Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 18 / Божхона

1-усулни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари

 

Товар қийматини тасдиқловчи барча ҳужжатлар – экспорт декларацияси, СТ-1, инвойс, контракт, юкхат мавжуд.

Якка тартибдаги тадбиркор товарни 1-усул бўйича расмийлаштира оладими?

1-усул бўйича қийматни аниқлаш масалалари қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган? Уларда ЯТТга доир қандай қоидалар бор? 

 

– Божхона қийматини аниқлаш қоидалари Божхона кодексининг 44-боби, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича йўриқнома (АВ томонидан 13.01.1998 йилда 390-сон билан рўйхатдан ўтказилган), Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 14.03.2017 йилда ­2868-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

Мазкур ҳужжатларнинг ҳеч бирида ТИФ иштирокчилари жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган. Импорт қилувчининг мақомидан қатъи назар, божхона қийматини аниқлаш тартиби бир хилдир.

Нима учун кўпинча 1-усулдан фойдаланилади? Биринчидан, бу барча олиб кириладиган товарлар божхона қийматини ҳисоблашнинг асосий (базавий) усули ҳисобланади. Иккинчидан, қоида тариқасида, бу импорт қилувчи учун анчайин фойдали усулдир.

Агар 1-усул қўлланилса, божхона органи биринчи усул бирор-бир сабабга кўра қўлланила олмайди деб ҳисоблаб, кўпинча декларацияланган божхона қиймати билан рози бўлмайди. Бу ҳолда божхона органи товарлар божхона қийматига тузатиш киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Асосий ҳужжатлар

Декларант маълум қиладиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши керак. Божхона қиймати декларациясида (БҚД) кўрсатилган суммалар – сотиб олувчи ҳақиқатда тўлаган ёки тўлаши лозим бўлган суммалар сифатида ҳужжат асосида тасдиқланган бўлиши шарт.

 

Маълумот учун. Тўловлар бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.

 

Божхона қиймати фақат унинг БҚДда кўрсатилган ҳамма элементлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда, 1-усул билан аниқланиши мумкин, шу жумладан:

битим нархи – етказиб берилганга тўланган ҳисоб-фактура (инвойс) орқали;

битим қийматига қўшимча ҳисобланмалар – тўлов ва товарнинг кузатув ҳужжатлари орқали;

ҳисобдан чиқариладиган (чегириладиган) харажатларнинг суммалари – тўлов, товарнинг кузатув ва божхонага доир ҳужжатлар орқали.

1-усул ҳужжатлар асосида тасдиқланмаса қўлланилиши мумкин эмас.

Шунингдек қуйидагилар 1-усулни қўллаш шарти ҳисобланади:

товарнинг у экспорт қилинган мамлакатдан чегара орқали Ўзбекистонга олиб ўтилиши учун асос бўладиган, қийматга доир баҳолаш ёки унинг ҳисоб-китоб усулини ўз ичига олган ташқи савдо шартномаси (контракт);

сотиб олувчидан мана шундай товар ўрнига пуллик ҳисоб-китоблар (тўловлар)нинг қабул қилинган шаклларига мувофиқ тенг келадиган пул суммасини олиш.

 

1-усул ўтмайди

Олиб кириладиган товарнинг битим қиймати бўйича усули (1-усул) олиб кириладиган товарнининг божхона қийматини битим қиймати бўйича, яъни олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, БКнинг 304 ва ­305-моддалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.

1-усул қиймат асосига эга бўлмаган ташқи савдо битимларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

1. Товарнинг бепул етказиб берилиши.

Масалан, сотувчи сотиб олувчига намуна сифатида 5 та креслони етказиб берди. Мазкур ҳолатда олди-сотди шартномаси мавжуд эмас.

2. Товар консигнация шартларида етказиб берилган.

Масалан, етказиб берувчи ўз агентига бир туркум картошка маҳсулотини етказиб берувчи учун қулайроқ шартларда сотиш учун етказиб беради. Ушбу ҳолатда агент картошка маҳсулотини сотиб олмайди, яъни унинг эгасига айланмайди; картошка маҳсулотини сотишдан кўрилган фойдани етказиб берувчи олади (агентга унинг сотишга доир харажатлари ва иш ҳақи тўланиши ҳисобга олинган ҳолда).

3. Товарнинг воситачига сотилмасдан воситачи орқали етказиб берилиши.

Масалан, юридик шахс бўлган компания Бельгияда жойлашган ва Тошкентда ўз номидан фаолият юритмайдиган ўз филиалига эга. Улар ўртасидаги товар етказиб берилиши олди-сотди битими тушунчасига кирмайди.

4. Товарларнинг бартер ёки компенсацион операциялар доирасида етказиб берилиши, агар товарлар нархи кўрсатилмаган бўлса.

5. Товарларнинг ижара шартномалари (лизинг) бўйича етказиб берилиши. Мазкур ҳолатда товарга мулкчилик қилиш ҳуқуқи ижарага берувчидан ижарага олувчига ўтмайди, мулкдор товардан фойдаланганлик ҳуқуқи учун фойданинг бир қисмини олади ва товар муайян вақтдан сўнг унинг эгасига (ижарага берувчига) қайтарилиши мумкин.

6. Товарларнинг вақтинча олиб кириш мақсадида етказиб берилиши.

Масалан, мулкдор (етказиб берувчи) томонидан муайян вақтдан сўнг етказиб берувчига қайтарилиши лозим бўлган машинани истеъмолчига вақтинча олиб кириш шартларида етказиб беради;

7. Товарларнинг контрактда назарда тутилган кафолатлар ҳисобига етказиб берилиши. Етказиб берилган ускуна учун кафолат муддати давомида унинг айрим механизмлари ишдан чиқди. Уларни алмаштириш учун янги деталлар етказиб берилади.

Битимнинг тузилишида, агар баҳоланадиган товарлар қийматини аниқлашга ва бинобарин, битим қийматининг божхона мақсадлари учун қабул қилинишига тўсқинлик қиладиган шартлар битим шартлари сифатида илгари сурилган бўлса, бундай ҳолатда 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас. Қуйидагилар мана шундай шартларга киради:

сотувчи импорт қилинадиган товарларга нархни сотиб олувчи, шунингдек, муайян миқдорлардаги бошқа турдаги товарларни ҳам товарнинг ҳар бир турига нарх кўрсатилмаган ҳолда сотиб олади деган шарт асосида белгилайди.

Масалан, 5 000 пул бирлиги суммасидаги чарм буюмлари етказиб бериляпти. Етказиб берувчи импорт қилувчининг қиймати номаълум бўлган 2 минг жуфт пойабзални ҳам қўшимча равишда сотиб олишини шарт қилиб қўяди;

импорт қилинадиган товарларнинг нархи мана шундай товарлар сотиб олувчининг импорт қилинадиган товарларнинг сотувчисига сотадиган бошқа товарларнинг нархи ёки нархларига боғлиқ бўлади.

Масалан, сотувчи 1 000 пул бирлиги суммасидаги электр товарларини сотяпти. Сотиб олувчи эса ушбу сотувчига бундай товарларни ишлаб чиқариш учун релени сотяпти. Бунда сотувчи реленинг нархини – 10 000 пул бирлиги деган шартни қўяди. Шундай қилиб, электр ускуналари нархи реле нархининг «таъсири остида» бўлади;

нарх импорт қилинадиган товарларга алоқаси бўлмаган ҳақ тўлаш шакли асосида белгиланади.

Масалан, импорт қилинадиган товарлар сотувчи тайёр маҳсулотларнинг муайян миқдорини олиш шарти асосида етказиб берадиган ярим тайёр маҳсулотлардан иборат бўлади. Сотувчи 10 000 пул бирлигига ёғоч-тахта сотаяпти. Сотиб олувчи ёғоч-тахтадан жами 1 000 дона столни ишлаб чиқаради. Сотувчи шарт қўяди: сотиб олувчи ёғоч-тахта учун ҳақ тўлаш ҳисобига 500 та столни етказиб беради, столлар қиймати аниқланмаган;

олди-сотди шартномаси фақат ушбу сотувчидан сотиб олиш шартини назарда тутади;

 

Маълумот учун. Бундай шартлар мавжуд бўлганда уларнинг битим қийматига таъсир этган ёки этмаганлигини ва бундай таъсирни миқдорий жиҳатдан белгилаш мумкин ёхуд мумкин эмаслигини аниқлаш керак бўлади. Фақатгина шартнинг қийматга таъсири миқдорий жиҳатини белгилаш мумкин бўлса ҳамда маълум қилинган нарх ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх бўлсагина, 1-усулни қўллаш мумкин.

Бундай ҳолатда битим шартларини кўриб чиқишда, шунингдек, умум қабул қилинган тусга эга бўлган ва ТИФнинг барча қатнашчиларига тегишли бўладиган (ёки уларга тақдим этилиши мумкин бўлган) етказиб бериш шартларини ва танланган тусдаги ҳамда умум қабул қилинмаган етказиб бериш шартларини фарқлай билиш лозим.

 

Бундан ташқари, 1-усулдан қуйидаги ҳолларда божхона қийматини аниқлаш учун фойдаланилиши мумкин эмас, агар:

сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ёхуд товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар ёки товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар мустасно;

сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);

товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига БКнинг 304-моддасига мувофиқ тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;

товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса;

битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, бундан уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим (БК 306-м.).

 

Қўллаш рухсат этилади

Қуйида эса ташқи иқтисодий фаолиятда мавжуд бўлган, 1-усулнинг қўлланилишига рухсат этадиган товар етказиб беришнинг умум қабул қилинган шартлари келтирилган:

товар етказиб беришларнинг барча умум қабул қилинган шартлари (аввало, Инкотермсга киритилган етказиб бериш шартлари);

битимларни тузиш ва товар етказиб берилишини амалга оширишнинг «экспертни жалб этиш (эксперт хулосаси мавжудлиги) шарти билан харид қилиш», «товарни муайян санагача етказиб бериш шарти билан харид қилиш» сингари умум қабул қилинган шартлари, шунингдек, ташқи савдо операциялари учун умумий бўлиб ҳисобланадиган ва битим нархига таъсир қилмайдиган (товар сонига қараб чегирмалар бериш, мазкур сотувчининг «ишончлилиги» ва ҳ.к.) бошқа шартлар.

Масалан, агар мазкур сотиб олувчига товарни ҳар доим айнан шу сотувчидан сотиб олганлиги учун қийматидан чегирма қилиниши умум қабул қилинган амалиёт деб ҳисобланадиган бўлса, унда бундай чегирма ва бинобарин, битим қиймати эътироф этилиши керак ва 1-усул қўлланилиши лозим;

сотиб олувчининг сотувчига ЎзРда тайёрланган техник топшириқлар ёки чизмаларни тақдим этиш;

сотиб олувчининг у импорт қиладиган товарларнинг сотилишига доир қандайдир ҳаракатларни ўз ҳисобидан (эҳтимол, ҳатто сотувчи билан келишувга кўра) амалга ошириш, масалан, сотиб олувчи ҳақини тўлайдиган реклама бўйича фаолият.

 

Қисман чекловлар

Сотиб олувчининг олиб кириладиган товарларга доир ҳуқуқларига нисбатан муайян чекловлар мавжуд бўлганда 1-усул қўлланилмайди. Аммо 1-усулнинг қўлланилишига имкон бермайдиган чекловларни ва ушбу усулнинг қўлланилишига рухсат бериладиган чекловларни аниқ фарқлай билиш зарур.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ сотиб олувчининг баҳоланаётган товарга доир ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлганда ҳам ушбу усулнинг қўлланилишига рухсат бериладиган чекловларнинг фақат 3 та тури белгиланган:

1. ЎзР қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар. Бунда қуйидаги тарздаги чекловлар назарда тутилади, масалан, муайян товарни импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига нисбатан чекловлар ва ҳоказо. Жумладан, ядровий, кимёвий, заҳарловчи моддалар, гиёҳвандлик моддалари импорти фақат қатъий чекланган доирадаги шахсларга рухсат этилади;

2. Товарлар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар. Бунда товарнинг қайта сотилиши бўйича алоҳида шахслар учун ҳудудий чекловлар назарда тутилади.

Масалан, сотувчи товарни ЎзР ҳудудида ўзининг сотувчиларига сотади ва барча ҳудудни уларнинг ҳар бирида алоҳида сотувчиси бўлган 10 та қисмга бўлади. Бунда сотувчиларнинг ҳар бири товарни фақат муайян ҳудудда сотиши мумкинлиги тўғрисидаги шарт қўйилади;

3. Товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар. Агар нархга жиддий таъсир кўрсатадиган шарт мавжудлиги ҳақида маълум қилинса, унда 1-усулнинг қўлланилиши фақат бундай шарт натижасида нархнинг миқдорий ўзгариши ҳужжатлар асосида белгиланган ҳолдагина мумкин бўлади. Агар нархга миқдорий таъсир қилишни белгилаш ва ҳужжатлар асосида тасдиқлаш мумкин бўлмаса, унда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтиш керак бўлади.

Масалан, сотувчи тиббий жиҳозни сотиб олувчига ундан Ўзбекистонда фақат хайрия мақсадларида фойдаланади деган шарт билан сотади. Бунда 1-усул қўлланилиши мумкин эмас, чунки сотиб олувчининг товардан фойдаланиш ҳуқуқига нисбатан чеклов мавжуд ва бу хилдаги шарт битим қийматига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усуллари қўлланилиши керак.

Чекловларнинг 1-усулдан фойдаланиш имкониятига таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан олганда, бундай чекловларни баҳолашдаги асосий мезон у ёки бу шартнинг битим қийматига таъсир кўрсатиш даражасидир. Чеклов битим нархига жиддий таъсир кўрсатмайдиган ҳолда у 1-усулдан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди.

Агар сотиб олувчи ҳуқуқига нисбатан яна қандайдир бошқа чекловлар мавжуд бўлса, унда ­1-усул қўлланилмайди.

 

Битим нархига киритиладиган ва чегириладиган харажатлар

Божхона органи декларант тақдим этган ҳужжатларга биноан битим қийматини қабул қилгандан сўнг товарнинг божхона қийматини ҳисоб-китоб қилиш учун унга қўшимча ҳисобланмалар ёки чегирмаларни белгилаши зарур. Битим қийматининг таркиби товарни етказиб бериш шартларига боғлиқ бўлади.

Фақат БКнинг 304-моддасида белгиланган харажатлар қийматга қўшимчалар сифатида киритилиши мумкин.

 

Маълумот учун. Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.

 

Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан БКнинг 305-моддасида белгиланган тўловлар ва харажатлар чиқариб ташланади. Бунда улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олиниши шарт қилинади.

 

Маълумот учун. Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар, бундан ЎзРда тўланадиган божхона тўловлари мустасно, тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбирмиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 602 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика