Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 12 / Божхона

Короновирус ваҳимасига ҳожат йўқ: товарлар экспорти ва импорти тўхтамайди

 

Дунё бўйлаб 160 дан ортиқ давлатда қайд этилган коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

 

Жумладан, 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Мазкур чекловдан сўнг жамоатчиликда Ўзбекистон Республикасидан товарлар экспорти ҳамда мамлакатга товарлар импорти тўхтатиладими, деган савол кун тартибига чиқди.

Мазкур масала юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан зудлик билан баёнот берилди.

Чунончи, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари, хусусан юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортлари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди.

Хавфли инфекциянинг ёйилиши оқибатида мамлакатлар иқтисодиёти кўриши мумкин бўлган зарарлар ҳақида турли башоратлар қилинмоқда. Бундай вазиятларда аниқ далилларга асосланмаган тахминлар жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини нотўғри ўзанга буриб юбориши ҳеч гап эмас.

Республикамизда ҳам коронавирус билан боғлиқ айрим чекловлар белгиланганидан сўнг товарлар экспорт-импорти тўхтатиб қолиши ҳақида хавотирли фикрлар билдирила бошланган эди. Аммо бу хавотирларда ҳеч қандай асос йўқлигини бугунги реал воқелик кўрсатиб турибди.

Президентимиз 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда республикамизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда озиқ-овқат, энг зарурий ва бирламчи маҳсулотлар захираси етарли даражада мавжудлиги, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлиги айтилди.

Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг иқтисодиётимизга ҳам салбий таъсири бўлиши табиий. Лекин, бу мамлакатимизда товарлар экспорти ва импортида узилишлар бўлади дегани эмас.

Экспорт-импорт жараёнлари аввалгидек узлуксиз давом этар экан, ички бозорларда аҳолининг энг муҳим зарурий ва бирламчи товарларга бўлган эҳтиёжи мунтазам қондирилади.

Айни пайтда республикамизнинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида одатдагидек иш фаолияти гавжум тарзда давом этмоқда, товарларнинг экспорти ва импорти билан боғлиқ божхона тартиб-таомиллари ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.

Чегара-божхона постларида эса жисмоний шахсларнинг божхона чегаралари орқали ўтишларига нисбатан чекловлар жорий этилган. Лекин юк автотранспорт воситалари орқали товарларни олиб кираётган ёки олиб чиқаётган ташувчиларга нисбатан бу чекловлар татбиқ этилмаган.

Чегара ўтказиш ҳудудларида юк ташувларини амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республикамиз орқали ҳаракатланишига рухсат берилмоқда.

Дарвоқе, Давлат божхона қўмитасида республикамиздаги барча чегара-божхона постларини бир вақтнинг ўзида кузатиш имконини берадиган Бош видеокузатув маркази фаолият юритади. Марказдан чегара-божхона постларининг сўнгги тўрт кундаги фаолиятини кузатар эканмиз, экспорт импорт товарлари ортилган юк транспортлари ҳаракатида узилишларга гувоҳ бўлганимиз йўқ.

Аҳоли учун бирламчи энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг захираларини ўрганиш учун нафақат божхона омборлари, балки уларни ишлаб чиқарувчи корхона ва заводларда ҳам бўлдик. Масалан, энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири бу – ўсимлик ёғи. Тошкент вилоятида жойлашган шу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқарувчи корхонада бўлганимизда у ерда ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотни импорт қилиш параллел равишда олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу ерда кунига 60 тоннагача писта ёғи қадоқланмоқда. Бунинг учун хом ашё сифатида ҳар ойда ўртача 4 800 тонна  кунгабоқар пистаси импорт қилинади. 

Рақамларга мурожаат қилсак, 15-19 март кунлари давомида республикамиз бўйлаб давлат божхона хизмати органлари хориждан келтирилган 13,7 млн  АҚШ доллари қийматидаги 35 минг тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотларини импорт божхона режимига расмийлаштирди. 

Жумладан:

19  минг тонна картошка,

3 217 тонна ўсимлик ёғи,

4 133 тонна ун,

2 308 тонна шакар,

568 тонна гуруч, гречка ва турли ёрмалар,

439 тонна гўшт,

275 тонна макарон,

305 тонна вафли ва печеньелар,

269 тонна консерваланган сабзавотлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, ички бозорларга йўналтирилган.

Республикамиздан эса 15-19 март кунлари хорижий давлатларга 79,8млн АҚШ доллари қийматидаги 80 минг тоннадан ортиқ товарлар экспорт қилинди.

Демак, четдан келтириладиган истеъмол товарлари, хусусан, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг импортида узилишлар ва шу сабабли ички бозорда уларнинг танқислиги кузатилмайди деб ишонч билан айта оламиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади. Бу жараёнда, аввало, молия ва хом ашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-наво ўсишининг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Биздан эса бундай паллаларда янада жипслашиб, ваҳима ва саросимага берилмаслик талаб этилмоқда, холос.

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 400 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика