Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 18 / Бухгалтерга тавсиялар

Фойда солиғининг ноль даражали ставкаси қандай қўлланилади

 

Янги Солиқ кодекси билан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқи берилади. Уни қўллаш тартибини «Norma» эксперти Олег ЦОЙ тушунтиради. 

 

Ноль даражали ставкани кимлар қўллаши мумкин

Фойда солиғининг 0%лик ставкасини қуйидагилар қўллаши мумкин:

1) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари – ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда бўйича;

2) ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар;

3) қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари;

4) экспорт қилувчилар – товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича;

5) ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган субъектлар;

6) Халқ банки – фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган даромадлар бўйича (СК 337-м.).

Солиқ тўловчилар фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш учун муайян шартларга мувофиқ келишлари керак. Фақат шундагина Фойда солиғи ҳисоб-китобига 6-«Ноль ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар фойдаси» иловасини тўлдирадилар (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Ушбу шартларни батафсил кўриб чиқамиз.

 

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари

Корхонангиз бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарса ва унга бирламчи қайта ишлов берса. Бунда жами даромадда уни реализация қилишдан улуш солиқ даврида камида 80%ни ташкил этади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш учун ер участкаларига эга бўлиб, улар бундай ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига қуйидаги маҳсулотлар киради:

қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;

чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;

ипакчилик маҳсулотлари;

балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар (СК 57-м.).

 

Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди. Шу сабабли уни реализация қилишдан олинган даромад ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улушини аниқлаш чоғида ҳисобга олинмайди.

 

Юқорида кўрсатилган шартларга мувофиқ келсангиз, ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага нисбатан ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз.

Ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 90%идан ошса, фаолиятнинг барча турлари бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз (СК ­337-м. 3-қ.).

 

Ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда улуши ва суммасини тўғри аниқлаш учун даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг. Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишнинг қўлланилаётган усулини – тўғридан-тўғри ёки мутаносиб – ҳисоб сиёсатида акс эттиринг, сабаби турли усулларнинг қўлланилиши ҳар хил натижа беради ва тегишинча, фойда солиғи суммасига таъсир кўрсатади. 

 

МИСОЛ. Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажмининг улушини аниқлаш

Корхона ҳисобот даврида 100 млн сўмлик реализация қилиш ҳажмига эга, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишнинг мутаносиб усулини қўллайди. Корхона бошқа даромад олмаган.

 

I вариант

Жами даромад қуйидагиларни реализация қилишдан олинган даромадларни ўз ичига олади:

ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 92 млн сўм;

саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 5 млн сўм;

сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 3 млн сўм.

Жами даромаддаги ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улушини аниқлаймиз: 92 / (92 + 5 + 3) х 100 = 92%.

Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан ошгани боис корхона бутун фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин.

 

II вариант

Жами даромад қуйидагиларни реализация қилишдан олинган даромадларни ўз ичига олади:

ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 82 млн сўм;

саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 5 млн сўм;

сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 13 млн сўм.

Жами даромаддаги ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улуши қуйидаги миқдорга тенг: 82 / (82 + 5 + 13) х 100 = 82%.

Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан кам эканлиги боис корхона фақат ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин. Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага 15%лик ставкада фойда солиғи солинади.

 

Ижтимоий соҳа

Корхонангиз қуйидаги соҳаларда фаолият кўрсатса, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчилар жумласига киради:

лицензия асосида кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига қуйидагилар киради, хусусан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш:

а) ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

б) стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;

илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият (шу жумладан илмий тадқиқотлар ўтказиш, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкдан фойдаланиш, жумладан уни реализация қилиш);

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Бундай хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:

а) жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

б) спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;

в) спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;

болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар (СК 59-м.).

Бунда санаб ўтилган фаолият турларидан олинган даромадлар текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромаднинг камида 90%ини ташкил этиши керак. Шундагина фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашингиз мумкин.

 

Календарь йил бошидан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилиш ҳажми 90%дан камни ташкил этса, жорий йилнинг ўтган ҳисобот чораклари учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этган ҳолда бутун фойдага нисбатан 15%лик солиқ ставкаси қўлланилади (СК 337-м. 4-қ.).

 

МИСОЛ. Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилиш ҳажмининг улушини аниқлаш

Корхонанинг 2020 йил I чорагидаги жами даромади 200 млн сўмни, шу жумладан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан – 190 млн сўмни ташкил этди.

Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 95%ни (190 / 200 х 100) ташкил этади, шу сабабли корхона бутун фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллайди.

 I ярим йилликдаги жами даромад 400 млн сўмни, шу жумладан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан – 340 млн сўмни ташкил этди.

Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 85%ни (340 / 400 х 100) ташкил этади, корхона ноль даражали ставкани қўллай олмайди. У I ярим йилликда олинган бутун фойдага нисбатан 15%лик ставкани қўллайди.

Бунда корхона фойда солиғини 15%лик ставкада қайта ҳисоблаган ҳолда I чорак учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

 

Ижтимоий соҳада хизматларни тақдим этишдан ташқари акциз тўланадиган товарларни реализация қилсангиз ёки фойдали қазилмаларни қазиб олсангиз, корхонангиз ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига кирмайди ва тегишинча, фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлмайди.

 

Қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари

Ташкилотингиз бюджет ташкилоти бўлиб, қўшимча манбалардан даромад олган тақдирда, башарти бўшатилаётган маблағлардан ташкилотнинг моддий-техника ва ижтимоий базасини мустаҳкамлаш, ўз ходимларингизни моддий рағбатлантириш учун мақсадли тарзда фойдалансангиз, 2023 йилнинг 1 январига қадар ноль фоиз миқдоридаги солиқ ставкасини қўллай оласиз (СК 337-м. 6-қ.).

 

Бюджет ташкилотлари солиқ ҳисоботини солиқ даври якунларига кўра тақдим этади. Йил якунлари бўйича жами даромад мавжуд бўлмаган тақдирда солиқ ҳисоботи тақдим этилмайди (СК 339-м. 6-қ.).

 

Экспортга реализация қилиш

Товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошса, фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўлланг (СК 337-м. 8-қ.).

Экспорт қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ноль даражали ставка қўлланилади:

контракт ёки унинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;

Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

Товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун воситачилик (топшириқ) шартномасини ҳам тақдим этиш лозим.

Товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун хўжалик юритувчи субъект амалга ошираётган фаолият турига қараб бошқа ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин (СК 261-м.).

 

Товарлар (хизматлар) экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида товарлар ёки хизматлар экспортидан чет эл валютасида даромад келиб тушмаган бўлса, фойда солиғининг ноль даражали ставкаси қўлланилмайди (СК 337-м. 10-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Валюта тушуми келиб тушадиган муддатни бузиш

Корхона 2020 йил апрель ойининг бошида маҳсулотни экспорт қилиб, I ярим йиллик учун фойда солиғини ҳисоблаб чиқараётганда ушбу реализация бўйича ноль даражали ставкани қўллади.

Бироқ ушбу операция бўйича чет эл валютасидаги тушум товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ўтгач – 2020 йил ноябрь ойида келиб тушди.

Шу сабабли корхона 9 ой учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни тайёрлаш чоғида экспортдан олинган фойдага нисбатан 15%лик ставкани қўллади.

Бундан ташқари, корхонанинг товарлар экспортидан олинган фойдани ноль даражали ставкада солиқ солинадиган фойдадан чиқариб ташлаб, I ярим йиллик учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишига тўғри келди.

 

Ноль даражали ставка қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

рўйхати Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган хом ашё товарлар экспортига;

халқаро ташишлар хизматларига, бундан автотранспортда ташишлар мустасно;

товарларни қувурлар орқали ва газ қувурлари орқали ташиш бўйича хизматларга (СК 337-м. 11-қ.).

 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар

Ушбу тоифадаги солиқ тўловчи қуйидаги шартларда фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин:

унинг ягона иштирокчиси – ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаси;

умумий ходимлар сонида ногиронлиги бўлган шахслар – камида 50%;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармаси – камида 50% (СК ­337-м. 1-қ. 9-б.).

Агар корхонангиз юқорида кўрсатилган шартларга тўғри келмаса, бироқ бунда ишга ногиронларни жалб этса, у фойда солиғи ставкасини камайтириши мумкин. Бунинг учун банд бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони ишловчиларнинг умумий ўртача йиллик сонининг 3%идан кўпроқ бўлиши керак.

3% нормадан ортиқча ишга жойлаштирилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бир фоизига солиқ ставкасининг 1%и ҳисобидан камайтирилади (СК 337-м. 7-қ.).

 

Мисол учун, агар банд бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони ишловчиларнинг умумий ўртача йиллик сонининг 5%ини ташкил этса, фойда солиғини 2%га (5–3) камайтирилган ставка бўйича тўлаш, яъни 14,7% (15-15 х 2%) ставкани қўллаш мумкин. Тузатилган ставка Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 071-сатрида акс эттирилади.

 

Даромадлар ва харажатларни алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш

Бир нечта фаолият турларини амалга ошириб, уларнинг айримлари бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўлсангиз, даромадлар ва харажатларнинг ҳисобини алоҳида-алоҳида юритинг.

Бунинг учун қуйидаги усуллардан бирини қўлланг:

мутаносиб;

тўғридан-тўғри усулда ҳисобга олинг.

Мутаносиб усулда даромадлар ва харажатларни реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида ушбу фаолият турлари бўйича (ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда) тушум улушига мутаносиб тарзда муайян фаолият турларига киритинг (СК 80-м.).

 

МИСОЛ. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули

Корхона маҳсулот ишлаб чиқариб, уни ички бозорда ва экспортга реализация қилади. Ҳисобот даврида товарларни реализация қилишдан тушган тушум ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаганда 5 400 млн сўмни, шу жумладан экспортга – 2 160 млн сўмни ташкил этди. Бошқа даромад олмаган.

Ушбу даврда чегириладиган харажатлар 3 600 млн сўмни ташкил этди.

Экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг жами даромаддаги улуши – 40% (2 160 / 5 400 х 100).

Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошгани сабабли корхона товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича солиқнинг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга.

Корхона даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллайди.

Экспорт билан боғлиқ чегириладиган харажатлар 1 440 млн сўмни (3 600 х 40%) ташкил этди, бунда 40% – товарларни экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг реализация қилишдан тушган тушум умумий суммасидаги улуши.

Экспорт бўйича фойда – 720 млн сўмга (2 160 – 1 440) ноль даражали ставкада фойда солиғи солинади.

 

Тўғридан-тўғри усулда даромадлар ва харажатларни, улар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритинг. Фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолият турлари бўйича тақсимланг.

 

МИСОЛ. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усули

Корхона маҳсулот ишлаб чиқариб, уни ички бозорда ва экспортга реализация қилади. Ҳисобот даврида товарларни реализация қилишдан тушган тушум ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаганда 5 400 млн сўмни, шу жумладан экспортга – 2 160 млн сўмни ташкил этди. Бошқа даромад олмаган.

Экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг жами даромаддаги улуши – 40% (2 160 / 5 400 х 100).

Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошгани сабабли корхона товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича солиқнинг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга.

Корхона даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усулини қўллайди.

Экспортга реализация қилинган товарлар таннархи ва товарлар экспорти билан боғлиқ бўлган бошқа чегириладиган харажатлар 1 310 млн сўмни ташкил этди.

Товарларни ички бозорга ёки экспортга реализация қилишга тўғридан-тўғри киритиб бўлмайдиган умумий чегириладиган харажатлар 260 млн сўмни ташкил этди. Мутаносиб усулда экспортга киритиладиган харажатлар суммасини аниқлаймиз:

260 х 40% = 104 млн сўм, бунда 40% – товарларни экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг реализация қилишдан тушган тушум умумий суммасидаги улуши.

Экспортга тааллуқли чегириладиган харажатларнинг умумий суммаси 1 414 млн сўмни (1 310 + 104) ташкил этади.

Экспорт бўйича фойда – 746 млн сўмга (2 160 – 1 414) ноль даражали ставкада фойда солиғи солинади.

 

Алоҳида-алоҳида ҳисобга олишнинг қўлланиладиган усулини ҳисоб сиёсатида албатта акс эттиринг.

Прочитано: 1008 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика