Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 30 / Божхона

Қайта ишлашни тавсия этамиз

 

Электр эҳтиёт қисмларни ИМ 40 режимида расмийлаштирганмиз. Юк олувчи товарни олиб кетганидан кейин улар нотўғри ишлаши маълум бўлди. Энди юк эгаси уни қайтариб жўнатиб юбормоқчи. Юк жўнатувчи бу туркум нуқсонли чиққанини тан олиб, товарни қабул қилишга ва ўрнига бошқасини жўнатишга тайёрлигини айтди. Тегишли далолатнома расмийлаштирилди.

Ушбу эҳтиёт қисмлар сертификатлаштирилмайди, тегишинча, ҳеч қандай лаборатория синовлари ўтказилмаган. Бироқ божхона қайтариб олиб киришга розилик бермай, ваколатли сертификатлаштирувчи органнинг товар нуқсонлилигини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишни сўраяпти. Бизга юкни вақтинча олиб чиқиш режимида расмийлаштиришни маслаҳат бердилар.

Қандай йўл тутайлик? Эҳтимол, ушбу эҳтиёт қисмларни кейинчалик алмаштириб беришлари учун қайтариб жўнатиб юбориш керакдир?

Ислом Ғофурович, МЧЖ директори.

 

– Ҳақиқатан ҳам, товар вақтинча олиб чиқиш божхона режимида расмийлаштирилаётганда божхона органларининг ахборот тизимида ваколатли органларнинг рухсатномаси мавжуд бўлиши талаб этилади, бироқ бунинг учун у мазкур органлар томонидан назорат қилиниши лозим.

Вақтинча олиб чиқиш шундай режимки, бунда божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар ушбу ҳудуддан ташқарида вақтинча фойдаланиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўланишдан шартли равишда озод этилган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади. Товарни ушбу режимга жойлаштириш шарти уни ўзгармас ҳолатда сақлаш ва вақтинча олиб чиқилаётган товарнинг божхона органлари томонидан идентификациялашни амалга ошириш мумкинлиги ҳисобланади (БКнинг 36, 37-моддалари).

Эҳтиёт қисмлар алмаштирилишини инобатга олган ҳолда ушбу шартларга риоя этиб бўлмайди. Сабаби, одатда, уларда артикуль рақами – идентификациялашни амалга ошириш имконини берувчи компонентлардан бири кўрсатилади.

 

Қайта ишлаш режимида расмийлаштирган маъқул

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида расмийлаштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади. Ушбу режим доирасидаги операциялар жумласида товарни таъмирлаш, шу жумладан, уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёхуд тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш назарда тутилган.

Ушбу божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотининг алмаштирилиши учун контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) тегишли қоидалари ва (ёки) товарни таъмирлаётган шахснинг кафиллик мажбуриятлари асос бўлади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига мувофиқ олиб чиқилаётган товарга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўланишидан шартли озод этиш қўлланилади. Бу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, БКнинг 54-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар бундан мустасно.

Товарни ушбу режимга жойлаштириш божхона органининг БК ­21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатномаси асосида амалга оширилади (БКнинг 42, ­43-моддалари).

Агар товарнинг олиб чиқилиши тўланган божхона божлари ва солиқлар суммасини қайтаришни, улардан озод қилишни ёхуд олиб чиқишда тақдим этиладиган тўловларни ундиришни талаб қилишга асос бўлса, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланиш мумкин эмас. Шунингдек божхона тўловларини тўлашдан шартли озод этилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига илгари жойлаштирилган товарга нисбатан ушбу шартли озод этишнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар, шундай товарни таъмирлаш, шу жумладан, уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш учун олиб чиқиш бундан мустасно (БКнинг 44-моддаси).

 

Реэкспорт хусусиятлари

Агар товар эгаси уни кейинчалик алмаштирмай қайтариб олиб келиш ниятида бўлса, уни реэкспорт божхона режимида расмийлаштиришни тавсия этамиз, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади. Товарни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда қайтарилади:

● товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно (БКнинг 35-моддаси).

Товарни мазкур божхона режимига жойлаштириш ҳам божхона органи томонидан БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

 

Маълумот учун. Реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарларни божхона ҳудудидан амалда олиб чиқиш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 6 ойдан кечиктирмай амалга оширилади (БКнинг 32-моддаси).

 

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

● контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;

● товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно (БКнинг 33-моддаси).

Хатингизга қараганда, ушбу барча шартлар сизнинг ҳолатингизга мос келади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 451 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика