Ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаши билан 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилига чиқмоқчи.
Мазкур ҳолатда ходима боланинг туғилганлик гувоҳномасини кўрсатиши зарурми?
– Ҳа, зарур.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин ишлайдиган аёллар 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил олишга ҳақлидир (МКнинг 234-моддаси). Унинг тугаш муддати меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилади. Ходима болани парваришлаш таътилида бўладиган охирги кун боланинг 2 ёшга тўладиган туғилган куни ҳисобланади.
2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилини тўғри расмийлаштириш учун таътил бериш тўғрисидаги буйруқда мазкур ҳолатда тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага асосан 2 ёшга тўладиган санага тўғри келадиган таътилнинг тугаш куни аниқ кўрсатилади.
Буйруқда тасдиқловчи ҳужжатларга асосан кўрсатилган 2 ва 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилларининг аниқ санаси иш берувчи учун ҳам, ходим учун ҳам муҳимдир. Ушбу даврда аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиб қолади, бу таътиллар меҳнат стажига киритилади. Саналар ходиманинг кейинги меҳнат таътилларига бўлган ҳуқуқини белгилашда ҳам керак бўлади, чунки болани парваришлаш таътиллари вақти меҳнат таътилига ҳуқуқ берувчи иш стажига киритилмайди.
Бундан ташқари, жамоа шартномасида ва ташкилотнинг бошқа локал ҳужжатларида муайян ёшгача болалари бўлган ходималар учун имтиёзлар назарда тутилган бўлса, боланинг туғилганлик гувоҳномаси ушбу имтиёзларни расмийлаштириш учун зарур бўлади.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.