Товар белгисини ишлаб чиқиш бўйича хизматлар Россия компанияси томонидан Россия Федерацияси ҳудудида кўрсатилган.
Мазкур ҳолатда норезидентнинг даромадларидан тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинадими?
– Товар белгиси – юридик ва жисмоний шахсларнинг товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ўхшаш товарлари ва хизматларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилар. Исталган рангда ёки ранглар уйғунлигида берилган тасвир туширилган, сўзлар билан ифодаланган, ҳажмдор ва бошқа белгилар ҳамда уларнинг комбинациялари товар белгилари бўлиши мумкин («Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товарларнинг келиб чиқиш жойлари номлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси»).
Яъни товар белгисини ишлаб чиқиш бўйича хизматлар дейилганда матнлар, рамзлар, тасвирлар ва бошқалардан фойдаланган ҳолда эскиз (дизайн) тайёрлаш тушунилади. Ушбу эскиз фақат расмий рўйхатдан ўтказилганидан кейин товар белгиси мақомини олади.
Фикримизча, норезидентнинг товар белгиси эскизини тайёрлашдан олган даромадлари бошқарувга оид, техник ёки маслаҳат хусусиятига эга хизматлар учун тўлов сифатида белгиланган техник хизматлардан олинган даромадлар сифатида таснифланса, уларга тўлов манбаида фойда солиғи солинади (СК 351-м. 2-қ. 17-б.).
Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Даромадлар ва мулкка иккиёқлама солиш солмаслик тўғрисида битим тузилган (Москва, 2.03.1994 й., ЎзР ОКнинг 6.05.1994 йилдаги 1075-XII-сон қарори била ратификация қилинган, 27.07.1995 йилдан кучга кирган).
Битимнинг 7-моддасига мувофиқ бирон аҳдлашаётган давлатда бошқа аҳдлашаётган давлат корхонаси олган фойда бўлиб, у ўша ерда жойлашган доимий ваколатхона орқали олинган тақдирда, шу доимий ваколатхонага тегишли қисми биринчи эслатиб ўтилган давлат солиғи билан солиққа тортилади.
Чет эллик ҳамкорингиз Ўзбекистонда доимий муассасага эга бўлмаса ва сизга Россия Федерацияси резидентлиги сертификатини тақдим этса, корхонангиз даромад тўлови манбаи сифатида унга фойда солиғини солмайди (СК 357, 358-м.).
Бундай сертификат мавжуд бўлмаганда, норезидентнинг даромадларидан 20%лик ставкада фойда солиғи ушлаб қолинади (СК 353-м. 6-б.).