Маҳаллий ишлаб чиқарилган алкоголли маҳсулотларни рухсатнома ҳужжатларисиз дўконда сотиш мумкинми?
– Йўқ, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун рухсат гувоҳномасини олиш лозим, маҳаллий ишлаб чиқарилган пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно.
Алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан фақат рухсат гувоҳномасини олган юридик шахслар шуғулланиши мумкин (Низомнинг 2-банди, 16.03.2007 йилдаги ПҚ-605-сон қарорга 1-илова).
Бунда 2019 йил 6 февралдан маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш барча савдо корхоналари томонидан, меҳмонхоналар хизматларини кўрсатадиган ташкилотлар ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш гувоҳномаси бўлмасдан туриб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин (5.02.2019 йилдаги ПФ-5656-сон Фармоннинг 3-банди).
Президентнинг ПФ-5656-сон Фармони чиққанига қарамай, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмаган. Савдо-саноат палатаси оғзаки сўровга тартиб мавжуд бўлмаганлиги ва қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмаганлигига қарамай, Президент Фармони билан маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш рухсат этиш гувоҳномаси бўлмасдан туриб амалга оширилиши мумкинлиги белгиланганини маълум қилган. Бундан ташқари, ССП мутасадди вазирликларга мазкур масала юзасидан ўзгартиришлар киритиш ва юридик шахсларнинг шахсий мурожаатларини эътиборга олган ҳолда тартиб ўрнатиш учун хат юборган.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.