Norma.uz

Ечиш мушкул бўлган масала ечиляпти

Пойтахт ХУМШлар уюшмаси (бундан кейин – Уюшма) Чилонзор туманидаги молиявий жиҳатдан берк кўчага кириб қолган ширкатларни санациялашга киришди. Шаҳар Уюшмаси муассиси бўлган «Альфа Лира Коммунал» бошқарувчи компанияси (БК) 8-мавзедаги 17 та кўп қаватли уй учун инқирозга қарши фаолиятни бошқарувчи ҳисобланади. БК 3 та ширкатни чуқур инқироздан олиб чиқиш тадбирларини ишлаб чиқиб, уларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Кўп квартирали уйлардан иборат бўлган уй-жой фондига кўп йиллардан бери хизмат кўрсатиб келаётган, кўп синоатларни бошидан кечирган профессионал компания учун ҳам ушбу ХУМШлар тушиб қолган вазият ечими қийин бўлган масалага айланди. Бироқ 2,5 ой ичида ширкатларни соғломлаштирувчи «халоскорлар» эришган натижалар тўғрисида гапириш мумкин.

 

«Қутқарув» операцияси қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида
Тошкент ХУМШлар уюшмаси бош мутахассиси Раиса ЛИ
ҳикоя қилади.

 

«ҚУТҚАРУВ» ОПЕРАЦИЯСИ

– Ҳаммаси Чилонзор 8-мавзесида яшовчиларнинг ширкатлар ёмон ишлаши, ҳудуднинг қаровсизлиги хусусида қилган шикоятларидан бошланди. Очиғини айтганда, шикоятлар сони кундан-кунга ошиб кетди. Туман ҳокимлиги, шаҳар ва туман ХУМШ уюшмалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, бошқа тузилмалар мавзеда ҳашар уюштириб, аҳолига ҳудудни эпақага келтиришда ёрдам бердилар. Кейин вазиятни яқиндан ўрганиб, лол қолдилар. Маълум бўлишича, 11 та уйни бирлаштирган ва «Роза Стар Сервис» БК хизмат кўрсатадиган 2 та ширкат халос бўлишга ҳеч қандай истиқболни кўрмай ботиб бормоқда экан. Компания раҳбарлари амалда ушбу уйлар билан ҳеч қанча шуғулланмаганлар. Зеро улар бошқарувчи компаниядан ташқари ана шу икки ширкатга ҳам раҳбар эдилар.

Мавзеда Уюшма вакиллари пайдо бўлганда ана шу ношуд раҳбарлар компанияни ҳам, ширкатларни ҳам ўз ҳолига ташладилар. «Роза Стар Сервис» БКнинг собиқ раҳбарияти йўл қўйган ҳуқуқбузарликлар кўп қаватли уйларда яшовчиларни уй-жой-коммунал соҳада боши берк кўчага киритиб қўйди. Бадаллар квартираларни айланиб юриб тўпланарди. Улар ҳисоб-китоб рақамига келиб тушмасди. Аҳолига бериладиган квитанцияларда бир ХУМШ номи ёзилиб, унга бошқа ХУМШнинг муҳри босиларди. Ширкатларнинг ҳаммаси жуда катта қарзларга эга бўлиб, картотекага тушган эди. Томлар, муҳандислик коммуникациялари ғоятда аянчли аҳволда эди. ХУМШлар кечиктирилган кредитларга эга эди. Олинган қарз эвазига ишлар бажарилмасди. Чунончи, 85 квартирали тўққиз қаватли уй бадаллар бўйича 17 млн сўм қарзга ботган эди. Ана шу пулга томни мукаммал таъмирласа бўларди. Ширкатлар уставларга, ишлар режалари, сметалар, бирор-бир бошқа ҳужжатларга эга эмас эди. Собиқ раҳбарият уларнинг ҳаммасини одамларнинг кўз ўнгида ёқиб юборган.

Туман ҳокимлиги унга «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) билан берилган ҳуқуқдан фойдаланди. Унинг 19-моддасида назарда тутилишича, бошқарув раиси ва бошқарувчи (ижрочи директор) ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этмаган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ХУМШ умумий йиғилишига бошқарув раисини чақириб олиш ҳамда бошқарувчини (ижрочи директори) лавозимидан озод қилиш тўғрисида таклиф қилиш, шунингдек ана шу лавозимларга номзодларни тавсия этишга ҳақлидир. Қонуннинг 20-моддасида белгиланишича, ширкат қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган тақдирда ХУМШ аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан чақирилиши мумкин. ХУМШлар уюшмаси ширкатлар билан маҳаллий давлат ҳокимияти органи ўртасидаги воситачи ҳисобланиши сабабли ҳокимлик унга қонунга асосланиб ишлаш ва уйни тартибга солишда ёрдам беришни топширди.

Муаммоли ширкатлар аҳволидан бохабар бўлиш учун Уюшма ҳузуридаги бошқарувчи компаниянинг чекланган контингенти 8-мавзега – раҳбарлар ташлаб кетган «Роза Стар Сервис» БКнинг собиқ офисига кўчиб ўтди. Унга жойлашиш учун комиссия тузилди, чунки эшикни бузишга тўғри келган эди. Хона бўм-бўш бўлиб чиқди: на бирорта ҳужжат, на жиҳозлар, материаллар бор эди. Ҳолбуки компаниянинг шерик муассиси бўлган «Ўзтелеком» АК унга 68 млн сўм сарфлаган эди. Ана шу пулга офис таъмирланган, 2 та компьютер, материаллар, пайвандлаш ва газ билан пайвандлаш аппаратлари, бошқа асбоб-ускуна ва анжомлар харид қилинган эди. Буларнинг ҳаммаси аллақаёққа ғойиб бўлибди.

 

АВВАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛАДИ, ҲАҚИ ҚАЧОН ТЎЛАНАДИ?

Ширкатларга ёрдамга келган «Альфа Лира Коммунал» БК ишни уйлар аҳолисининг йиғилишларини ташкил этишдан бошлади. Аҳоли бизни ёқтирмасдан, нохушлик билан кутиб олганлигини эътироф этиш керак. Муайян даражада ишончсизлик ҳисси бугун ҳам сезилади. Баъзилар: «Ҳаммангиз ўғрисиз, йиғиб-териб олиб қочасиз» дейишди. Бошқалар: «Ахир бу ширкатлар ва бошқарувчи компанияни зимдан босиб олиш-ку» дея эътироз билдиришди... Бундоқ қараганда, уларни тушуниш мумкин. Кўп йиллардан буён уйларда ҳеч нарса ўзгартирилмаган. Пуллар изсиз йўқолган. Буюртма ва шикоятларга ҳеч ким эътибор бермаган. Энди эса бегоналар келиб, ўзгариш киритишларини ваъда қилишаяпти. Албатта, уй-жой ходимлари тўғрисидаги бир қолипга тушган фикр – алдашмоқда, фойдаланиб қолишмоқчи деган фикр ҳам ўз ролини ўйнади. ХУМШларни йиллар мобайнида хароб қилиб келган, бадаллар тўламаган кишиларга компания хусусида салбий фикр туғдириш фойдали эди. Вазирлар Маҳкамаси, прокуратура, ҳокимликка шикоятлар ёзилди: «Шаҳар Уюшмасининг раҳбари 8-мавзеда ХУМШ раисларини тўплади, уларга БК билан ҳеч нарса қайд этилмаган хизмат кўрсатиш шартномаларини топширди, буйруқ бериб уларни тузишга мажбур қилмоқда. Бу эса ХУМШ ишларига аралашишдан бошқа нарса эмас». Аслида эса ширкатлар фаолиятини қандай қилиб яхшилаш, аҳоли кўп қаватли уйга қандай қилиб: ўз кучлари билан ёки профессионал компания ёрдамида хизмат кўрсатиш ниятида эканлиги тўғрисида сўз борарди.

Тушунтириш ишидан кейин ширкатлар бошқарувни қайта сайладилар, раислар ва ижрочи директорлар масаласини ҳал қилдилар. Бошқарувчи компания ХУМШнинг молиявий ҳужжатларини тиклай бошлади. Буни банк ва туман солиқ инспекцияси орқали қилишга тўғри келди. 5 та уйдан иборат «Ҳамкор Бирдамлик» ХУМШда картотека 54 млн сўмни ташкил этиши, шундан 47 млн сўм кечиктирилган кредит эканлиги аниқланди. 6 та уйдан иборат «Гавҳар Умид Коммуналчи» ширкатида 17 млн сўмлик кредиторлик қарзи ва 30 млн сўмлик кечиктирилган кредит борлиги маълум бўлди. Иккала қарзни ҳам 2015 йил ноябригача узиш керак бўлиб, буни амалда бажаришнинг имкони йўқ эди.

Ширкатлар БК билан тўлиқ хизмат кўрсатиш шартномасини тузишди. Улар ўртасидаги муносабатлар шартнома асосида қурилиши керак: аввал пул – кейин хизмат. Яъни ХУМШ хизматларни буюртиради ва ҳақини тўлайди, компания эса уларни бажаради. Бироқ ҳисобварақларда пул бўлмаса, кишилар йиллаб бадал тўламаган бўлсалар, қандай қилиб уйни тартибга келтириш мумкин? Картотека ва кечиктирилган кредитлар – ишнинг кўзини билмай бошқариш, қонунларни бузиш натижаси ана шундай бўлган. Бу ширкатни хонавайрон қиладиган оғир юк.

Эски кредитларни қайта таркиблаш тўғрисида келишувга эришилди. Бошқарувчи компания ХУМШлар фаолиятига аралашишга, улар фаолиятини назорат қилишга ҳақли эмас. Бироқ маслаҳат бериши, таклиф қилиши мумкин, чунки уларнинг тўловга қобил бўлишидан манфаатдор. Бозор иқтисодиёти қонунларига зид равишда БК уйларга қарз эвазига жорий хизмат кўрсата бошлади. Бу эса анча таваккалли иш, тижорат тузилмаси учун очиқдан-очиқ зарар эди. Зеро қўйилган маблағлар қайтишига 100 фоизлик кафолат йўқ. Фақат аҳолининг бадал тўлай бошлаши ва қарзни узишига умид бор эди.

 

ТОМ, ҚУВУР ВА КРЕДИТЛАР

Аҳолига бадалларни ўз вақтида тўлашнинг муҳимлигини тушунтириш керак эди. Фақат шундагина иш ўрнидан силжирди. Бошқарувчи компания раислар, бошқарув аъзолари, ижрочи директорлар ва уй қўмиталари раислари орқали уй аҳли билан алоқа ўрнатди. Улар БК офисига келиб, уй хўжалиги масалаларига қизиқа ва маслаҳатлаша бошладилар.

Қиш ҳам келиб қолди, уйларда эса томдан чакка ўтади, коммуникациялар яроқсиз ҳолга келган, таъмирлашга пул йўқ. Хоҳламасакда, кредит олмай иложимиз йўқ эди. Буни эса кишиларга тушунтириш керак эди. «Гавҳар Умид Коммуналчи» ширкатида аҳоли билан ишлаш яхши натижалар берди. 2 ой ичида у картотекани (17 млн сўм) сўндирди, ҳисобварақда маблағ пайдо бўлди. ХУМШ аъзолари кредит олишга рози бўлишди, аксинча йўл тутиш мумкин эмас эди. Қарз туфайли 2 ой ичида уйларда жуда катта иш қилинди. Буюртмалар асосида чакка ўтган барча томлар янгидан қопланди. Тўрт қаватли уйда иссиқлик узели янгиланди. Квартираларнинг устунларини алмаштириш белгиланди. Иккита уйда ертўладаги иссиқ сув таъминоти тизими тўла янгиланди.

Ана шу ширкатда бир уй бошқа уйлардан сезиларли равишда ажралиб турарди. Унда яшовчилар мунтазам равишда ниманидир ўз ҳисобларидан таъмирлашар, йиғилишиб уй хўжалиги масалаларини муҳокама қилишар эди. Улар ХУМШдан чиқиб, бир уйли ширкат ташкил этишни хоҳлашар, бироқ буни қандай бажаришни билишмасди. Бошқарувчи компанияда уларга шундай дейишди: «Ширкатдан чиқишни хоҳлайсизми – марҳамат, ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берамиз». Бироқ шу пайтга келиб ширкатда ўзгаришлар бошланди. Кишилар ўйлаб кўриб, ширкатда қолишга қарор қилишди. Бизга ишонишди.

«Ҳамкор Бирдамлик» ХУМШда ҳам кишилар аста-секин бадалларни тўлай бошлашди, бироқ ҳозирча барча тушумларни катта картотека «еб қўймоқда». Қарз эвазига жорий хизмат кўрсатиляпти. Кредит ҳисобига муҳандислик коммуникациялари алмаштирилди.

Асосий ютуғимиз – бизга одамлар ишона бошлаганида. Ҳатто дастурхон атрофига ҳам йиғилдик. Бундай норасмий мулоқот эса доим ишнинг фойдасига хизмат қилади. Мавзедаги уйларда ўзгаришлар юз бераётганлигини кўриб, қўшни «Манзур Таъмир» ХУМШдан (6 та уйга эга) уй қўмитаси раислари келиб, уларга хизмат кўрсатишимизни илтимос қила бошлашди. Уларга шундай дедик: «Йиғилиш ташкил этинглар, гаплашамиз. Агар аҳоли тайёр бўлса, марҳамат, хизмат кўрсатиш шартномасини тузинг». Ширкат ҳам айни шундай қилди. Уларнинг уйларидаги аҳвол ҳам танг. Томлардан чакка ўтади, муҳандислик коммуникациялари бутунлай яроқсиз. Ҳокимлик, маҳалла қўмитаси, Уюшма ёрдамида аҳоли янги бошқарув, раисни сайлади. Ҳозир биринчи навбатдаги ишлар ҳисоб-китоб қилиняпти, кредит олиш масаласи кўриляпти.

Биринчи ойда яшовчилардан бирорта буюртманома тушмади, бамисоли уларнинг ҳеч қандай муаммолари йўқдай. Аслида эса кишилар шикоят қилишдан зада бўлишган, чунки ҳеч ким уларнинг мурожаатларига муносабат билдирмаган. Энди эса улар ўзгаришларни кўришди, бир нима бўлса бошқарувчи компанияга югуриб келишади. Илгари мавзеда ишлаган электрик, слесарларни БКга ишга қабул қилдик. Улар масъулиятли йигитлар, ўз ишларини ва ҳар бир уйдаги вазиятни биладилар. Бироқ асосий натижа – кишиларнинг аста-секин ХУМШни бир киши саъй-ҳаракати билан эмас, балки барчанинг баҳамжиҳат иши билан гуллаб-яшнашини англай бошлаши бўлди. Улар қандай қарор қабул қилишса, у амалга оширилади, биз уларга буни англаб етишда ёрдам бердик. Агар ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак, демак – ҳаммаси ўз изига тушади.

 

Раиса ЛИ:

– Профессионал бошқарувчи компанияларнинг асосий муаммоси – кадрларнинг йўқлиги. Бугун БК раҳбариятида орасида уй-жой соҳасидан четда бўлган кишилар: супуриб-сидирувчилар, ошпазлар, фельдшерлар, сотувчилар ва бошқаларни кўриш мумкин. БК раҳбари уй-жой соҳаси мутахассиси бўлиши керак. Ушбу фаолиятни лицензиялаш лозим.

Ширкатларнинг раҳбарларини ўқитиш, турар жой мулкдорларига уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш масаласи долзарблигича қолмоқда. ХУМШ уюшмаларида бунинг учун маблағ йўқ. Агар БКлар профессионал компаниялар бўлганда улар ширкатларнинг аъзолари билан тренинглар ўтказишлари, ХУМШларга бундай хизматларни таклиф этишлари мумкин бўларди.

Тошкентда 200 дан ортиқ бошқарувчи компания бор, бироқ уларнинг хизматларига етарлича талаб йўқ. Улар бир уйли ва кичик ХУМШларга мўлжалланган. Бироқ кейинги вақтда пойтахтда ширкатларни йириклаштириш тамойили кўзга ташланмоқда. Бу «натурал хўжаликлар» барпо этилишига, самарасиз хизмат кўрсатишга олиб келади. Бир уйли ширкатлар уларга тўлиқ хизмат кўрсатилишига ҳаракат қилмаяптилар, компанияларга бир маротабалик хизматларни буюртиришни афзал кўряптилар.

Прочитано: 1879 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика