Ходим 2017 йил 7 октябрда ишга қабул қилинган, 2019 йил июлда навбатдаги меҳнат таътилини оляпти. Буйруқ қуйидагича расмийлаштирилган: «7.10.2018 йилдан 6.10.2019 йилгача бўлган иш даври учун меҳнат таътили берилсин».
Ходим таътилга кетишдан олдин ишлаб бермаган ҳолларда, ушбу давр ҳам буйруқда кўрсатиладими?
– Ҳа, кўрсатилади.
Ходимга навбатдаги меҳнат таътили берилаётган иш даври буйруқда қуйидагилар учун кўрсатилиши лозим:
♦ кейинги таътиллар тўғри расмийлаштирилиши;
♦ кейинчалик фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация ҳисоблаш ва бошқалар.
Ходимга таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим (МКнинг 143-моддаси 5-қисми). 7.10.2018 йилдан 6.10.2019 йилгача бўлган давр тўғри кўрсатилган.
Жорий йилнинг июль ойида кўрсатилган давр учун таътил берилганда, ходимнинг таътилга бўлган тўлиқ ҳуқуқи 2019 йил 6 октябрдагина ишлаб берилиши мумкинлигини ёдда тутиш лозим. Кўрсатилган санага қадар у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, ходимнинг меҳнат ҳақидан фойдаланилган, бироқ ишланмаган таътил кунлари учун ушлаб қолишлар амалга оширилади. Ушлаб қолишлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан кейинги кундан таътил берилган иш даври якунлангунига қадар бўлган давр учун амалга оширилади (МКнинг 164-моддаси 4-банди).
МИСОЛ. Ходим 18 иш куни давомийлигида 7.10.2018 йилдан 6.10.2019 йилгача бўлган иш даври учун меҳнат таътилидан фойдаланди. 2019 йил 31 августда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳисоб-китоб қилиш чоғида ходимдан 1.09.2019 йилдан 6.10.2019 йилгача бўлган даврда фойдаланилган, бироқ ишланмаган таътил – 1,5 (бир ярим) иш куни учун ушлаб қолинади (таътил миқдорини 12 иш ойига бўлиш ва ой тугагунига қадар ишланмаган бир кунга (мазкур ҳолатда) кўпайтириш лозим).
2019 йил 7 октябрдан бошлаб ходим яна бир навбатдаги меҳнат таътилидан фойдаланишга ҳақли бўлади.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.