Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 33 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Рекламага доир қонунчилик замонга ҳамоҳанг бўлади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Реклама соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

 

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг оммавий ахборот воситалари фаолиятида қўлланилиши масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад оммавий ахборот воситалари орқали рекламани амалга оширишга қаратилган ҳуқуқий механизмларнинг қонун лойиҳасида қай даражада ёритилганини мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларининг масъул вакиллари билан ҳар томонлама муҳокама қилиш, энг муҳими, янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Давра суҳбатида реклама фаолияти ва реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий дунёда рекламани тартибга солишнинг янги ҳуқуқий механизмлари қўлланилаётгани қайд этилди. Бугунги кунда реклама фаолияти 1998 йилда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда 6 та қонуности ҳужжати билан тартибга солинади.

Ўтган давр мобайнида қонунга 14 маротаба тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Охирги йилларда электрон тижорат ва маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, вояга етмаганлар учун дори воситаларини реклама қилишга рухсат бериш таомилларини соддалаштиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу маънода, тадбир иштирокчилари амалдаги қонуннинг нормалари сезиларли даражада эскирганини, замонавий реклама бозори талабларига жавоб бермаслигини таъкидлади. Қатнашчиларнинг фикрича, унда электрон тижоратда товарларни (хизматларни) реклама қилишга нисбатан талабларни белгиловчи қоидалар мавжуд эмас, шунингдек, товарларнинг харидини рағбатлантирувчи тадбирларни реклама қилиш тартибга солинмаган.

Қонунда товарларнинг бозорда харидорлигини оширишнинг кенг усулларидан бири реклама акцияси тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби назарда тутилмаган. Дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг рекламаси тўғрисидаги нормаларни янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси оммавий ахборот воситалари орқали рекламани тарқатиш соҳасида тўғридан-тўғри амал қилувчи, замонавий талабларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унга мувофиқ, рекламани оммавий ахборот воситаларида тайёрлаш, тарқатиш, жойлаштириш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш масаласи янада такомиллаштирилмоқда.

Тадбирга жалб қилинган халқаро эксперт ва мутахассислар қонун лойиҳасининг нормалари ва принциплари халқаро ҳуқуқ қоидаларига тўлиқ жавоб беришини, тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, хорижий инвесторлар ва реклама соҳасини тартибга солиш жараёнидаги бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатловчи норматив ҳужжат бўлишини қайд этди.

Давра суҳбати доирасида кечган баҳс-мунозара, тортишувлар, фикр алмашиш асносида реклама соҳасидаги қонунчиликни тартибга солишнинг ҳолати ва истиқболлари чуқур муҳокама этилди. Миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ЎзА.

Прочитано: 814 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика