«Бизнес юритиш-2016» маърузасида таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишни яхшилаш бўйича етакчи мамлакатлар жумласига кирди.
Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги гуруҳи «Бизнес юритиш–2016: сифат ва тартибга солишнинг самарадорлигини баҳолаш» деб номланган янги маърузани тақдим этди. Унинг маълумотларига кўра Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бизнес юритиш шартларининг қулайлик даражасини ўлчайдиган 10 кўрсаткичнинг 9 тасини қамраб олган жами 14 ислоҳотни амалга оширганлар.
Янги маъруза тақдим этилган видеоконференцияда Алмати, Oстoна, Бишкек, Душанба ва Тошкентдан келган экспертлар иштирок этдилар. Давлат ва илмий доиралар, ишбилармонлик ҳамжамиятлари ва ОАВ вакиллари минтақа мамлакатлари томонидан бизнес юритиш шароитларини яхшилашда эришилган натижаларни муҳокама қилдилар, инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини барпо этишда мақбул ишбилармонлик муҳитининг алоҳида ролини қайд этдилар.
Ўзбекистон жорий йилда рейтингнинг 87-позициясини эгаллаб, тадбиркорлик фаолияти учун шароитларни яхшилаш бўйича етакчи мамлакатлар ўнталигига кирди. Мамлакат ҳукумати оддий онлайн рўйхатдан ўтказишни жорий этиш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларини такомиллаштириш йўли билан янги корхоналарни рўйхатдан ўтказиш таомилини соддалаштирди. Бундан ташқари, кредит маблағларидан фойдаланиш йўллари яхшиланди. Таъминланган битимлар тўғрисида бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши гаров таъминоти сифатида тақдим этиладиган активларнинг умумий тавсифини соддалаштириш имконини берди ва ягона замонавий хабардор қилиш реестрини барпо этди. Ниҳоят, бир қатор сертификатларни тақдим этиш бўйича талабларни бекор қилиш ҳисобига мулкни топшириш жараёни соддалаштирилди.
– Марказий Осиё учун жорий йил жуда омадли бўлди – минтақадаги ҳар бир мамлакат икки ёки ундан кўп муваффақиятли ислоҳотларни ўтказиш йўли билан ишбилармонлик муҳитини тартибга солиш сифати ва самарадорлигини ошириш бобида олға ҳаракат қилди, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа. – Масалан, ўн йил аввал тадбиркорларга ўз ишини бошлаш учун ўртача 276 кун тақозо этиларди. Бугунги кунда ушбу жараён минтақада ўртача 8 кунни эгаллайди: 5 кун – Қозоғистонда, 6,5 кун – Ўзбекистонда, 10 кун – Қирғизистонда, 11 кун – Тожикистонда. Бу даромадлари юқори бўлган ИҲТТ* мамлакатларининг кўрсаткичлари даражаси билан таққослаш мумкин бўлган даражадаги кўрсаткичлардир.
Маърузада ишбилармонлик муҳитини тартибга солишнинг ушбу мамлакатлар Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлардан орқада қолиб келишда давом этаётган соҳалари ҳам таъкидланди. Хусусан, бу ҳол тартибга солиш сифатини ўлчайдиган тўртта янги кўрсаткичга тааллуқлидир. Улар учтаси бўйича ўртача қийматлар, масалан, ер ресурсларини бошқариш сифати, энергия билан таъминлашнинг ишончлилиги ва шаффофлиги умуман олганда минтақа бўйича ўртача кўрсаткичлардан паст бўлиб чиқди. Айни вақтда «қурилишга рухсатномалар олиш» гуруҳига кирадиган «қурилиш назоратининг сифати» кўрсаткичи тўртала мамлакатнинг ҳаммасида минтақа бўйича ўртача қийматдан ошди.
Бу ҳол жойларда ислоҳотларни амалга ошириш сифатига алоҳида эътибор бериш зарурлигини кўрсатади.
Маърузанинг тўлиқ матни ва батафсил маълумотлар http://www. doingbusiness.org/ сайтида.
*Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 34 давлатни бирлаштиради, улар жумласига Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Исроил, Канада, АҚШ, Швейцария, Япония киради.