Биз бир мавзеда яшаймиз, бошқасида прописка қилинганмиз (сабаби биз прописка қилинган манзилда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти). Бундай ҳолда биз вақтинча пропискани расмийлаштиришимиз ёки ҳисобга туришимиз шартми?
Е.Корхина.
Тошкент шаҳри.
– Агар ҳозирги вақтда квартирангиз таъмирланаётган ва сиз доимий прописка қилинган жойда яшамаётган бўлсангиз, у ҳолда вақтинча яшаётган жойингиздаги милиция таянч пунктининг профилактика инспекторига мурожаат қилишингиз лозим, у сизни вақтинча ҳисобга қўяди. Зеро Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомнинг (Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова) 36-банди талабларига мувофиқ, фуқаролар доимий ёки вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтишлари шарт. Эътиборга олинг, паспорт тизими қоидаларини бузганлик, фуқаро яшаш жойида ҳисобда турмасдан ёки вақтинча пропискага ўтмасдан яшаганлиги учун қонун ҳужжатларида ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима тарзидаги жазо назарда тутилган (МЖТКнинг 223-моддаси).
Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ, экспертимиз.