Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 12 / МҲХСни жорий этиш йўлида

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар

 

 

2020 йил 24 февралда республикамизда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХСга) ўтиш солномасининг янги саҳифасини очиб берадиган Президентнинг «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4611-сон қарори эълон қилинди.

 

Айни пайтда МҲХСга ўтиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинишига қарамасдан, у бўйича кадрларни тайёрлаш тизимининг мавжуд эмаслиги сабабли бухгалтерия ҳисоби БҲМСга мувофиқ юритилмоқда. Шу билан бирга, амалдаги молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва эълон қилиш шунчаки расмиятчилик хусусиятига эга бўлиб, ахборот сифатини камайтиради ва фойдаланувчиларни халқаро талабларга мос келадиган ишончли ахборотлар билан таъминлаш имкониятини чеклайди.

Халқаро стандарларга ўтиш бухгалтерия ҳисобининг жаҳон амалиётидаги глобал тенденциялар билан боғлиқ. Халқаро стандартлар асосида тайёрланган молиявий ҳисобот халқаро бизнес тили сифатида тан олинади. МҲХС молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларнинг барчаси учун тушунарли бўлган маълумотлардан шаклланган бизнес тилида мулоқот қилиш имкониятини яратади.

 «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунда бухгалтерия ҳисоби субъектлари молиявий ҳисоботни халқаро стандартларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўллаши мумкинлиги ҳам белгиланган. Айрим корхоналар эса йиллик молиявий ҳисоботни МҲХСга мувофиқ эълон қилиш ва уни Аудитнинг халқаро стандартлари (АХС) асосида ташқи аудитдан ўтказишга мажбурдирлар.

Бу Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни, Президентнинг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сон Фармони, 2019 йил 3мартдаги «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4265-сон ва 2019 йил 17 январдаги «Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4124-сон қарорлари билан назарда тутилган.

Таъкидлаш керакки, айрим акциядорлик жамиятлари (банклар, суғурта ташкилотлари, йирик солиқ тўловчилар) шартнома асосида аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда БҲМС асосида тайёрланган молиявий ҳисоботни МҲХСга мувофиқ трансформация қилишади. Мос равишда мазкур ҳолатда кўпгина акциядорлик жамиятлари МҲХСга мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва эълон қилиш талабларини тўлиқ ҳажмда бажармайди.

Дунё бўйича 144 та мамлакатда, жумладан Европа ва МДҲ давлатларининг кўпчилигида бухгалтерия ҳи­соби ва ҳисоботи миллий тизимини ислоҳ этишда асосий инструмент сифатида МҲХС қабул қилинган. МҲХС ягона стандартларини ишлаб чиқадиган ва тасдиқлайдиган халқаро стақил ташкилот ҳисобланган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари фонди (МҲХС фонди, IFRS Foundation) бўлиб, МҲХС унинг Халқаро бухгалтерия стандартлари кенгаши (ХБСК, IASB) томонидан ишлаб чиқилади. ХБСК 1973 йилда ташкил этилган ва унинг бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. У молиявий ҳисоботларни тайёрлашда қўлланиладиган бир қатор стандартларни ишлаб чиқади, айни 2019 йил ҳолатида бухгалтерия ҳисобининг 29 та халқаро стандарти (IAS) ва 16 та молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS) амалиётда қўлланиб келинмоқда. 2001 йилгача ХБСК томонидан чиқарилган стандартлар IAS ва ўша йилдан кейин чиқарилган стандартлар IFRS деб номланадиган бўлди. Шунга қарамай, ҳозирги вақтда IFRS ибораси одатда ҳар иккала номда (IAS ва IFRS) ҳам қўлланилади.

 

Охирги йилларда бухгалтерия ҳисобининг 22 та миллий стандарти (БҲМС), шу жумладан молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишнинг Концептуал асослари ҳам тасдиқланиб, рўйхатга олинган. Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисобининг алоҳида жиҳатларини тартибга солувчи 30га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда. Бироқ молиявий кўрсаткичларнинг шаффофлиги, ишончлилиги, таққосланувчанлигини айнан МҲХС таъминлайди ҳамда хорижий инвесторлар учун тушунарли бўлган молиявий ахборотни беради.

МҲХС тизимли жорий этилишини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги МҲХСни жорий этиш жараёнини мувофиқлаштирувчи ва мониторингини амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди.

Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини ва мазкур соҳада кадрларни тайёрлашнинг замонавий усулларини босқичма-босқич жорий этишнинг «Йўл харитаси» тасдиқланди. У 18 та чора-тадбирларни қамраб олган, шу жумладан хўжалик субъектлари эълон қиладиган молиявий ҳисоботлар сифатини халқаро принципларга мувофиқлиги назоратини ўтказишга йўналтирилган.

 

Учта муҳим йўналиш

1. МҲХСни жорий этиш жараёнини тизимлаштириш ва унинг натижадорлигини ошириш

2021 йил 1 январдан бошлаб акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобининг юритилишини ташкил этади, бундан қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг олдинроқ муддатлари назарда тутилган корхоналар мустасно.

Бугунги кунда республикамизда 587 та акциядорлик жамиятлари, шу жумладан 30 та тижорат банки, 41 та суғурта ташкилоти ва 779 та йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирадиган юридик шахслар (шундан 141 та акциядорлик жамияти) фаолият юритадилар. Мазкур юридик шахсларда МҲХСни жорий этиш ва эълон қилинадиган молиявий ҳисобот сифатининг ташқи назоратини амалга ошириш бирламчи вазифалардан ҳисобланади.

2021 йил якунига қадар акциядорлик жамиятлари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар бухгалтериялари бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд қуйидаги:

 «Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)»;

«Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)»;

«Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)»;

«Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)» сертификатларидан бирига эга бўлган уч нафар мутахассисдан кам бўлмаган миқдорда МҲХСни сифатли қўллаш учун етарли бўлган бухгалтерия хизмати ходимлари билан таъминланиши керак.

2020 йилдан бошлаб Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан юқорида кўрсатилган юридик шахслардан ташқари устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари ҳам МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашга ўтиш жадвалини ҳар йили тасдиқлаши ва 1 июнга қадар расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминлаши белгиланган.

МҲХС матнини давлат тилига таржима қилиш белгиланган бўлиб, бунинг учун МҲХС фонди билан битим тузилиши лозим. Давлат тилидаги МҲХС матнлари тушунтиришлар билан талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳуқуқлари бўйича МҲХС фонди билан келишувга мувофиқ Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 октябрга қадар Давлат солиқ қўмитаси солиқ ҳисоботи шаклларини МҲХСга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисоботларга мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқиши назарда тутилган.

 

2. Кадрларни тайёрлаш ва олий таълимнинг бухгалтерия ҳисоби ва аудит таълим йўналишлари сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар

МҲХС соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича жаҳоннинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, шу жумладан бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича нодавлат таълим ташкилотларини (аккредитациядан ўтган ўқув марказлари) ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш бўйича бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар (Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (Аssociation of Chartered Certified Accountants – АССА) ва бошқалар) билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш МҲХСга ўтишда уни сифатли қўллашнинг заруратидан келиб чиқади.

Шу билан бирга Молия вазирлиги томонидан ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ўқув жараёнининг сифатини, имтиҳонларни ўтказиш ва натижаларини баҳолашнинг шаффофлигини таъминловчи МҲХС бўйича сертификатлашнинг самарали тизимини жорий этиш, шунингдек, МҲХС соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни аккредитациядан ўтган ўқув марказларида ўқитиш бўйича ташкилий тадбирларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш вазифаларини амалга ошириши белгиланган.

2021 йилдан бошлаб МҲХС ва АХСни ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотдан аккредитациядан ўтган таълим муассасаларида назарда тутилмоқда. Бундай аккредитациядан ўтган ўқув марказлари МҲХС ва АХС бўйича ўқитиш ва малака ошириш фаолиятини лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган талабларга амал қилиш шарти билан, тегишли лицензия олмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

2020 йил 1 августга қадар бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича МҲХСни чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастури тасдиқланиши ва ўқув жараёнига жорий этилиши лозим.

2020 йилдан тажриба олий таълим муассасалари, дастлабки босқичда – Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона политехника институтининг ўқув дастурлари бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро аккредитациядан ўтказилади ва кейинчалик мазкур тажриба лойиҳаси босқичма-босқич республикадаги соҳага оид бошқа олий таълим муассасаларига жорий этилади. Бу эса олий таълим тизими сифатини, хусусан олий таълим муассасаларининг халқаро миқёсдаги рейтингини янада оширади.

2021 йил 1 январга қадар «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог ходимларнинг аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитилади. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб эса тажриба олий таълим муассасаларида мазкур фанлар фақат халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «АХС бўйича аудит» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилади.

Халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорларга олий таълим муассасалари магистратурасининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» мутахассисликларига тўлов-контракт асосида кириш имтиҳонларини топширмасдан қабул қилиниш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, Молия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашнинг халқаро амалиётини ўрганиш натижалари бўйича «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» бакалавриат таълим йўналишининг кундузги ўқув шакли муддатини қисқартириш имконияти, шунингдек, бухгалтерларни миллий сертификатлаш тизимини жорий қилишнинг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилган.

 

3. Мутахассисларни МҲХС бўйича бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

 2020-2025 йиллар давомида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, малакани ошириш, интерактив усулларни қўллаган ҳолда ўқитиш, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун  рўйхатдан ўтиш харажатлари республика бюджети ҳисобидан, қуйидаги тартибда молиялаштирилади:

а) олий таълим муассасаларининг буюртмалари бўйича:

«Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог ходимлар имтиҳон топшириши учун биринчи уринишга – тўлиқ ҳажмда, иккинчи уринишга – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади;

олий таълим муассасаларининг талабалари ва битирувчилари учун улар (тугатгандан сўнг олти ой давомида) имтиҳонни муваффақиятли топширган тақдирда тўлиқ ҳажмда, иккинчи уринишга имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади;

б) давлат органлари буюртманомасига асосан уларнинг ходимларига имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммаси биринчи уринишга тўлиқ ҳажмда, иккинчи уринишга 50 фоизда қопланади.

Бунинг учун Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Молия вазирлиги, Давлат солиқ  қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва бошқа манфаатдор давлат органлари ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш жадвалини, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича тезлаштирилган ўқитиш жадвалини ҳар йили тасдиқлайди.

 

Худойберган ОРТИҚОВ,

ЎзР Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бошқармаси бошлиғи.

Прочитано: 587 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика