Ходим ФҲШ бўйича ишга қабул қилинди. У Хоразмда яшайди ва ишлайди (офис Тошкентда жойлашган). Ходим ҳисоботларни топшириш учун Тошкентга келади ва йўл харажатларини (Хоразм–Тошкент–Хоразм, темир йўл) компенсациялашни сўраяпти.
Бундай қилиш мумкинми? Компенсация 100% миқдорида тўланадими?
– Ҳа, хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартномани тузиш чоғида тарафларнинг келишуви бўйича шундай қилса бўлади.
Ходимни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишга қабул қилиш мумкин эмас. Ишга фақат меҳнат шартномаси бўйича қабул қилинади. ФҲ шартномалар меҳнатга оид эмас, балки фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Уларни тузишда корхона иш берувчи эмас, балки буюртмачи сифатида, жисмоний шахс эса ходим эмас, ижрочи сифатида чиқади.
Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Тарафлар келишувига кўра белгиланган нарх бўйича шартномалар ижроси учун ҳақ тўланади (ФКнинг 356-моддаси). Тегишинча, корхона ва жисмоний шахс шартнома бўйича тўлов миқдорига Хоразм–Тошкент–Хоразм йўналиши ҳақини тўлиқ ёки қисман киритишга ҳақли. Бунда солиқ оқибатларини ҳисобга олиш лозим.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.