Ташкилот (МЧЖ) 15.05.2018 йилда АЖга айлантирилди. Президентнинг 21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон қарорининг 5-бандига мувофиқ, хорижий инвесторларнинг акцияларидан дивиденд тарзида олаётган даромадлари 1.01.2020 йилгача солиқ тўлашдан озод қилинади. 15.05.2018 йилгача (АЖга айлангунга қадар) ва 15.05.2018 йилдан кейин (АЖга айланганидан кейин) топилган фойда мавжуд.
1. Ташкилот ПҚ-2454-сон қарорга мувофиқ имтиёзни қўллаб, 15.05.2018 йилдан 12.09.2018 йилгача бўлган давр учун акциядорга 12.09.2018 йилда дивидендларни тўлаши мумкинми?
2. АЖга айлантирилгунга қадар топилган фойдадан солиқ тўлаб, уни кейинроқ (масалан, декабрда) олиш мумкинми?
1 |
Йўқ, 2018 йил 15 майдан 12 сентябргача бўлган давр учун АЖ дивидендларини сентябрда тўлаб бўлмайди.
Май ойидан сентябрь ойигача бўлган давр учун АЖ дивидендларини IV чоракда ҳисоблашингиз ва тўлашингиз мумкин, сабаби дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарор:
● чорак натижаларига кўра, яъни 2018 йил 30 сентябрдан кейин («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 49-моддаси);
● жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, унинг маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши мумкин (Қонуннинг 50-моддаси).
Бунда хорижий инвесторга ҳисобланган АЖ акцияларидан дивидендлар 2020 йил 1 январгача солиқ солишдан озод қилинади (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон қарорнинг 5-банди).
2 |
МЧЖ фаолияти якунлари бўйича ҳисобланган дивидендларни кейинроқ олишингиз мумкин.
МЧЖ якуний молиявий ҳисобот тузиши чоғида даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш счётлари ёпилади ҳамда соф фойда суммаси муассисларнинг ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорида белгиланган мақсадларга йўналтирилади (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 23-сон БҲМСнинг 59-банди).
Яъни МЧЖ якуний молиявий ҳисоботи тузиладиган пайтга келиб фойдани тақсимлаш масаласи ҳал этилган бўлиши керак. 2018 йил 15 майгача жамғарилган фойдани дивидендларга йўналтирсангиз, МЧЖ якуний молиявий ҳисоботида корхонанинг муассислар олдидаги дивидендлар тарзидаги қарзи суммаси (6610-«Тўланадиган дивидендлар» счёти) акс эттирилган бўлиши керак.
Ўзгартиришда янги вужудга келган юридик шахсга қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бериш йўли билан корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилади (23-сон БҲМСнинг 5-банди).
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунда дивидендлар ҳисоблангандан кейин уларни тўлаш муддатлари белгиланмаган. Дивидендлар МЧЖ мавжуд бўлган даврда ҳисобланганини ҳамда АЖ унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини олишини инобатга олиб, корхона МЧЖ мавжуд бўлган даврда ҳисобланган дивидендларни тўлаш муддатларини мустақил белгилаши мумкин деб ҳисоблаймиз.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.