2016 йилнинг августида Рўйхатга (АВ томонидан 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) биноан божхона божи ва ҚҚС тўлашдан озод этилиш имтиёзи асосида асбоб-ускунани харид қилдик.
Асбоб-ускуна янги ҳисобланадими? Унга нисбатан имтиёз ҳозиргача амал қиладими?
Вазият қуйидагича: асбоб-ускунани янгиламоқчимиз, 2016 йилда импорт қилинганини эса анчайин паст нархларда хусусий корхонага сотиб юбормоқчимиз.
Импорт қилинган товар сотилган тақдирда, биз тўлашдан озод этилган тўловларни тўлашимиз керак бўлмайдими?
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) изоҳда «янги технологик ускуна» деган тушунча келтирилган. Бу «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида, унинг ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускунадир. Ундан фойдаланиш далили бунга таъсир кўрсатмайди, ускунанинг янгилиги кузатув ҳужжатлари бўйича белгиланади. Масалан, импорт режимига расмийлаштиришда олиб кирилаётган технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилган йили ишлаб чиқарувчи заводнинг ускунанинг ишлаб чиқариш йили кўрсатилган техник паспорти билан ёхуд ишлаб чиқарувчининг ускуна у томондан ишлаб чиқарилганлиги тўғрисидаги, шу жумладан ишлаб чиқарилган сана ҳақидаги тегишли ахборотга эга бўлган ҳужжат билан тасдиқланади.
Бундай асбоб-ускунани реализация қилиш тартиби Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахслар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ 25.08.2017 йилда 2918-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-бобида белгиланган.
Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган тақдирда, божхона тўловлари бўйича имтиёзларнинг амал қилиши бекор қилинади. Тўланиши лозим бўлган тўловларни тўлаш бўйича мажбурият асбоб-ускунани экспорт қилувчига юклатилади. Экспорт қилувчи божхона органларига технологик жиҳозни импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг кўчирма нусхасини тақдим этиши лозим.
Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик асбоб-ускуна Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда, божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди. Бунда импорт қилинган технологик асбоб-ускунани бераётган томон (импорт қилувчи, сотувчи, эгаси) харидорга асбоб-ускунани импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг кўчирма нусхасини тақдим этиши лозим.
Низомда белгиланган имтиёзларнинг тўғри қўлланиши устидан назоратни Солиқ кодексига мувофиқ солиқ органлари амалга оширади.