Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 30 / Коррупция – оқибати оғир иллат

Амир Темур коррупцияга қарши қандай курашган?

 

Мансабдор шахснинг бойиш мақсадида ўз мансаби билан боғлиқ ҳуқуқларини суиистеъмол қилишикоррупция энг қадимий жиноятлардан бири ҳисобланади. Ер юзидаги турли давлатлар ўтмишда ва ҳозирда дунёнинг барча қитъаларида коррупцияга қарши муваффақиятли ёки муваффақиятсиз кураш олиб борганлар ва олиб борадилар ҳам. Лекин ҳозирча уни батамом йўқ қилишнинг йўли топилганича йўқ.

 

Ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, марказлашган давлат асосчиси Амир Темур ҳам ўз давлатида коррупцияга қарши кескин курашган. Тарихчи олима Шоҳиста Ўлжаеванинг қайд этишича, Соҳибқирон мансабпараст ва молпараст амалдорларнинг ўз мақсадларига етишиш учун ҳар қандай йўлга кириши, бунинг оқибатида коррупция урчиши мумкинлигини яхши тушунган.

Амир Темур ҳукмдорга хиёнат, порахўрлик, мансабини суиистеъмол қилиш, халқ манфаатидан ўз манфаатини устун қўйиш сингари ўта хавфли иллатларни қатъий чоралар билангина бартараф этиш мумкинлигини чуқур англаб, уларга нисбатан чора-тадбирлар қўллаган.

Шундай чора-тадбирлардан бири сифатида давлат органлари ходимларининг ойлик маошлари оддий хизматчиларникидан ўн, юз ҳатто минг баробаргача кўпайтирилган. Амир Темур салтанат саройидаги давлат учун манфаати тегадиган кучли арбоблар ва олимларнинг маошини кўтариш орқали порахўрлик ва бошқа иллатларнинг олдини олишга, уларни муносиб тақдирлашга ҳаракат қилган.

Шу тариқа, фармон ҳамда қонунларда мансабдор шахснинг мансабига қараб ҳақ тўлаш, унинг шахсий ва интизомий жавобгарлиги, совғалар олиши масаласи меъёрлаштирилган. Шунингдек, марказий ва маҳаллий давлат органлари тизимини ташкил этишда давлатга қарши жиноятлар ҳамда коррупциянинг олдини оладиган қонуний асослар яратилган.

 

Амир Тeмур коррупцияга қўл урган авлодларини ҳам аямаган

Амир Темур давлатида вақти-вақти билан сўров, текшириш, тафтиш, терговлар ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик кабилар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Суиистеъмол қилиш раият орасидагина эмас, Темур авлодлари орасида юз берганида ҳам улар тегишли жазоларга тортилганлар.

Чунончи, Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ, невараси амирзода Пирмуҳаммад лавозимларини суиистеъмол қилганликлари, фуқаро ва давлат манфаатини ҳимоя қилишда совуққонликка йўл қўйганликлари учун ҳазрат соҳибқирон томонидан қаттиқ жазоланганликларини темуршунос тарихчиларнинг аксарияти, ҳатто Амир Темур шахсиятини унчалик хуш кўрмаган осиёлик ва европалик тарихчилар ҳам қайд этадилар.

Эркин Азимовнинг «Амир Темур салтанати» китобида Соҳибқироннинг коррупцияга қарши кураш жараёнида қўллаган чораларидан бири баён этилган. Унда қайд этилишича, Амир Темур ҳар гал сафардан қайтганда Самарқанд аҳолисининг аҳволидан хабар олар ва маълум кунларда арзчиларни қабул қилар эди. Бу қабул пайтида шаҳар ҳокими ва амалдорлар оддий халққа нисбатан қандай муомала қилаётганини билиб олар эди.

Оддий деҳқонлардан бир гуруҳи мироблар ишидан норози эдилар. Мироблар ариқларни тўсиб, ким пора берса, уларга сув очиб бераётган эдилар. Бу қинғирлик одам ўлдириш каби оғир жиноят билан тенг эди. Амир Темур бу оғир жиноятни кўриб чиқар, холис кишиларни – саййидларни чақирар ва улар иштирокида одил ҳукм чиқариб, айбдорни шу ерда жазолаб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборишга фармон берар эди.

 

Соҳибқирон коррупцияга қарши жамоатчилик назоратини кучайтиришга интилган

Амир Темур мансабини суиистеъмол қилиб, давлат ва халқ ҳақига хиёнат қилган шахсларни қандай мансаб эгаси бўлишидан қатъи назар, жазосиз қолдирмасди. Масалан, 1404 йили Самарқандда бўлган Испания қироли Генрих III нинг элчиси Луи Гонсалсес де Клавихо Амир Темурнинг 1404 йил 9 октябрь куни ўз мансабини суиистеъмол қилиб, давлатга хиёнат қилган амалдорларни халқ кўзи олдида жазолагани ҳақида гувоҳлик беради. «У, – деб ёзади Клавихо, – Самарқанд империясида энг катта одам эди. Темурбек бундан олти йилу ўн бир ой аввал уни алкалд (вазир) этиб тайинлаб кетган эди. У бўлса шу вақт ичида мансабини суиистеъмол қилди».

Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома»сида баён этилишича, Амир Темур олим-уламолар билан суҳбатларидан бирида сўзлаган нутқида: «Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан қисиб қўйилиши каби ҳоллар ҳам мендан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берсангизлар, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўлур эди», дейди. Демак, Амир Темур коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратидан фойдаланиш лозим деб ҳисоблаган.

 

Алишер Эгамбeрдиев.

ЎзА. 

Прочитано: 355 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика