Деталларни уларнинг қийматини кўрсатган ҳолда «тўлов тўламаслик» шарти билан етказиб беришга доир импорт контракти тузилди. Деталларнинг сифати ва бошқа тавсифлари ишлаб чиқаришга мос келса, ушбу ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида фойдаланилади. Кейинчалик ҳақини тўлаган ҳолда етказиб берилади.
Техник тавсифлари ушбу ишлаб чиқаришга мослигини текшириш учун намуналар сифатида текинга олинган хом ашё ва материаллар қайси счётда ҳисобга олинади?
– Текинга олинган мол-мулк 8530-«Текинга олинган мол-мулк» счётининг кредитида мол-мулкни ҳисобга олувчи счётлар билан корреспонденцияда акс эттирилади. Ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида фойдаланилганда 1010-«Хом ашё ва материаллар» счётининг дебетида уларни харид қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилади (Йўриқноманинг 354-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова; АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 13-банди).
Текинга олинган мол-мулк қиймати ЯСТ ва фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда бошқа даромадга киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.