Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 30 / Божхона

Божхонадан ўтказиш тартиботи

 

Қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун Россиядан ингредиентлар олиб келамиз. 1 июндан бошлаб фирмаларга божхона расмийлаштирувини мустақил равишда амалга оширишга рухсат берилди. Ушбу имкониятдан фойдаланмоқчимиз.

Божхонадан ўтказишни нимадан бошлаш керак?

А.Аюпова.

 

Божхона расмийлаштирувини божхона органига ҳужжатларни тақдим этишдан бошлаш керак. Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда қуйидаги ҳужжатлар бўлиши зарур:

● божхона юк декларацияси;

● товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;

● товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).

 

Маълумот учун. БКнинг 300-моддасига мувофиқ, импортчи товарларни декларациялашда уларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тақдим этса, божхона тўловларини тўлаш чоғида тегишли имтиёз олиши мумкин бўлади. Эркин савдо режимини назарда тутадиган битимлар имзоланган эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битимга аъзо давлатларда ишлаб чиқариладиган ва олиб кириладиган товарларга божхона божи солинмайди (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 429-сон билан рўйхатдан ўтказилган Рўйхат). Россия Федерацияси билан бундай Битим имзоланмаган.

 

Товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги, шу жумладан электрон шаклдаги сертификат билан тасдиқланади. У экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилади (БКнинг 363-моддаси).

Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Товарларни электрон шаклда божхонада декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги ­376-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг хоҳишига кўра божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин.

Товарларнинг, шу жумладан электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги (ЯААТ) тўловчининг шахсий счётидан божхона тўловлари (уларни тўлаш юзасидан тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолат бундан мустасно) тўланганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначилик) томонидан тақдим этиладиган маълумотлар мавжуд бўлганда амалга оширилади.

 

Маълумот учун. Товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда қуйидаги божхона тўловлари тўланади: божхона божи; қўшилган қиймат солиғи; акциз солиғи; божхона йиғимлари.

Декларант БК ёки Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича йўриқномага (АВ томонидан 13.01.1998 йилда 390-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ божхонада расмийлаштиришда божхона органига маълум қиладиган божхона қиймати божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун асос ҳисобланади.

 

Импорт қилинаётган товарнинг тегишли рухсат берувчи ҳужжатлари бўлса, божхона органи божхона органларининг ахборот тизимида уларнинг мавжудлигини мустақил равишда текширади. Улар ЯААТда мавжуд бўлмаса, божхона органи божхонада расмийлаштиришни рад этишга ҳақли бўлади (БКнинг 57-моддаси).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1158 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика