Божхона брокерлари уюшмасининг яқинда бўлиб ўтган 9-анжумани доирасида ББУнинг умумий мажлиси ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар учун семинар ўтказилди. Тадбирда ЎзР ДБҚ вакиллари иштирок этди.
Иш натижалари
Анъанага кўра, мажлис Уюшманинг янги аъзоларига аъзолик сертификатларини тантанали топширишдан бошланди. Ўзбекистонда божхона брокерлари институти фаолият юритиш қоидалари ўзгараётган бир вақтда ББУ сафларининг кенгайиши кутилмаган воқеа бўлди. Охирги 3 ойнинг ўзида унга йигирмага яқин божхона брокерлари ва фаолияти ТИФ билан боғлиқ бўлган бошқа юридик шахслар кирди. Бугун ББУнинг аъзолари 74 нафарга етган.
Сўнгги 2 йил давомида ББУ профессионал ҳамжамиятни ривожлантиришда кучларни бирлаштирувчи бўғинга айланди. ББУ Уюшмани ТИФ иштирокчилари, божхона брокерларининг божхона органлари билан ўзаро муносабатлари замонавий андозасини қуришда божхона брокерларининг ролини оширишга қодир бўлган сифат жиҳатидан янги ташкилотга айлантириш ташаббускори бўлди.
Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурига (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармон билан тасдиқланган) мувофиқ божхона қонунчилиги ўзгармоқда. Шунингдек, божхона назорати тизими ва божхона соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам ўзгаришларга юз тутди. Бундай вазият божхона брокеридан ўз малакасини доимий ошириб бориш ва муваффақиятли иш олиб бориш учун умумий трендда сақланиб туришни талаб этади. Ана шу мақсадларда Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш маркази ташкил этилди, июль ойидан мунтазам тренинглар, августдан эса ўқув курслари ўтказилмоқда. Марказнинг иши ва истиқболдаги режалари ҳақида ББУ раиси Арсен Айрапетьянц сўзлаб берди.
Унинг айтишича, ББУ профессионал брокерлар ҳамжамиятлари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантирмоқда. У МДҲ мамлакатлари уюшмалари орасида биринчи бўлиб апрель ойида Божхона брокерлари уюшмаларининг халқаро федерациясига (IFCBA) аъзо бўлди. Май ойида Тошкентда Марказий Осиё божхона брокерлари уюшмаларининг биринчи анжуманини ўтказди. Мазкур тадбир Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмалари ўртасида ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик келишувлари тўғрисидаги баённомани амалга оширишда биринчи амалий қадам бўлди. Тошкент анжуманини ўтказиш доирасида Тожикистон Божхона брокерлари уюшмаси ҳам Баённомага қўшилди.
Ўз фаолиятини рейтинг баҳолашдан ихтиёрий ўтказишни истаган 15 та божхона брокерларининг иштироки якунлари бўйича 2018 йилги божхона брокерларининг рейтинг-варақаси шакллантирилди. Бу Уюшма божхона брокерининг профессионаллиги, мижоз билан тузилган шартнома шартларини бажаришда унинг виждонлилиги ва ҳалоллигини расмий тасдиқлайдиган Марказий Осиё минтақасидаги илк тажрибадир. Божхона брокерларининг ягона профессионал ҳамжамияти бўлмиш Уюшма ТИФ иштирокчилари ва божхона брокерларини ташвишлантирадиган масалаларни шерикчилик тарзида ҳал этиш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан доимий мулоқот ўрнатган. Хусусан, Ташқи савдо вазирлиги, ДБҚ, ССП, ЛБМА ва ЎзЛиДеП билан фаол ҳамкорлик қилиб келади.
ББУ қонун ижодкорлиги фаолиятида фаол иштирок этиб келади. Уюшма аъзоларининг манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг эксперт кенгаши раиси ва аъзолари янги таҳрирдаги Божхона кодексининг лойиҳаси устида ишлашда иштирок этдилар. Ҳозирги пайтда лойиҳа ББУ аъзоларининг муҳокамасига қўйилган.
2018 йилнинг 8 ойи давомидаги ҳисобот муҳокамасининг якунлари бўйича кўрсатиб ўтилган бир қанча мулоҳазалар ва тавсиялар, айрим тузатишлар киритилгандан кейин ББУнинг 2018 йил охирги чораги учун фаолият режаси тасдиқланди.
Биринчи усулнинг камчиликлари
Божхона қийматини биринчи усул бўйича белгилаш божхона ҳуқуқни қўллаш амалиётида энг муназарали мавзулардан бири ҳисобланади. Бир томондан, қонун ҳужжатлари нормаларида божхона қийматининг асосида товарнинг реал нархи, битимнинг реал қиймати ётиши белгиланган. Айни вақтда эса божхоначиларга битимнинг эълон қилинган қийматини текшириш ва уни қабул қилмаслик учун катта ваколатлар берилган. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг буюртмасига биноан олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда у бўйича битимнинг қийматига доир усулни қўллашнинг амалий жабҳалари тўғрисида ББУ раисининг ўринбосари Энвер Халилов сўзлаб берди.
Бу божхона қийматини белгилашнинг асосий усулидир. Шунинг учун баҳолашни бошлашдан аввал унинг қўлланилиш параметрларини белгилаб олиш зарур. Бундан кўзланган мақсад – товарнинг контракт қийматини эътироф этиш. Усул олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини битим қиймати бўйича, яъни олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, Божхона кодексининг 304 ва 305-моддалари қоидалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади (БКнинг 303-моддаси).
Олиб кирилаётган товар божхона қийматини белгилашни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар:
● Божхона кодекси;
● Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича йўриқнома (АВ томонидан 13.01.1998 йилда 390-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
● Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 14.03.2017 йилда 2868-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Халқаро нормалар:
● 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича бош келишувнинг «Божхона мақсадлари учун товарни баҳолаш» VII моддаси;
● 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича бош келишувнинг «Божхона мақсадлари учун товарни баҳолаш» VII моддасини қўллаш бўйича келишув (Марокаш, 15.04.1994 йил).
Кодекс 304-моддасида Олиб кирилаётган товарга доир битимнинг нархига киритиладиган харажатлар рўйхати белгиланган. Улар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати ва бошқалар) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади. Божхона кодексининг 304-моддасида кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.
Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатлар ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда аниқланади.
305-моддада битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар кўрсатилган. Лекин улар, олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган тақдирда, чиқариб ташланади. Бу товар олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари; товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда ЎзРда тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланса.
Божхона кодексининг 306-моддаси олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усулдан фойдаланиш бўйича бир қатор чекловларни белгилайди.
Эксперт ҳужжатлар билан тасдиқлаш талабларига батафсил тўхталиб ўтди. Масалан, декларант томонидан маълум қилинадиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши керак. Божхона қийматининг декларациясида (БҚД) кўрсатилган суммалар ҳақиқатда тўланган ёки харидор тўлаши керак бўлган сумма сифатида ҳужжат билан тасдиқланиши керак. Шунинг учун божхона қиймати, БҚДда кўрсатилган унинг барча элементлари қуйидаги тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирдагина биринчи усул билан аниқланиши мумкин:
● битимнинг баҳоси – етказиб беришга тўловнинг счёт-фактураси (инвойс) билан;
● битим қийматига қўшимча ҳисоблашлар – тўлов ва товарнинг кузатув ҳужжатлари бошқалар;
● ҳисобдан чиқариладиган (чегириладиган) харажатлар – тўлов, товарнинг кузатув ва божхона ҳужжатлари билан.
Ҳужжат билан тасдиқламай туриб, биринчи усулни қўллаб бўлмайди. Уни қўллашнинг шарти бўлиб, қиймат баҳоси ёки уни ҳисоблашнинг усулини ўз ичига олувчи ташқи савдо шартномасининг (контрактининг) мавжуд бўлиши ҳисобланади. Унга кўра, товар экспорт мамлакатидан чегара орқали Ўзбекистонга жойлаштирилади ва бу товарнинг ўрнига харидордан пул ҳисоб-китобларининг (тўловларнинг) қабул қилинган шаклларига мувофиқ эквивалентдаги пул суммаси ёки товарлар олинади.
Айнан мана шу ўринда декларант биринчи усулнинг тўғаноқларидан бири – 2868-сон Йўриқномага дуч келади. Унга кераксиз ҳужжатларнинг бир қанчаси киритилган. Э.Халиловнинг қайд этишича, энди уларни тўплаш учун анча оворагарчилик бўлади. Йўриқноманинг лойиҳаси муҳокама қилинаётганда ҳеч ким бу жиҳатлар қалқиб чиқишини ҳисобга олмаган эди. Муаммони Маълум қилинган товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатларнинг рўйхати деб номланувчи 3-илова юзага келтирган. Умид қиламизки, янги таҳрирдаги Божхона кодексини қабул қилаётганда мазкур Рўйхат қисқартирилади.
ББУ эксперт кенгашининг аъзоси ўзининг амалий тажрибасидан келиб чиқиб, божхона қийматини назорат қилиш (1-усул) пайтида юзага келаётган муаммолар доирасини белгилади ва уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб ўтди.
1. Товарлар улар ишлаб чиқарилган мамлакатдан етказиб берилаётгани йўқ
Бундай етказиб бериш Божхона кодекси 306-моддасида кўрсатилган чекловлар рўйхатига кирмайди.
ЎзР ДБҚ вакиллари билан аввалроқ ўтказилган семинарда муаммони ҳал этиш йўллари эълон қилинган эди. Бу ҳолда БЮД топширилгандан кейин инспектор рапорт билан ДБҚнинг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилиши керак. Бошқармада уни кўриб чиқиб, хулоса тузишади. Шундан сўнг хулоса тизимга киритилади ва БЮДни расмийлаштириш имконияти туғилади.
Амалиётда божхона органи ходимлари БЮДни расмийлаштиришни рад этадилар. Декларант БЮДда маълум қилинган божхона қийматини тасдиқлаш учун ўзи ДБҚнинг ҳудудий бошқармасига ёзма равишда мурожаат қилишга мажбур. Бунинг учун, агар баҳоланаётган товар Ўзбекистонга қайта экспорт қилинаётган бўлса, эркин муомала учун чиқариш божхона режимида расмийлаштирилган декларацияни тақдим этиш керак бўлади. Унга қўшиб, олиб кирилаётган товар ишлаб чиқарувчисининг каталоглари, спецификациялари, нархлар прейскурантини (прайс-варақлар) тақдим этилади. Кўпинча ишлаб чиқарувчи бу нарсалар билан «бошини оғритиш»ни истамайди. Ана шу пайтда декларант вазиятнинг тутқунига айланади – божхона баъзида ишлаб чиқарувчи уларни тақдим этишдан бош тортаётгани ҳақидаги хатни талаб қилиб қолади.
2. Товарнинг келиб чиқиш сертификати мавжуд эмас
Бу биринчи муаммонинг ўзига хос учрайдиган ҳолатидир. Агар товар у ишлаб чиқарилган мамлакатдан келтирилмаган бўлса, экспортчи мазкур сертификатни тақдим эта олмайди. Биринчи вазият учун қилинган барча ҳаракатларни бу ерда ҳам қўлласа бўлади. Бироқ бу ҳолда амалиётда божхона органи анчайин қатъий вазиятни эгаллаб олади.
3. Товарлар уларни ишлаб чиқарувчиси бўлмаган етказиб берувчи томонидан етказиб берилади
Бундай вазиятда божхона органлари Ҳужжатлар рўйхатининг «п» бандига суянадилар ва олиб кирилаётган товар ишлаб чиқарувчисининг каталоглари, спецификациялари, нархлар прейскурантини (прайс-варақлар) талаб қиладилар. Уларга қўшиб, етказиб берувчининг ишлаб чиқарувчи билан шартномасини ҳам талаб қиладиларки, бу Рўйхатга зиддир.
Одатда амалиётда бундай прайс-варақлар кейинроқ, товар келгандан кейин тузилади ҳамда сотувчининг ишлаб чиқарувчи билан алоқаси бор бўлса, ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланади. Ёки бўлмаса, сотувчи томонидан прайс-варақ ёхуд тижорат таклифи тақдим этилади.
4. Турли хил ҳужжатларни талаб қилаётганда шахс омили
Божхона қийматини аниқлашнинг танланган усулини тасдиқлаш учун мажбурий бўлган ҳужжатлар рўйхатининг кўламдорлигини ҳисобга олган ҳолда инспектор олдиндан эҳтиёт чорасини кўриб, декларациялаш вақтида мавжуд бўлмаган ҳужжатларни талаб қилган вазиятлар учрайди, уларни эса тўплаш керак бўлади. Бундай ҳужжатлар бўлиб:
● етказиб берувчининг Ўзбекистон фирмасининг директори – Хитой фуқароси етказиб берувчининг ходими эмаслиги тўғрисидаги хати;
● аввалдан мавжуд бўлмаган тижорат таклифлари;
● ишлаб чиқарувчи нашр этмайдиган ва стандарт тарзда эълон қилмайдиган прайс-варақлар ҳисобланади.
Вазиятнинг мантиқсизлиги шундаки, мазкур ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини амалда текшириб кўришнинг имконияти йўқ.
Муҳокамада маълум бўлишича, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар бу каби вазиятларга тез-тез дуч келишар экан. Айримлар биринчи усул бўйича баҳолашда юзага келадиган бошқа муаммоларни ҳам санаб ўтишди.
Қуйидагилар таклиф этилди:
● олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашни тартибга солувчи ҳужжатлардаги зиддиятли талқин қилишлар батафсил баён этилган хатни ДБҚга тайёрлаш;
● 2868-сон Йўриқноманинг (хусусан, 3-иловаси) алоҳида қоидалари қайта кўриб чиқилишини тавсия этиш.
Э.Халиловнинг чиқишини ББУ эксперт кенгашининг раиси Холида Усмонова ўз мулоҳазалари билан тўлдирди ва унинг фикрича, мазкур мулоҳазаларни янги таҳрирдаги Божхона кодекси устида ишланаётганда инобатга олиш лозимдир.
Чунончи, Божхона кодексининг 301-моддасида божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати нимани англатишига янада аниқроқ таъриф бериш талаб қилинади. Товарнинг божхона қиймати – бу унинг ЎзР божхона чегарасини кесиб ўтгунгача бўлган қиймати эканлиги тўғрисидаги қўшимчани киритиш лозим, сабаби чегара товар ўз мақомини ўзгартирадиган жой ҳисобланади. Импортда – хорижийдан ичкига, экспортда – ичкидан хорижийга. Х.Усмонова контракт ва божхона қиймати ўртасидаги фарқнинг моҳиятини тушунтириб берди. Контракт қиймат учун етказиб беришнинг шартлари шартномага мувофиқ исталган тарзда бўлиши мумкин. Божхона қиймати учун импортда – CIP – ЎзР божхона чегараси, экспортда – DAF – ЎзР божхона чегараси.
Божхона кодексида импорт қилинадиган товарларнинг божхона қийматини аниқлашнинг 6 поғонали усули назарда тутилган. Амалиётда биринчи усулдан кейин кўпинча дарҳол захирадаги усулни (6) қўллашга ўтишади. Бу кўп ҳолларда ТИФ иштирокчиси билан божхона органларининг божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш жараёнидаги ўзаро тушунмовчиликлари билан боғлиқдир. Декларантлар божхона тозалови чоғида турли хил эҳтимолий тўсиқлардан қочиш мақсадида 6.3 усулига рози бўлишга мажбур бўладилар, бу эса божхона қийматини аниқлаш услубиятининг асоссиз равишда ўзгаришига олиб келади. Бунинг оқибати ўлароқ қонун ҳужжатларини бузган ҳолда тўлов суммалари ошиши юз беради.
Захирадаги усулни қўллар экан, божхона органи декларантга ёки божхона брокерига унинг тасарруфида бўлган ва маълумотлари йиллар давомида ўзгармайдиган нархларга доир ахборотни тақдим этади. Ваҳоланки, захирадаги усулни қўллаганда нархни ҳужжатли тасдиқлашга талаблар бошқа усулларга нисбатан анчайин қайишқоқ бўлади. Бунга жаҳон нархлари, ички бозор нархлари бўйича ахборот маълумотномалари, шунингдек, воситачилик ҳақи, чегирмалар, фойда, транспорт тарифларининг умумқабул қилинган статистика маълумотларидан фойдаланиш киради.
Тушунтиришларни «биринчи қўл»дан олиш
Семинарнинг иккинчи қисмида давра суҳбати йиғилиши бўлиб ўтди. «Чуқурсой» ва «Аркбулоқ» божхона постларининг катта инспекторлари Холида Раҳметова ва Изатилла Юсуфхўжаев божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг БЮДни тўлдираётганда йўл қўядиган одатдаги хатоликлари хусусида тўхталиб ўтишди. Улар бунга мисоллар келтириб, декларацияни нотўғри тўлдиришнинг қандай қилиб олдини олиш мумкинлигини тушунтиришди. Анжуман иштирокчиларининг саволларига жавоблар беришди.
Декларантлар, ўз навбатида, Маълумотларга ишлов беришнинг автоматлаштирилган тизими хусусида ҳам тўхталиб ўтдилар. Электрон декларациялаш чоғида унинг мантиқий фикрлашидаги техник хатолар баъзида кишини саросимага солиб қўяди. Айрим пайтларда мазкур тизим Божхона кодексидан ва умуман, божхона қонунчилигидан устун турадигандек вазиятлар юзага келиб қолади.
Божхоначилар дастур алгоритмини такомиллаштириш бўйича таклифларни ДБҚнинг тегишли бошқармасига етказиб қўйишга ваъда бердилар.
* * *
Семинар якунлари божхона қийматига доир масалаларда божхона органлари қарорларининг ожиз жиҳатларини намоён этишга имкон берди. Бу декларант томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қийматини рад этишдаги асосланмаганлик ёки уни аниқлашда декларант томонидан танланган усулга рози бўлмаслик ва товарларнинг божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулига ўтиш тартиб-таомилларига амал қилмаслик ҳолларидир.
Божхона қийматини 1-усул бўйича аниқлашда юзага келадиган асосий муаммо жойларда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир хил талқин қилишнинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Божхона органлари тизимида ҳуқуқни қўллаш позициясининг шаклланиш манбаи сифатида ДБҚнинг буйруқлари, ҳудудий божхона бошқармаларининг кўрсатмалари қўлланилади. Божхона қийматини аниқлаш ва уни тузатиш билан боғлиқ ишларни ҳал этиш учун амалиётда ягона ёндашувни ўрнатиш учун жойларга ДБҚнинг тушунтириш хатини жўнатиш мақсадга мувофиқдир.
Бу борада янги Кодекс ҳам яхши кўмакчи бўлади, зеро, у белгиланган божхона тартиб-таомилларини енгиллаштириши ва божхона қийматини нотўғри декларациялаш даражасини пасайтиришига умид бор.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.