Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг апрель–июнь ойларида 1 млн 35 минг хизмат кўрсатилди.
Президентимиз ташаббуси билан аҳолига хизматлар кўрсатишда мутлақо янги тизим ҳаётга татбиқ этилди. Бу – Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудларда ташкил этилган марказларидир.
Хўш, бугунги кунда мазкур тузилма ўзини қай даражада оқламоқда? Улар томонидан аҳолига хизматлар кўрсатиш сифати қандай?
Давлат хизматлари агентлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, Давлат хизматлари агентлиги ва унинг республикамиз бўйлаб жойлашган 201 Давлат хизматлари марказлари сансалорлик ва коррупциянинг олдини олиш, халқимизнинг давлат идораларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 100 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
2017 йил давомида марказлар орқали жами 120 минг хизматлар кўрсатилган бўлса, 2018 йилнинг апрель–июнь ойларида аҳолига 1 млн 35 минг хизмат тақдим этилди.
Давлат хизматлари марказлари фаолиятини такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Давлат хизматлари агентлигининг телеграмм ва фейсбукдаги расмий каналлари аҳолига янги қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Эндиликда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Давлат хизматлари марказлари орқали жорий этилаётган хизматлар, улар учун талаб этиладиган ҳужжатлар, тўлов миқдори, хизматдан фойдаланиш учун белгиланган муддатдан хабардор бўлишни истаган фуқаролар Давлат хизматлари агентлигининг телеграмдаги t.me/davxizmat канали ва фейсбукдаги www.facebook.com/davxizmat/ расмий саҳифаси орқали маълумот олиш имконига эга. Шунингдек, бу тизим орқали Сиз савол йўллашингиз ва мутахассис жавобини олишингиз мумкин бўлади.
ЎзА материали асосида.