Божхона омборини ташкил этиш қайси ҳужжат билан тартибга солинади? Божхона кодексининг янги таҳрири чиққанидан кейин омбор эгасига қўйиладиган талаблар ўзгардими?
Ким омбор эгаси бўла олади ва бунинг учун нима қилиш керак?
Омборни ташкил этиш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?
Б.Холиёров.
– Божхона омборини ташкил этиш Божхона кодексининг 26-боби ва Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низом (ВМнинг 20.11.2003 йилдаги 523-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади.
Божхона омбори – махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади ҳамда товарларни вақтинча сақлаш ва (ёки) божхона омбори режимларида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган. У очиқ ва ёпиқ турда бўлиши мумкин.
Очиқ турдаги божхона омборидан ҳар қандай шахслар фойдаланиши мумкин. Ёпиқ турдаги божхона омбори муайян шахсларнинг, қоидага кўра, омбор эгасининг товарларини сақлашга мўлжалланган. Бундай шахслар ва товарлар божхона омборини таъсис этишда божхона органи билан келишув бўйича божхона омбори эгаси томонидан белгиланиши мумкин.
Кейинги даврдаги ўзгаришлар орасида қуйидагиларни қайд этиб ўтса бўлади.
Биринчидан, 2018 йилнинг 19 июлидан божхона омбори фаолиятини амалга оширишга лицензия Давлат божхона қўмитаси томонидан берилади (ВМнинг 18.07.2018 йилдаги 553-сон қарори). Илгари ишларни ДБҚ номидан ҳудудий бошқармалар юритган. Лицензиялар, аввалгидек, омбор ҳудуди, шунингдек, божхона омбори сифатида фойдаланиш мўлжалланаётган омбор ва қўшимча хоналар эгалигида бўлган фақат Ўзбекистон Республикаси юридик шахсига берилади. Бунда эгаси, божхона омбори ҳудуди ва хонаси ушбу Низомнинг II ва III бўлимларида кўрсатилган талаб ва шартларга мувофиқ бўлиши шарт (Низомнинг 8-банди).
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, талабгор бино ва (ёки) очиқ майдончаларга ижара шартномасига асосан эгалик қилса, унинг амал қилиш муддати лицензияни бериш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб 1 йилдан кам бўлмаслиги керак.
Иккинчидан, 2018 йил 1 июндан бошлаб фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган барча лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
Тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттиришларни тарқатиш тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотишни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялар бундан мустаснодир (11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон Фармоннинг 3-банди). Илгари божхона омбори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия 5 йилга берилган.
III бўлим билан божхона омбори эгасига белгиланган талаблар аввалгидек қолди.
Лицензия ёки у бўйича ҳуқуқларнинг бошқа шахсларга ўтказилиши тақиқланади.
Ҳужжатлар
Божхона омбори фаолиятини амалга оширишга лицензия олиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам ўзгарди.
Эндиликда талабгор лицензия олиш учун лицензияловчи орган – ДБҚга қуйидагиларни тақдим этиши керак:
● юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобрақами кўрсатилган лицензия бериш тўғрисидаги ариза. Лицензия бериш тўғрисида аризада лицензия талабгорининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин;
● божхона омборининг тури тўғрисидаги маълумотлар (ёпиқ турдаги омбор учун шунингдек бундай турдаги омбор танланишининг зарурлиги ва мақсадга мувофиқлиги асосланиши керак);
● ариза берувчининг эгалигида бўлган ва божхона омбори сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган бинолар ва (ёки) очиқ майдончалар, улар жойлашган жой, уларнинг жиҳозланиши, асбоб-ускуналар билан таъминланиши ва моддий-техник жиҳозланиши тўғрисидаги маълумотлар;
● автомобиль ва темир йўллар кўрсатилган ҳолда божхона омбори учун мўлжалланган ҳудуд ва биноларнинг тарҳи ва чизмаси;
● талабгорнинг божхона омборига киришга рухсат берилган ходимларидан бўлган шахсларнинг рўйхати (фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда лавозими кўрсатилган ҳолда);
● давлат ёнғин назорати органларининг божхона омбори ҳудуди ва биноларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
● давлат санитария назорати органларининг божхона омбори ҳудуди ва биноларининг ариза берилган товарларни, шу жумладан озиқ-овқат товарларини – лицензиат бундай товарларни сақлаш ниятида бўлса – сақлаш учун зарур шарт-шароитларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
● божхона омборида сақлаш мўлжалланаётган товарлар рўйхати;
Божхона кодексининг 338-моддасига мувофиқ божхона тўловлари тўлаш таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.