Автомобиль транспортида юкларни халқаро миқёсларда ташувчи ташкилот суғурталовчи билан суғурталанувчининг жавобгарлиги бошланиши хатарларини суғурталаш шартномасини тузишга ҳақлими? Унга кўра суғурта объекти бўлиб юклар автомобиль транспортида ташилганда суғурталанувчининг жавобгарлиги, суғурталанувчи бўлиб хатарлар ҳисобланади. Хусусан, қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган юкнинг йўқолганлиги, шикастланганлиги ёки нобуд бўлганлиги; хатолар ва камчиликлар (юкни ваколатсиз шахсга бериш); илова қилинувчи ҳужжатларни йўқотганлик учун фуқаролик жавобгарлиги; божхона тўловларини тўлаганлик учун божхона органлари олдидаги жавобгарлик; суғурталанувчига таклиф этилган, бироқ унга суғурталанмаган хатарларга (маъмурий-ҳуқуқий муносабатлар, божхона муносабатлари билан боғланмаган) нисбатан даъво ишларини юритиш ва суд ҳимояси бўйича мулкий жавобгарлик суғурталаш объекти бўла оладими?
С.Горюнова.
– Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 918-моддасига биноан бошқа шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилиши оқибатида юзага келадиган мажбуриятлар юзасидан жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилдирувчининг ўзининг ёки бундай жавобгарлик юкланиши мумкин бўлган бошқа шахснинг жавобгарлик хавфи суғурталаниши мумкин. Бунда зарар етказганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси, ҳатто шартнома зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлган суғурта қилдирувчи ёки бошқа шахс фойдасига тузилган ёхуд шартномада у кимнинг фойдасига тузилгани кўрсатилмаган тақдирда ҳам, зарар етказилиши мумкин бўлган шахслар (наф олувчилар) фойдасига тузилган деб ҳисобланади.
Зарар етказганлик учун жавобгарлик уни суғурта қилиш мажбурий бўлгани сабабли суғурталанган тақдирда, шунингдек қонунда ёки бундай жавобгарликни суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда суғурта шартномаси ўз фойдасига тузилган деб ҳисобланувчи шахс зарарни суғурта пули доирасида тўлаш тўғрисида бевосита суғурталовчига талаб қўйишга ҳақли.
ФКнинг 916-моддасида суғурталашга йўл қўйилмайдиган манфаатлар белгилаб қўйилган. Ушбу модда билан ғайриқонуний манфаатларни суғурталашга йўл қўйилмайди, суғурта шартномаларининг ушбу қоидага зид бўлган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
Божхона кодексининг 103-моддасига кўра товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда бож, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа божхона йиғимлари тўланади.
Уларни ундириш божхона қоидаларини бузганлик учун санкцияларга кирмайди, тегишлича, уларни тўлаш учун жавобгарликни суғурталаш қонунга зид манфаатларни суғурталашга кирмайди ва суғурталанувчининг мулкий манфаати суғурталанувчи томонидан божхона тўловларини тўлаш муносабати билан қилинган харажатларни қоплашга оид бўлган суғурта шартномаси ҳам амалдаги қонун ҳужжатларига зид эмас.
Шу тариқа, юкларни халқаро миқёсда автомобиль транспортида ташишни амалга оширадиган ташкилот суғурталовчи билан суғурталовчи жавобгарлигининг бошланиш хатарларини суғурталаш шартномасини тузишга ҳақли, бунда суғурталаш объекти бўлиб юкларни автомобиль транспортида ташиш чоғида жавобгарлик хатари, суғурталанган бўлиб юқорида кўрсатилган хатарлар, шу жумладан божхона тўловларини тўлаш учун божхона органлари олдидаги жавобгарлик ҳисобланади. Масала фақат бу ҳол суғурталовчининг манфаатларига қанчалик жавоб беришида қолган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.