Квартира эгаси бўлмиш отам оила аъзоларининг ҳар бирига – турмуш ўртоғига (онамизга), акам ва менга квартиранинг 1/3 қисмини васият қилган. Отамнинг вафотидан кейин бир йил ўтди ва мерос иши очилди. Ҳозир акам онамни квартирани сотишга ва бошқа давлатга уникига кўчиб ўтишга кўндиряпти. Мен сотиш ва кўчишга қаршиман, чунки онам ёши улуғлиги туфайли ва саломатлик ҳолатига кўра бундай масофани кўтаролмаслиги мумкин.
Онам ва акам менинг розилигимсиз квартирани сотиб юборишлари мумкинми? Олди-сотди битимини бартараф этиш учун нима қилиш керак?
– Йўқ, сиз розилик бермасангиз, улар квартирани сота олмайдилар. Бироқ уларга тегишли улушларни сотишларига сиз тўсқинлик қила олмайсиз.
Улушли мулкдаги квартира унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилади (ФКнинг 218-моддаси). Тегишинча, квартира унинг барча мулкдорларининг розилигисиз сотилмайди.
Улушли мулк иштирокчиси ўз хоҳишига қараб ўз улушини сотишга, совға қилишга, васият қилиб қолдиришга, гаровга беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли бўлади (ФКнинг 218-моддаси). Бироқ мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтида қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотиладиган нархда ва бошқа тенг шартларда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар, кимошди савдоси орқали сотиш ҳоллари бундан мустасно. Бунинг учун умумий мулкдаги улушни сотувчи ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида бошқа мулкдорларга ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши шарт. Қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқдан бир ой давомида фойдаланмасалар, сотувчи ёзма хабарда кўрсатган нарх ва шартларда ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади. Шартлар бузилган тақдирда, бошқа мулкдорлар 3 ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидирлар (ФКнинг 224-моддаси).
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.