Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш қанчага тушади
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар ва улар бўйича тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек кўчмас мулк объектлари манзилларини белгилаш, ўзгартириш ва мавжудлигини бекор қилиш бўйича хизматлар нархлари тасдиқланди (ВМнинг 24.07.2019 йилдаги 623-сон қарори).
2014 йил 1 августдан бошлаб кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни, кўчмас мулк объектларини ижарага бериш (ижарага олиш) шартномаларини, ипотека ва ипотека шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек айрим кадастр маълумотномаларини бериш бепул амалга оширилган. Бироқ, 2018 йилнинг декабрь ойида янги тартибнинг (ВМнинг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарори) тасдиқланиши билан бу норма амал қилишни тўхтатди. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (1060-сон ВМҚга 1-илова) 2019 йил июнь ойида киритилган тузатишлар туфайли рўйхатдан ўтказиш учун ариза билан бирга йиғим тўланганлиги ҳақида ҳужжат тақдим этилади. Лекин ушбу йиғимнинг миқдори тасдиқланмаган эди.
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматлари нархи базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) каррали равишда қуйидаги тарзда белгиланади:
а) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни (давлат реестридан кўчирмалар бериш билан) ва улар бўйича тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун:
♦ умумий майдони 100 м2 гача бўлган жисмоний шахсларнинг турар жой кўчмас мулки – 1,25 БҲМ, 101 дан 300 м2 гача – 2 БҲМ, 301 м2 дан ортиқ – 3 БҲМ, юридик шахслар учун эса майдонидан қатъи назар – 5 БҲМ;
♦ жисмоний шахсларнинг нотурар жой кўчмас мулки – 3 БҲМ, юридик шахслар – 5 БҲМ;
♦ жисмоний шахслар учун якка тартибда турар-жой қуриш учун ажратилган ер участкаси, – 1 БҲМ, нотурар жой объектларини қуриш учун – 3 БҲМ, юридик шахсларга тақдим этилгани учун – 5 БҲМ;
♦ ипотека ва ипотека ҳақидаги шартнома, шунингдек, ижара ҳуқуқи – 1,25 БҲМ;
б) мулкида турар жой борлиги (йўқлиги) ҳақида ахборот бериш учун – БҲМнинг 20%и;
в) кўчмас мулк объектларига манзиллар бериш, уларни ўзгартириш ва мавжудлигини бекор қилиш учун – 1 БҲМ.
Умумий майдонни аниқлашда барча иморатлар ва иншоотларнинг умумий майдони ҳисобга олинади. I ва II гуруҳлар ногиронлари ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари тасдиқланган қийматнинг 50%ини тўлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.09.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.
Қандай банкноталарни айирбошлаш шохобчаси қабул қилмайди
Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди (АВ томонидан 6.08.2019 йилда 3029-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Биринчидан, энди банк ва банк хизматлари офисида жойлашган валюта айирбошлаш шохобчасида иш ҳажмидан келиб чиқиб зарурият бўлганда ходимлар сони битта ходимгача камайтирилиши мумкин (стандарт – иккита ходим, таҳр.). У бир вақтнинг ўзида назоратчи ва кассир вазифасини бажаради. Бу банк раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Илгари эса, аксинча, қўшимча ходимларни жалб қилиш имконияти ҳақида сўз юритиларди.
Иккинчидан, фақат тақдим этилган чет эл валютасининг ҳақиқийлиги ва муомалага яроқлилиги техник воситалар ёрдамида текширилгандан сўнг валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилиши қатъий баён этилган.
Учинчидан, ҳақиқийлигига шубҳа туғилган нақд чет эл валютасини экспертиза қилиш учун воситачилик ҳақи ундириш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.
Тўртинчидан, шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланадиган белгилар аниқлаштирилди:
♦ сийқаланиш ва ифлосланиш даражаси банкнота тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини бериши, унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермаслиги ва асосий белгиларидан бирининг 50%идан ортиғини тўсиб қўймаслиги керак.
♦ банкнотада диаметри 1 мм дан ошмаган ва иккитадан ортиқ тешиклар бўлса, улар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва асосий белгиларидан бирининг 50%идан ортиғини тўсиб қўймаган бўлиши керак.
Шикастланиш белгиланган меъёрлардан ошган тақдирда (56-банд) ҳам банкнота муомалага яроқсиз деб ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.08.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.