Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 30 / Амалий бухгалтерия

Малака ошириш – корхона харажати

 

Сўнгги йилларда республикамизда автомобиль ҳайдовчиларининг ҳайдовчилик маданияти ва билим даражасини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Эндиликда юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг барча ҳайдовчилари ҳар 2 йилда ўз малакасини ошириши шарт. Ўз ходимини ўқув курсларига юборган корхона эса бунда юзага келадиган харажатларни тўғри ҳисобга олиши лозим бўлади.

 

Кимлар малакасини ошириши керак

Қуйидаги шахслар малака оширишлари шарт (Низомнинг 22-банди, ВМнинг 2.08.2006 йилдаги ­156-сон қарорига 2-илова; Низомнинг 20-банди, ВМнинг 31.05.2018 йилдаги ­408-сон қарорига 3-илова;):

● юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар – 2 йилда 1 марта. Бу қоида якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда қисқа муддатли ижара ёки лизинг асосида автотранспорт воситаларини бошқараётган жисмоний шахсларга тааллуқли эмас;

● автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар. Маъмурий жазо ижро этилганидан кейин улар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳон топшириш мақсадида малака оширишлари лозим.

Қонун ҳужжатларида 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисидаги сертификатсиз бошқараётган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликни жорий этиш, шунингдек лицензия (лицензия карточкалари)нинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш ёки бекор қилиш назарда тутилган (ВМнинг 4.09.2017 йилдаги 693-сон қарори 7-банди 3-хатбошиси).

Юридик шахсга тегишли автотранспортни нафақат ҳайдовчилик лавозимига ишга қабул қилинган ходим бошқара олади. Улар директор, сотувлар (харидлар) бўйича менежерлар ва бошқа ходимлар ҳам бўлиши мумкин. Улар ҳам корхона автотранспортининг ҳайдовчилари ҳисобланиб, малака оширишлари шарт.

 

Эътибор беринг! Мазкур ходимларнинг лавозим мажбуриятларига ишларни бажариш учун хизмат автомобилидан фойдалана олишлари мумкинлиги тўғрисидаги шартлар киритилиши керак. Ходим билан тузиладиган моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномада ҳам автотранспорт лавозим мажбуриятларини бажариш учун тақдим этилаётганини қайд этиб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

 

Ҳужжат билан расмийлаштириш

Ходимларни малака ошириш курсларида ўқитиш учун юридик шахслар ўқув ташкилоти билан шартнома тузади. Унинг асосида ўқиш ҳақи тўланади. Тўлов иш берувчиларнинг маблағлари ҳисобига, бошқа шахсларнинг малака ошириши эса – ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади (ВМнинг 693-сон қарори ­3-банди).

Агар корхона автотранспортни бошқа юридик шахсдан ижара олса, у ҳолда мазкур автомобиль ҳайдовчисининг малака ошириш курслари ҳақини унинг иш берувчиси тўлайди.

Корхонанинг автотранспортини бошқа корхона томонидан аутсорсинг шартномаси бўйича тақдим этилган ҳайдовчи бошқариши мумкин. Бу ҳолда мазкур ҳайдовчининг малака ошириш курслари ҳақини аутсорсинг шартномаси асосида ходимни тақдим этган корхона тўлайди, чунки у ҳайдовчининг иш берувчиси ҳисобланади.

Курслар тугагандан кейин ўқув ташкилоти ўқиш ҳақини тўлаган юридик шахсга ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномасини, шунингдек малакасини оширган жисмоний шахсни кўрсатган ҳолда сертификатни тақдим этиши шарт.

Ҳайдовчини малака ошириш курсларига юбориш учун корхонада буйруқ чиқарилади. Буйруқ қуйидаги мазмунда бўлиши мумкин:

 

«Ходимни малака ошириш курсларига юбориш тўғрисида

 

БУЮРАМАН:

Абдуллаев Анвар Абдуллаевич 2018 йилнинг «___» июлидан «___» июлига қадар ишдан ажралмаган, ўқиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаган ҳолда ҳайдовчилар малакасини ошириш курсларига юборилсин».

 

Малака ошириш курслари ўтказиладиган вақт иш соатларига тўғри келиб қолган тақдирда, ходим бу вақтда ишдан озод этилиши керак ва корхона унга ҳақ тўлайди. Тўловлар миқдори жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, лекин у ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак (МКнинг 166-моддаси).

Агар ҳайдовчи ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакасини ошираётган бўлса, ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бориши учун иш берувчи зарур шароитлар яратиб бериши шарт (МКнинг ­248-моддаси).

Иш вақтидан ташқари ёки байрам кунларида малака ошириш курсларида ўтказилган соатлар ишланган вақт ҳисобланади ва бунинг учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси). Табелда ходим ишланмайдиган вақтда (иш вақтидан ташқари соатларда) малакасини ошираётганлиги қайд этилиши, шунингдек раҳбариятнинг бу вақтга ҳақ тўлаш ва унинг миқдорлари тўғрисида фармойиши бўлиши керак.

Курсларда бўлган вақт учун ўртача иш ҳақи кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақига мутаносиб тарзда белгиланади (Тартибнинг 5-банди, ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова). Ўртача ойлик иш ҳақи тегишли ойдаги корхонадаги иш соатлари сонига бўлинади ва ходимнинг малака ошириш курсларида бўлган соатлари сонига кўпайтирилади.

Ҳайдовчи ходимларнинг қайси тоифасига (директор, сотувлар бўйича менежер, экспедитор, ҳайдовчи, ишчи ва ҳ.к.) тегишли бўлишидан қатъи назар, корхонанинг малака ошириш учун қилган харажатлари корхонанинг бошқа операцион харажатлари ҳисобланади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.8.5-банди). Мазкур харажатлар реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) таннархига ёки маъмурий харажатларга кирмайди.

Ходим қайси вақтда малака ошираётганидан қатъи назар, курслар ҳақини тўлаш харажатлари бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг
мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ҳайдовчилар малакасини ошириш курсларида ўқиш учун аванс ўтказилди

 

4330-«Берилган бошқа аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Ўқитиш бўйича хизматлар учун ҳисобварақ-фактура олинди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Олдин ўтказилган аванслар ҳисобга киритилди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4330-«Берилган бошқа аванслар»

 

 

 

Солиқ солиш

Корхонанинг малака ошириш вақти учун ходимларга ўртача иш ҳақи тўлаши ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш ҳисобланади ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради (Солиқ кодексининг 172-моддаси 1-қисми, 175-моддаси). Бундай даромадларга ЖШДС, ШЖБПҲга ажратмалар, ЯИТ ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари солинади.

Корхонанинг малака ошириш курслари ҳақини тўлаши ҳайдовчи ходимлари учун даромад ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 15-банди). Бу корхонанинг харажатидир.

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасини белгилашда мазкур харажатларни чегириб ташлайди (Солиқ кодексининг 145-моддаси 20-банди).

ЯИТ тўловчилари учун солиқ оқибатлари мавжуд эмас.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 701 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика