Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 18 / 9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Бурда нон топиш машаққати

 

Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон халқининг матонат ва жасорати, эътиқод ва ишончи, инсонпарварлиги, бағрикенглиги ва меҳр-оқибатини яна бир карра намоён этди. Бундай синовдан ўтганлар орасида, шубҳасизки, самарқандлик меҳнаткашлар ҳам бор эди. 

 

«Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – онадир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир» дея таъкидлайди давлатимиз раҳбари.

Суронли йилларда ўзбек ўғлонлари қўлига қурол олиб жанг майдонида жасорат кўрсатган бўлса, аёллар фронт ортидаги машаққатларни гарданларида кўтаришди.

Розия бувим 1928 йил 12 май куни Самарқанд туманида туғилган. У кишининг оталари Нурмуҳаммад катта бобом эса Самарқанд туман ФҲДЁ бўлими архиви маълумотига кўра 1894 йил туғилган1. Айтишларича, у киши замонасининг ишбилармон, зукко кишиси бўлган. Савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланиб, Тожикистон, Туркманистон сингари қўшни давлатларга кўп қатнаган, у ердаги ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилган. Илм эгаси бўлгани боис катта бобомни таниган-билганлар «Охун» деб чақирган.

Нурмуҳаммад бобом урушнинг дастлабки даври – 1941 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. 1942 йил эса Иккинчи жаҳон урушига жалб қилинади. Урушда душман билан мардонавор жанг қилиб, жасорат кўрсатган. Хусусан, Днепр дарёси бўйида бўлиб ўтган жангда бобомиз биринчилардан бўлиб дарёнинг ўнг қирғоғини кесиб ­ўтади. Сафдошларини душман ҳужумидан ҳимоя қилади. Унинг кўрсатган бу жасорати инобатга олиниб, унга 1944 йил 10 августда «Жасорат» медали топширилади2. Бобом ва бувимнинг 6 нафар қизи ва 1 ўғли бўлган. 1971 йил 15 апрель куни Нурмуҳаммад бобом 71 ёшида оламдан ўтганлар.

Ана шу авлоднинг вакили, катта бобомнинг учинчи фарзанди Розия Ниёзова момом ҳам урушнинг барча машаққатларини катталар билан бирга тортган. Оталари урушга кетганидан кейин онасига ёрдамчи бўлиб, укаларини боқиш мақсадида 13 ёшларида колхоз даласига чиқиб кетмон чопганлар, бир ушоқ нон топиш масъулиятини гарданларига олганлар. Колхозда етиштирилган мева-сабзавотлар вагонларга ортилиб, фронтга юборилган.

Розия момом ёш бўлишига қарамай, қуёшнинг жазирама кунларида ҳам далада меҳнат қилади. Дала ишларидан сўнг от аравага ортилган сабзавотларни вагонга ортиш учун темир йўл вокзалига боради, яшикларга жойлаштирилган меваларни вагонга ортишга кўмаклашади. Чунки бир бурда нон топиш ва укаларининг қорнини тўйғазиш масъулияти уни бир дам тин олишга йўл қўймас эди.

Ана шу тариқа ҳаётнинг машаққатларини, турмушнинг не-не синовларини бошидан кечирган момом Иккинчи жаҳон урушида фронт ортида туриб фидойилик кўрсатган. Аскарлар учун фронтга озиқ-овқат, мева-чева ташиб етказган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 6 майдаги «1941–1945 йилларда фашизмга қарши урушда қатнашганларни ва мамлакат ичкарисида ишлаган меҳнаткашларни Ғалаба куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги ПФ-844-сон Фармони билан Розия момомиз «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

Шунингдек, орадан бир йил ўтиб, 1995 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг «1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини ва мамлакат ичкарисида ишлаган меҳнаткашларнинг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги байрами муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги ПФ-1100-сон Фармонига мувофиқ ҳукуматимиз Розия момомга яна бир бор эътибор қаратиб, у кишини «1941–1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги» юбилей медали билан тақдирлади.

1996 йил 15 мартда 71 ёшида Розия момом оламдан ўтдилар. У кишини бизларга ўргатган ўгитлари, кўрсатган меҳрлари ҳамон ёдимда, қалбимда. Ҳозир мен айтиб берган «жангнома қиссаси»ни ҳам Розия момомдан эшитганман.

Орадан йиллар ўтиб, акам қиз фарзандли бўлди. Унинг исмини Розия деб қўйдилар. 2019 йил 12 май куни, Рамазон ойида Розия момомнинг туғилган кунларида ўзим ҳам ўғил фарзандли бўлдим. Унга катта бобом хотираси учун Нурмуҳаммад деб исм қўйдим. Келажак авлод тарихда шундай жасоратли бобо ва момолари яшаб ўтганлигини билишлари учун.

 

Ғайрат САТТОРОВ, Самарқанд вилояти.

 

1Самарқанд туман давлат архиви фонди 592, 411-рақамли ҳужжат, 15-бет.

2Россия Мудофаа вазирлигининг Марказий архиви. Фонд 33, опись 690155.

Прочитано: 422 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика