Кўп қаватли уйда яшайман. Уйимизнинг биринчи қавати нотурар жой ҳисобланади. Унда қандолатчилик цехи, озиқ-овқат дўкони, бильярд клуби, тикувчилик цехи жойлашган. Бильярд клубининг ишлаш тартиби тун бўйи тинчлик бермаяпти: қичқириқлар, ҳақоратлашлар ва ҳ.к.
Бильярд клубининг фаолияти қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишини айтсангиз.
– Бильярд жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт-кўнгилочар тадбирларини ўтказишга имкон берувчи жисмоний тарбия ва спорт воситалари жумласига киради.
2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган, тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялар бундан мустасно (ВМнинг 16.08.2007 йилдаги 176-сон қарори 1-банди).
Бильярд 5-тоифадаги спорт иншоотларининг жисмоний тарбия ва спорт воситаларига киради (АВ томонидан 6.03.2006 йилда 1550-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 15-банди). Ўз навбатида, уларга спорт турлари бўйича оммавий спорт тадбирлари, ўқув машғулотлари, ўқув-машқ йиғинлари ўтказилишини таъминлаш, шунингдек аҳолига жисмоний тарбия-соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган махсус иншоотлар киради (Низомнинг 2-банди).
Бильярд қимор ўйинлари турига кирмаганлиги, хўжалик юритувчи субъектлар эса қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли бўлганлиги сабабли («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси) бильярд клуби ташкилоти қонун ҳужжатлари нормаларини бузмаяпти.
Тунги вақт – соат 23.00 дан 6.00 гача – фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш фуқароларга ЭКИҲнинг 1/3 қисми, мансабдор шахсларга эса 1/3 қисмидан 1/2 қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 192-моддаси). Бильярд клубининг фаолияти тун бўйи тинчлик бермаётган бўлса, ички ишлар бўлимининг навбатчи қисмига ёки маҳалла фуқаролар йиғинларининг профилактика инспекторига шикоят билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.