ДБҚ Миллий кинология марказида ёнғин хавфсизлиги бўйича амалий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Сергели тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлими 8-сон ХЁХҚ бошлиғи, майор Х.Мерганов, Сергели тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими катта сержанти Д.Маматбоев, бир гуруҳ ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳамда Марказнинг шахсий таркиби ва тингловчилар иштирок этди.
Тадбирда «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (23.05.2017 йилдаги 2992-сон) ҳамда аҳолини ёнғин хавфидан муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга турли ҳодисалар ёки фуқароларнинг лоқайдлиги оқибатида содир бўлаётган ёнғинлар олдини олиш, бундай ҳолатларда инсонларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлишига йўл қўймаслик, ёнғинларни бошланғич жараёнида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ҳамиша турар-жойларимизда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, электр ҳамда газ мосламаларидан тўғри фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда Ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан олиб келинган ёнғин ўчириш машинаси кўргазма сифатида кўрсатилди ҳамда ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан ўт ўчириш мосламалари ва улардан тўғри фойдаланиш бўйича маълумотлар берилди.
Нафосат НИЁЗМЕТОВА,
Миллий кинология маркази ходими.