Корхонамиз умумбелгиланган солиқларни тўлайди. 2020 йил март ойида Президентнинг 5.09.2019 йилдаги ПФ-5811-сон Фармонига мувофиқ импорт шартномалари бўйича кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқардик.
2020 йилнинг I чораги учун фойда солиғи бўйича ҳисоботда ПФ-5811-сон Фармонга мувофиқ ҳисобдан чиқарилган кредиторлик қарзи бўйича солиқ солинадиган база қандай камайтирилади?
– Тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо контрактлари бўйича 2017 йил 5 сентябргача юзага келган ва бошқарув органи қарорига кўра ҳисобдан чиқариладиган кредиторлик қарзлари суммасига солиқ солинмаслигига рухсат этилди (3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорнинг 2-банди, 5.09.2019 йилдаги ПФ-5811-сон Фармон таҳририда).
Мазкур ҳолатда солиқ солинадиган фойданинг камайтирилиши Фойда солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-илованинг 071-сатрида Президентнинг 3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорининг 2-банди кўрсатилган ҳолда акс эттирилади (имтиёз коди – 7390).