Ташкилот директори жиноят содир этганликда айбланиб қўлга олинди ва тергов изоляторига жойлаштирилди. Бир неча ойдан кейин бўлиб ўтган суд жараёни якунига кўра у тўлиқ оқланди. Бу орада у ишдан бўшатилмаган эди. Унинг мажбуриятларини вақтинча муассис бажараётган эди. Ҳозир у озод этилиб, ўз мажбуриятларини бажаришга киришди.
У мажбурий тартибда ишда бўлмаган вақти учун иш ҳақи ва бошқа тўловларни (мукофот, устамалар) талаб қилишга ҳақлими? Унга берилмаган иш ҳақи қандай тартибда ва ким томонидан қопланади?
– Ҳа, ҳақли.
Жисмоний шахсга оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани натижасида унга етказилган мулкий зарар (ЖПКнинг 302-моддаси) тўла ҳажмда қопланади (ЖПКнинг 304-моддаси).
Реабилитация этилган шахс маҳрум бўлган иш ҳақи ва бошқа меҳнатга оид даромадлар унинг яшаш жойидаги ҳокимиятнинг молия бўлими томонидан тўла қопланиши лозим (АВ томонидан 12.01.2002 йилда 1095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 3-банди).
Иш ҳақини қоплаш учун оқлов ҳукмида реабилитация этилган шахс мулкий зарарни ундиришга ҳақли эканлиги эътироф этилиши лозим.
Олинмай қолган иш ҳақини ундириш тартиби:
1) реабилитация этилган шахс оқлов ҳукмини чиқарган судга етказилган зарарни қоплаш тўғрисида ариза тақдим этиши лозим. Суд ариза тушган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмасдан зиён миқдорини аниқлайди (ЖПКнинг 306-моддаси);
2) реабилитация этилган шахсни қоплов миқдори қониқтирмаган ҳолларда, суднинг ажрими устидан шикоят қилиши мумкин (ЖПКнинг 308-моддаси). У, шунингдек, етказилган маънавий зарарни компенсациялаш тўғрисидаги даъво тақдим этиши мумкин (ФКнинг 1021-моддаси). Даъво фуқаролик судида кўриб чиқилади (ОСПнинг 28.04.2000 йилдаги 7-сон қарорининг 9-банди).
3) ажрим олинган кундан бошлаб 10 кун давомида белгиланган мулкий ва маънавий зарар суммалари ҳудудий молия органлари томонидан ажримда кўрсатилган банк ҳисобрақамига ўтказилади (Йўриқноманинг 4-банди). Ажримда қуйидагилар кўрсатилади:
♦ бошқа ижро муддати кўрсатилган бўлса, молия органи ушбу муддатни эътиборга олиши керак;
♦ банк ҳисобрақами кўрсатилмаган бўлса, маблағлар реабилитация этилган шахс ўз хатида кўрсатган ҳисобрақамга ўтказилади.
Мулкий зарарни қоплаш учун пул товони тўлаш талабномалари ажрим олинган пайтдан эътиборан 2 йил мобайнида талаб қилиниши мумкин (ЖПК 312-моддаси).
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.