Қизим оиласи билан Дубайда яшайди. Баҳорда уларникига меҳмонга бормоқчимиз. Қизим бизга энг сўнгги русумдаги телевизорни совға учун харид қилмоқчи.
Ўзбекистонга қайтишимизда аэропорт божхонасида муаммо бўлмайдими? Бирор-бир солиқларни тўлаш керакми?
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегараларини кесиб ўтаётганда жисмоний шахслар томонидан божхона тўловларини тўламасдан республикага олиб кириладиган товарларнинг чекланган миқдори 2 000 АҚШ доллари қийматида белгиланган (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон қарорнинг 1-банди). Бу шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ҳадяларнинг умумий қиймати юқорида кўрсатилган лимитдан ошмаса, божхона тўловлари ундирилмайди, деганидир.
Божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрдан ортган ва тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар олиб кирилганда божхона тўловлари фақат ортган суммадан тўланади.
2020 йил 1 январдан ягона божхона тўловини (ЯБТ) тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. ЯБТ божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган қисмида ундирилади. Унинг ставкаси товарнинг божхона қийматидан 30%, лекин ҳар бир кг учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланган. Бунда ставкаларнинг миқдорлари божхона божлари, акциз солиғи ва ҚҚСнинг амалда белгиланган ставкаларининг йиғилмасидан келиб чиқиб ҳисобланади (7.11.2019 йилдаги ПҚ-4508-сон қарор).
Хатингизда телевизорнинг маркаси, техник тавсифларини кўрсатмаганингиз сабабли унинг ЯБТни ҳисоблаб чиқишнинг имконияти йўқ.
Диққат! Товар учун тўланган суммани тасдиқлаш учун савдо ташкилотидан уларнинг кафолат талонлари, техник паспортларида белгилар ва товар тўғрисида идентификация қилувчи ҳужжатлардаги маълумотларни талаб қилиш керак. Мазкур ҳужжатларга қўшимча равишда касса чекининг мавжуд бўлиши етарли бўлади. Лекин кўпинча чек айнан шу товарга тегишли эканлигини исботлаш қийин бўлади, айниқса товарга унинг номи ёзилмаган ҳолларда исботлаш қийин. Шунинг учун сотувчи ташкилотларнинг белгиси бўлишини назарда тутмайдиган товарларни харид қилаётганда ҳамда чекка қўшимча тарзда бирор-бир идентификация қилувчи ҳужжатларни тақдим этиб бўлмаганда товар чекини ёзиб беришларини талаб қилинг.