Корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди. Автотранспорт воситасини ихтиёрий суғурта қилиш тўғрисида шартнома мавжуд. 2020 йил май ойида техник ЙТҲ содир бўлди (тош олд ойнани синдирди). Олд ойнани алмаштириш харажатлари 3 200 000 сўмни ташкил қилди. Суғурта компанияси 2 500 000 сўмни қоплаб берди.
1. ЙТҲ натижасида автомобилни таъмирлаш харажатлари ва суғурта компанияси томонидан қопланган сумма бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
2. Суғурта компаниясидан суғурта қопламасининг олиниши қандай солиқ оқибатларига олиб келади?
Бухгалтерия ҳисобида автомобилни таъмирлашга қилинган харажатлар ва уларнинг бир қисми суғурта компанияси томонидан қопланиши қуйидаги ўтказмалар билан акс эттирилади:
Хўжалик амалиёти мазмуни |
Ҳисобварақлар корреспонденцияси |
Сумма, сўм |
|
дебет |
кредит |
||
Автомобилни таъмирлаш учун харажатлар амалга оширилди, суғурта компанияси томонидан қопланиши кутилмоқда |
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» |
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар» |
3 200 000 |
Суғурта компанияси томонидан зарарнинг бир қисми қопланди |
5110-Ҳисоб-китоб счёти» |
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» |
2 500 000 |
Таъмирлашга қилинган харажатларнинг қопланмаган қисми харажатларга олиб борилди |
9430-«Бошқа операцион харажатлар» |
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» |
700 000 |
Суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (қопламаси) кўринишида олинган маблағлар фойда солиғи солиш мақсадларида даромад сифатида ҳисобга олинмайди (СК 304-м. 10-б.) Шу сабабли улар Фойда солиғи ҳисоб-китобида акс эттирилмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.