Ҳанифа АЛИМБОЕВА,
«Гавҳар Умид Коммуналчи» ХУМШ бошқаруви аъзоси, уй боши:
– Узоқ вақт ширкатимиз учун ҳеч қандай истиқбол йўлини кўрмай келдик. Ертўла сувга тўлган, иситиш йўқ, томдан чакка ўтади... Уйда ҳеч қандай иш олиб борилмаган. Нақд пул билан бадалларни йиғиб, сохта квитанциялар берилган. Шу боис уй аҳлининг кўпчилиги пул тўламай қўйди. Уйимизда ишларнинг бир қисмини қўшнилар ўз ҳисобларидан бажара бошлашди. Масалан, СЭС ходимлари ертўлага санитария ишлови беришдан бош тортишди, чунки унга кириб бўлмасди. 35 йил мобайнида у ерни ҳеч ким тозаламаган. Ширкатда ҳар доимгидек бунинг учун пул йўқ эди. Биз ертўладан 2 машина ахлат олиб чиқдик, чироқ ўрнатдик, эшик, қулф ўрнатдик, фақат шундагина СЭС унга ишлов беришга киришди.
Ёки бошқа бир мисол. Уй олдидаги майдончага машиналар қўйилади, болалар ҳам шу ерда ўйнашади. Бордюр ўрнатдик, уйни автомобиллардан тўсдик. Гулзорлар барпо этдик, гуллар экдик.
Уйимизни ХУМШдан чиқаришга қарор қилдик, зеро ундан фойда йўқ эди, бироқ буни қандай қилишни билмасдик. Ушбу масалани муҳокама қилдик, ширкатнинг аввалги раҳбариятидан устав, ХУМШ ишига доир бошқа ҳужжатларни сўрадик. Бизга ҳеч нарса беришмади. Эҳтимол, саводимиз ошишини хоҳлашмагандир.
Яқинда мавзеда ХУМШлар шаҳар уюшмаси ҳузурида фаолият юритадиган «Альфа Лира Коммунал» бошқарувчи компанияси пайдо бўлди. Биринчи навбатда бизга намунавий устав, ХУМШ аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги ҳужжатларни беришганлиги бизни ҳайратга солди. Уларни қизиқарли китоб мутолаа қилгандек ўқиб чиқдим. Уюшма ходимлари барча масалалар бўйича маслаҳатлар беришди, умумий мол-мулкни профессионал компания ёрдамида бошқариш, ширкат ишини назорат қилиш, шунингдек фуқаролар бадал тўлашларига эришиш имкониятини тушунтиришди. Биз умумий йиғилиш ўтказдик, янги бошқарув ва тафтиш комиссиясини сайладик, «Альфа Лира Коммунал» БК билан хизмат кўрсатиш шартномасини туздик. Ўзгаришларни кўриб, кўпчилик овоз билан ХУМШда қолишга қарор қилдик. Ҳозирда фаол ва билимдон янги раис Муҳаммаджон Миршарипов уй аҳли учун ҳаракат қилмоқда. Улар ҳам ўз навбатида ширкатни тўлаётган бадаллари билан қўллаб-қувватлашмоқда.
Авваллари уй хўжалигини бошқаришга оид кўплаб кўзга кўринмас жиҳатлар тўғрисида ўйламасдик ҳам. Масалан, ишларни ўз ҳисобимиздан бажарар ва жуда катта суммани аҳоли ҳисобидан чиқарар эдик. Бунинг учун эса умумий йиғилишнинг қарори зарур бўларди. Бизга ҳисобдан чиқарган ҳолда ўз ҳисобидан қилинадиган ишлар маблағларни ХУМШ бюджетидан олишга олиб келади деб тушунтиришди. Демак, режалаштирилган ишлардан баъзилари бажарилмай қолади. Шу боис ҳеч қандай ҳисобдан чиқаришга йўл йўқ дея қарор қилдик, кишилар бизни тушунишди ва бунга рози бўлишди.
2 ой ичида биз картотека бўйича 17 млн сўм қарзни уздик. Жадвал бўйича кредит тўлашни бошладик, бунинг ҳисобига «Альфа Лира Коммунал» томни таъмирлади, муҳандислик коммуникацияларини алмаштиряпти. Кейинги йилда йўлаклар, ертўлаларни таъмирлашни режалаштиряпмиз. Бошқарувчи компания ҳар бир уй учун бадалнинг алоҳида миқдорини ҳисоблашни таклиф этяпти. Биз учун бу – янги тажриба, бироқ ёндашув жуда тўғри. Агар уйларнинг умумий мулки турли техник ҳолатда бўлса, уни сақлаш харажатлари ҳам, демак, бадал миқдори ҳам турлича бўлиши керак. Умуман олганда, биз нажот йўлини кўрдик. Демак, умидвор бўлиш учун сабаб бор.