Иш жадвали – олти кунлик. Ходим 2018 йил 10 августда ишдан бўшади. Табелга кўра 1 августдан 10 августгача 9 иш куни чиқди. 14 иш кунидан иборат фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисобланди.
Фойдаланилмаган таътил учун компенсация кунлари ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда инобатга олинадими?
– Йўқ, фойдаланилмаган таътил учун компенсация кунлари ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда ҳақиқатда ишлаган кунларга қўшилмайди.
Ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларига корхона ходимлари ишлаган кунлар (шу жумладан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича), йиллик меҳнат таътилларига ва иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган таътилларга тўғри келадиган кунлар киради (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-банди).
Ушбу вазиятда август ойи учун ЯИТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобига фақат ҳақиқатда ишланган 9 кун учун тўловни киритасиз. 14 кунлик фойдаланилмаган таътил учун компенсация ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Ходим кейин ишдан бўшайдиган бўлиб меҳнат таътилини олган, яъни таътил кунларидан фойдаланган бўлса, ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда бу кунларни ҳақиқатда ишланган кунлар сифатида ҳисобга олиш зарур.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.