
19 855,5 |
6810, 7820 |
9360 |
||
Ҳисобдан чиқарилган кредиторлик қарзи суммаси (19 855,5 минг сўм) корхонанинг бошқа даромадлари таркибига киритилади (СК 132-моддасининг 7-банди), уларга асосий фаолият тури ставкаси бўйича ягона солиқ тўлови солинади. Бундан ташқари, бошқа даромадларга ижобий ва салбий курс фарқлари ўртасидаги сальдо киритилади. Салбий курс фарқи суммаси ижобий курс фарқи суммасидан ортиқ бўлган тақдирда ошиб кетган сумма солиқ солинадиган базани камайтирмайди (СКнинг 355-моддаси).
1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома» (молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2012 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
3Молия вазирининг АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.