Контрабанда фаолияти, контрафакт товарларни олиб киришга қарши курашиш божхона органларининг асосий вазифаси. Жисмоний шахслар тижорат мақсадида четдан олиб келадиган товарлар ҳужжатсиз, сертификатсиз бўлса, унинг салбий оқибатлари кўпроқ кимга таъсир кўрсатади? ДБҚ Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтиёр АБДУҒАНИЕВ шулар ҳақида гапириб берди.
– Ҳозирги кунда четдан маиший техника, масалан, совутгич ёки кондиционерларни контрабанда орқали олиб кириш ҳоллари учрайди. Одатда бу техникалар хавфсизликни кафолатловчи мувофиқлик сертификатига эга бўлмайди. Бу эса харидор, яъни охирги истеъмолчининг хавфсиз бўлмаган товарга эгалик қилишига сабаб бўлади.
Шу ҳолатдан келиб чиқиб, совутгич ёки кондиционер қисқа вақт ичида носоз ҳолга келса, уни ҳеч ким бепул ва кафолатли таъмирлаб бермайди, шунингдек, мазкур жиҳоз расмий устахоналарда ҳам таъмирланмайди.
Қолаверса, совутгич ва кондиционерлар озон емирувчи моддалар, яъни фреонлар ёрдамида ишлайди, ҳукумат қарорлари билан эса кўп турдаги фреонларни республикага олиб кириш тақиқланган. Бу норма Халқаро Монреал протоколи ва Вена конвенцияси асосида қабул қилинган. Ушбу ҳужжатларга қўшилган Ўзбекистон ҳам халқаро мажбуриятларни олган экан, демак уларнинг ноқонуний кириб келиши халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам зид ҳисобланади.
Ва ниҳоят, мамлакатимизга контрафакт товарларнинг кириб келиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳамда барча божхона божларини тўлаб, тегишли текширувларни амалга ошириб, қонунга итоят қилган тадбиркорлар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитига путур етказади.
Бу-ку, техника экан. Энди озиқ-овқат маҳсулотлари-чи?! Бундай маҳсулотларнинг асосий кўрсаткичи уларнинг хавфсизлиги ва безарарлиги ҳисобланади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, табиийки, уларнинг истеъмол хоссаларини белгилаб бериши ва одамлар ҳаёти ва соғлиги учун хавфсизликни таъминлаши зарур.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги деганда маҳсулотларнинг санитария, ветеринария, фитосанитария нормалари ва қоидаларига мослиги тушунилади. Ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотининг белгиланган ва талаб этиладиган сақлаш ва ташиш меъёрлари мавжуд. Масалан, тез бузиладиган ва совутгичларда сақланадиган маҳсулотларга гўшт ва гўшт маҳсулотлари (колбаса, консерва); сут ва сут маҳсулотлари (йогурт, пишлоқ, сариёғ); балиқ, тухум, қандолат маҳсулотлари киради. Бу маҳсулотларни ташишда санитария ва гигиена қоидаларига риоя этиш жуда муҳимдир. Чунки мазкур маҳсулотлар юқори ҳароратда сақланганда ёки ташилганда уларнинг таркибида микроорганизмларнинг ривожланиши кўпаяди ва инсон саломатлигига хавфлилик даражаси ортади.
Айрим озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳарорати
№
|
Температура режими (С)
|
Маҳсулот тури
|
1
|
+14...+16
|
Шоколад ва шоколад маҳсулотлари
|
2
|
+4...+10
|
Мева ва сабзавотлар, қандолатчилик маҳсулотлари
|
3
|
+2...+7
|
Сут маҳсулотлари
|
4
|
+2...+7
|
Дори-дармонлар
|
5
|
-1...+2
|
Барра гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тирик ёки музлатилган балиқ
|
Масалан, ҳаво ҳарорати 24 дан 28 даражагача иссиқ бўлганда шоколадлар эриб, кўриниши хунук ҳолатга келади, таъми ўзгаради ва бактерияларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай шароит туғилади.
Сақлаш қоидаларига амал қилмасдан ташилган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда эса кишида ўткир юқумли ошқозон ичак касалликлари ривожланиши ва у инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин.
Ана шунинг учун хоҳ ўзимизда ишлаб чиқарилган бўлсин, хоҳ четдан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича лаборатория синовлари ва текширувларидан ўтган ва мувофиқлик, санитария-эпидемиология сертификатларига эга бўлиши шарт.
Истеъмолчи товарни харид қилар экан, аввало, унинг сақланиш муддати, қўлланиш қоидаларига амал қилиши зарур. Ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотида уни сақлаш ва ташиш шарти белгиланган, масалан, болалар бўтқаси қутиларида товарни сақлаш ва ташиш ҳарорати 5-20оС этиб кўрсатилган. Ваҳоланки бу товарлар контрабанда йўли билан келтирилганда уни сақлаш меъёрларига риоя этилмайди.
Қолаверса, кўп ҳолларда ушбу товарлар нотижорат мақсадида кам туркумда олиб кириляпти, деган баҳона билан улар тиббий биологик ҳамда мувофиқлик бўйича талабларга ҳам жавоб бериши юзасидан текширилмайди, бу ҳолатда ҳам юқоридаги салбий ҳолатнинг юзага келиш эҳтимоли катта.
Божхона органлари постларда сергак турар экан, авваламбор, мамлакатимиз аҳолисининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилади, қолаверса, иқтисодий манфаатларимиз устуворлиги таъминланади.
ДБҚ Ахборот хизмати тайёрлади.