Norma.uz

Ижарага олувчиларнинг мажбуриятлари

Ижарачилар, ХУМШ, уй аҳли ўртасида кўпинча қандай муаммолар юзага келади? Бу ҳолни аниқ мисолларда кўриб чиқамиз.

 

Учинчи қаватда яшайдиган ижарачилар пастки қўшниларнинг яқинда таъмирдан чиқарган квартираларига сув тошириб юбордилар. Натижада гулқоғозлар, мебель, палос шикастланди. Сув тушишидан азият чеккан қўшнилар компенсация талаб қилишмоқда, ижарачилар бундай қилишдан бош тортишяпти. Квартира эгаси ҳам зарарни қоплашни хоҳламаяпти. Ушбу вазиятда ким жавоб бериши керак?

– Турар жой ижараси шартномасида ижарачининг ижарага берувчи, турар жойдаги бошқа мулкдорларнинг уйдаги мол-мулки, умумий мол-мулкнинг асралиши учун жавобгарлигини назарда тутадиган шарт қайд этилиши керак. Уй-жой кодексининг 50-моддасида белгиланишича, ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ва у билан доимий яшаётган фуқаролар кўп квартирали уйнинг турар жойларидан, умумий фойдаланишдаги мол-мулкидан белгиланган мақсадда, бошқа фуқаролар ва юридик шахсларнинг уй-жой ҳуқуқи, ўзга ҳуқуқларини камситмаган ҳолда фойдаланиши керак. Улар турар жойларнинг асралишини таъминлаши, шунингдек уларни тегишли техник ҳамда санитария ҳолатида сақлаб туриши шарт.

Агар ижарага олувчининг жавобгарлиги шартномада қайд этилган бўлса, қўшниларнинг уйига сув тоширганда у бунинг оқибатлари учун тўлиқ даражада жавоб беради. Агар шартнома тузилмаган ёки унда ушбу банд қайд этилмаган бўлса, қўшниларга ижарачи етказган зарар компенсацияси учун квартира эгаси жавоб беради.

 

Уйда яшовчи ижарачилар ахлатлар солинган пакетларни квартира деразаларидан уйга туташ ҳудудга ташлайдилар. Қонун ҳужжатларида бундай ҳаракатлар учун қандай чоралар назарда тутилган?

– Ижара шартномасига ижарага олувчининг 325-сон Қоидаларга риоя этиши тўғрисидаги банд киритилиши керак. Уларда уйда яшовчиларнинг, шу жумладан ижарага олувчилар ва ижарадорларнинг умумий фойдаланиладиган жойларни, йўлак, лифт кабиналари ва зина майдончаларини озода ва тартибли сақлаш; уйда ахлат ўтказгич бўлмаган тақдирда ахлат ва озиқ-овқат чиқиндиларини қопқоқ билан зич ёпилган челакларга тўплаб, квартирадан белгиланган жойларга чиқариш мажбурияти белгиланган. Агар ижарага олувчилар ахлатларни белгиланмаган жойларга мунтазам чиқариб ташлайдиган бўлишса, уларга 325-сон Қоидаларнинг 41-бандига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали таъсир кўрсатилиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (бундан кейин – МЖТК) 161-моддасига мувофиқ, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Ижарачилар тез-тез базмлар уюштиришади, қўшниларнинг тинчини бузишади. Баъзан иш меҳмонлар билан жанжаллашишгача боради, участка инспекторини чақиришга тўғри келади. Бундай ҳолларда қонун ҳужжатлари нимани назарда тутади? Биз квартира эгаси уларга турар жойни ижарага беришдан бош тортишини талаб қилишимиз мумкинми?

– Жамоат тартибини бундай бузиш учун жавобгарлик, уйдаги мақомингиздан қатъи назар, барча: ижарага олувчи, ижарадор, меҳмон ёки турар жой мулкдори учун бир хилдир. МЖТКнинг 183-моддасида бундай ҳаракатлар учун энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилади.

Бундан ташқари, агар ижарага олувчи, ижарадор, уй-жой эгаси, уларнинг оила аъзолари ва улар билан бирга яшовчи шахслар ўзлари билан бир квартирада ёки бир уйда яшовчиларнинг яшашига имконият бермасалар, огоҳлантириш ва таъсир кўрсатиш чоралари натижасиз қолса, 325-сон Қоидаларнинг 42-бандига мувофиқ ижарага берувчи, ижарага олувчи ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг талаблари бўйича айбдорларни кўчириб чиқариш назарда тутилади. Бу бошқа турар жой хонаси берилмасдан суд қарори билан амалга оширилади.

 

Биз турар жойни ижарага олганмиз. Унинг эгаси биз билан ижара шартномаси тузмаган. Уй аҳли бизнинг шартномасиз яшаётганимиз тўғрисида солиқ инспекциясига хабар беришлари хусусида доимо гапиришади. Шартноманинг йўқлиги учун ким жавоб бериши керак?

– Ижарага олувчилар билан ижара шартномасини ижарага берувчи (квартира эгаси) тузиши керак. Агар у бундай қилмаса, МЖТКнинг 159-1-моддасига мувофиқ, унга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган. Бундан ташқари, у солиқ инспекциясида турар жойни ижарага беришдан даромад олувчи сифатида рўйхатдан ўтиши ва ҳар ойда ундан солиқ тўлаши керак.

 

Коммуникация шахтасида совуқ сув таъминоти тизими ишдан чиққан, ижарачилар эса ХУМШ ходимларини квартирага киритмаяптилар. Уларга: «Квартира эгаси билан гаплашинг», – деяптилар. Бироқ у телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти. Ижарачилар авария юз берганда ХУМШ ходимларини турар жойга киритишлари керакми?

– Уй-жой кодексининг 24-моддасида белгиланишича, ижарачилар турар жойларнинг асралишини, шунингдек уларнинг тегишли техник ва санитария ҳолатини таъминлашлари; авария ҳолати юзага келган тақдирда, ўзлари эгаллаган турар жойга тегишли авария-таъмирлаш хизматлари вакилларининг киришларини таъминлашлари шарт.

 

Биз уй йўлагини жадвал бўйича супуриб-сидирамиз. Ижарачилар бунда қатнашишни хоҳламайдилар. Қонун ҳужжатларида уларга нисбатан қандай таъсир чоралари назарда тутилган?

– 325-сон Қоидаларнинг 11-бандида назарда тутилишича, мулкдорлар (ижарага олувчилар, ижарадорлар) зина майдончаларини озода ва тартибли сақлашга мажбурдирлар. 325-сон Қоидаларнинг 19-бандида аниқлаштирилишича, умумий фойдаланиладиган жойларни тозалаш бўйича навбатчилик барча мулкдорларнинг (ижарага олувчилар, ижарадорларнинг) ўзаро келишувига кўра белгиланади. Баъзи ХУМШларда уйда яшовчилар бунинг учун фаррош ёллашади ёки жадвал бўйича тозалашади. МЖТКнинг 159, 161-моддаларига мувофиқ, тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Уйда яшовчилар йўлакни ўз маблағлари ҳисобидан ҳашар орқали таъмирлашга қарор қилишди. Ижарачилар бу ишга пул қўшишдан бош тортишди ва: «Квартира эгасига мурожаат қилинг», – дейишди. Квартира эгасининг жавоби ҳам тайин: «Ким квартирада яшаётган бўлса, ўша тўласин». Йўлакни таъмирлаш учун бир марталик бадални ким тўлаши керак?

– Уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун жавобгарлик турар жой мулкдори зиммасидадир. У муайян ишларни бажаришга бир маротабалик бадалларни тўлаши керак.

 

Квартирада яшовчи ижарачилар умумий мол-мулкка зарар етказаётганлиги учун бошқарув ижарага берувчига оширилган бадал белгилаши мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас. Умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадал миқдори ХУМШнинг барча аъзолари учун бир хил. Ижарага олувчининг умумий мол-мулкка зарар етказганлиги учун жавобгарлик ижара шартномасида қайд этилиши керак. Агар у қайд этилмаган ва бошқа мулкдорлар ёки ширкат мол-мулкига зарар етказилган бўлса, турар жой эгаси – ХУМШ аъзоси уни ўз ҳисобидан қоплаши шарт (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарори билан тасдиқланган Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати намунавий уставининг 6.2-банди).

 

Ширкат ижарага олувчидан умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар бўйича турар жой эгасининг қарзини тўлашини талаб қиляпти. Ижарачи унинг қарзини тўлаши керакми?

– Агар ижарага берувчи ижара шартномаси бўйича умумий харажатларда иштирок этиш мажбуриятини ижарага олувчига ўтказган бўлса, мажбурий бадалларни тўлаш масъулияти ижарачининг зиммасида бўлади (УКнинг 132-моддаси; Қонуннинг 30-моддаси). Бироқ ижарага олувчи унга ижара шартномаси бўйича берилган умумий харажатларда иштирок этиш бўйича мажбуриятларни бажармаса ёки лозим даражада бажармаса, ширкат олдида турар жой мулкдори жавобгар бўлади.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2709 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика