Товарларни импорт қилишда бюджетга ундан ҚҚС тўланган қиймат ва ушбу товарлар реализация қилинган қиймат ўртасидаги ижобий фарққа қўшимча ҚҚС ҳисоблаш масаласи ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Импорт қилувчи ташкилотнинг бундай харажати фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегириладиган харажат ҳисобланадими? Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ ушбу масала бўйича тушунтириш беради.
– Товарларни импорт қилишда божхона органи товарнинг божхона қийматини ҳисоблайди, у контракт (инвойс) бўйича товар қийматидан кўп бўлиши мумкин. Божхона қиймати божхона тўловлари – божлар, ҚҚС ва бошқалар ҳисоб-китоби учун қўлланилади. Товарлар импорт қилувчи корхонанинг ҳисобида етказиб бериш қийматидан келиб чиқиб ҳисобга олинади (товарлар қийматини белгилаш тартиби 4-сон БҲМСда назарда тутилган). Товарни реализация қилиш нархи бозор конъюнктурасига боғлиқ. Яъни реализация қилишдан олинган тушум товарнинг божхона қийматидан паст бўлиши ҳам мумкин.
Бу ҳолда харидордан олинган ва реализация қилиш чоғида ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС божхонада тўланган ҚҚСдан паст бўлади. Товарларни импорт қилишда бюджетга ҳақиқатда бюджетга тўланган ҚҚС ва битим тарафлари томонидан қўлланилган ушбу товарларни реализация қилиш нархидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси ўртасида ижобий фарқ ҳосил бўлади. Ушбу фарқ иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ва фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромаддан чегириладиган харажатга киритиладими?
Аввал ҚҚСнинг ўзига аниқлик киритамиз
Товарларни импорт қилишда ҚҚС бўйича солиқ базасига қуйидагилар киритилади (СК 254-м. 1-қ.):
- товарларнинг божхона қиймати;
- акциз солиғи, агар акциз солиғи тўланадиган товарлар олиб кирилса;
- божхона божи.
Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати Божхона кодексида назарда тутилган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланади ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланилади (БК 301-302-м.).
Импорт қилинган товарлар бўйича ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга олинади (СК 266-м. 1-қ. 3-б.).
Шу билан бирга, олиб кирилган (импорт қилинган) товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқ ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас (СК 248-м. 5-қ.).
Фойда солиғи ҳисоб-китобида бу қандай ҳисобга олинади
Юридик шахслар-солиқ резидентларидан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш чоғида жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно (СК 317-м.).
Солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистонда ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ҳисобот даври давомида амалга оширилган, асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлари (СКнинг 333-336-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса зарарлар) харажатлар деб эътироф этилади.
Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар тушунилади.
Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилади:
1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.
Товарларни импорт қилишда ҳақиқатда бюджетга тўланган ҚҚС ва битим тарафлари томонидан қўлланилган ушбу товарларни реализация қилиш нархидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси ўртасида ҳосил бўладиган ижобий фарқ корхона харажатларига киради (9430-счёт). Бунда ушбу фарқ чегириладиган харажат ҳисобланади, сабаби СКнинг 305-моддасида баён этилган, фойда солиғи ҳисоб-китоби чоғида харажатларни чегириладиган харажатларга киритишнинг асосий тамойилларига мувофиқ келади. Бу харажат:
- даромад олиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун қилинган;
- ҳужжат билан тасдиқланган (БЮД, инвойс ва ҳ.к.);
- қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқади (СК 248-м. 5-қ.).
Мазкур сумма фақат ҚҚС бўйича ҳисоботда акс этади ва товар харидорлари билан ҳисоб-китобларга қандайдир тузатишлар киритишни талаб этмайди. |
Мисол. Ижобий фарқни ҚҚС бўйича ҳисоботда акс эттириш
2020 йилнинг май ойида ҚҚС тўловчиси ҳисобланган корхона ички бозорда реализация қилиш мақсадида товарни импорт қилди. Товарнинг контракт бўйича қиймати 158 990 минг сўмни, божхона қиймати – 230 000 минг сўмни, божхона божи – 11 500 минг сўмни, импорт қилиш чоғида ҚҚС ҳисоб-китоби учун база – 241 500 минг сўмни (230 000 + 11 500) ташкил этди.
Товарнинг божхона расмийлаштируви чоғида ҳисобланган ҚҚС 36 225 минг сўмни (241 500 х 15%) ташкил этди. Солиқ тўлиқ тўланди ва ҳисобга олинди.
2020 йилнинг июль ойида корхона товарни 230 000 минг сўмга ҚҚС билан реализация қилди. Харидорга ҳисобварақ-фактурада 30 000 минг сўм миқдорда (230 000 / 115 х 15) ҚҚС тақдим этилди.
Товар харидорига тақдим этилган ҚҚС олиб кириш (импорт қилиш)да ҳақиқатда тўланган ва ҳисобга олинган ҚҚСдан камлиги боис, бюджетга корхона мазкур операция бўйича 36 225 минг сўм ҳисоблаши керак.
6 225 минг сўм (36 225 – 30 000) миқдоридаги фарқ давр харажатларига киритилади.
ҚҚС бўйича ҳисоботда (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ушбу операция бундай акс эттирилади:
ҚҚСни ҳисобга олиш май ойида акс эттирилади:
– БЮД кўрсаткичлари Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова) киритилади: етказиб бериш – 241 500 минг сўм, ҚҚС – 36 225 минг сўм;
– ушбу суммалар автоматик тарзда ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 010-сатрида акс эттирилади;
ҚҚС ҳисоблаш июль ойида акс эттирилади:
– ҳисобварақ-фактура кўрсаткичлари Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова) киритилади:
- етказиб бериш – 200 000 минг сўм, ҚҚС – 30000 минг сўм;
– ушбу суммалар автоматик тарзда ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-сатрида акс эттирилади;
– товарни импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун олинган қиймат ва уни ҚҚСсиз реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ – 41 500 минг сўм (241 500 – 200 000) ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0104-сатрининг 3-графасида акс эттирилади. Тузатиш киритилган солиқ базасининг ушбу суммасига қўшимча ҚҚС суммаси ҳисобланади – 6 225 минг сўм.
Фойда солиғи бўйича ҳисоботда (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) қўшимча ҳисобланган ҚҚС суммаси – 6 225 минг сўм чегириладиган харажатларга киритилади ва Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0116-сатрида акс эттирилади.