Оилавий корхона МЧЖга қўшилмоқчи, балансида УФга киритилган ишлаб чиқариш ускунаси бор. Ушбу ускуна ҳали тўлиқ эскирмаган ва 2 марта қайта баҳоланган.
1. Агар қабул қилиб олувчи тараф АВни олишни истамаса, бошқа корхонага қўшилаётган корхона қўшилгунга қадар уни ҳисобдан чиқариши мумкинми?
2. Қўшиб олинаётган корхона балансида мол-мулк бўлмаса, топшириш далолатномасини расмийлаштириш зарурми?
3. Бошқа корхонага қўшилаётганда жамғарилган зарарни нима қилиш керак?
1 |
Ҳа, корхона қуйидагилар асосида АВни балансдан ҳисобдан чиқариши мумкин (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 51-банди):
● тугатиш. АВ объекти белгиланган хизмат муддати тугаганда (тўлиқ эскириш ҳисобланганда), жисмонан ёки маънан эскирганда тугатилиши мумкин. Бунинг учун раҳбар буйруғи билан комиссия тузилади, у тугатиш муносабати билан АВни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади. Асосий воситаларни тугатиш тўғрисида далолатнома (АВ-4-сон шакл) расмийлаштирилади. Тугатиш якунлангач, бухгалтерия АВни тугатиш харажатлари ва уларни тугатишдан моддий қимматликлар келиб тушгани ҳақида маълумотнома тузади;
● сотиш;
● текинга бериш.
АВнинг сотилиши ва текинга берилиши АВнинг олди-сотди (текинга бериш ёки ҳадя қилиш) шартномаси ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади.
АВни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.
АВ чиқиб кетишидан молиявий натижани аниқлаш чоғида АВни қайта баҳолаш сальдосини ҳисобга олишни унутманг.
2 |
Корхонангиз бошқасига қўшиб олинаётганда албатта топшириш далолатномаси расмийлаштирилиши керак.
Қўшиб олиш – бир ёки бир нечта корхона фаолиятини тўхтатиб, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа корхонага бериш (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 23-сон БҲМСнинг 5-банди).
Юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшилганида, бу юридик шахсга қўшилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади (ФКнинг 50-моддаси).
Корхона активлари, улар сирасига асосий воситалар, хом ашё ва товарлардан ташқари, номоддий активлар, капитал қўйилмалар, инвестициялар, дебиторлик қарзи, кассадаги ёки ҳисоб-китоб счётларидаги пул маблағлари, берилган қарзлар ва ҳ.к. киради, ҳуқуқларга эгалик қилинадиган объектлар ҳисобланади.
Солиқлар ва тўловларни тўлаш мажбуриятлари, олинган қарзлар ва кредитлар, иш ҳақини тўлаш бўйича ходимлар олдидаги қарз ва ҳ.к. мажбуриятлар сирасига кириши мумкин, улар ҳақидаги ахборот топшириш далолатномасида акс эттирилган бўлиши керак.
Қўшиб олинаётган корхона балансидаги бухгалтерия ҳисобининг барча тартибга солувчи (контрактив ва контрпассив) ва баҳоловчи счётлари ёпилган бўлиши керак. Якуний молиявий ҳисобот тузиш учун фақат мол-мулк ва мажбуриятларни ҳисобга олувчи счётлар бўйича сальдога эга бўлиш зарур.
Қўшиб олинаётган корхона ва ҳуқуқий ворис бўлган корхона қўшиб олиш тартиби ва шартлари белгиланадиган қўшиб олиш тўғрисида шартнома тузадилар. Ҳар бир корхона қўшиб олиш тўғрисидаги шартнома ва топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни корхона муассислари умумий йиғилишининг муҳокамасига киритади (23-сон БҲМСнинг 35-банди). Топшириш далолатномасида топширилаётган активлар ва мажбуриятлар расшифровкаси, уларнинг қиймат баҳоси акс эттирилиши керак.
3 |
Қўшиб олинаётган корхонада ўтган йилларнинг қопланмаган зарари бўлса, қўшиб олиш тўғрисидаги шартнома ва топшириш далолатномасига кўра у ҳуқуқий ворисга ўтади. Топшириш далолатномаси маълумотлари асосида ҳуқуқий ворис қўшиб олинаётган корхонанинг якуний молиявий ҳисоботи миқдорий кўрсаткичларини сатрма-сатр бирлаштириш (қўшиш ёки, ўтган йилларнинг қопланмаган зарарлари бўлган тақдирда, айириш) асосида молиявий ҳисобот тузади (23-сон БҲМСнинг 39-банди).
Агар ҳуқуқий вориснинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кам бўлиб қолса, ўртадаги фарқ ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги корхонанинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилган санадаги ҳолатга кўра бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» миқдорий кўрсаткичи билан гудвилл тарзида акс эттирилиши лозим (23-сон БҲМСнинг 42-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.